Аҳоли саломатлиги йўлида фақатгина тиббиётчилар эмас, барчамиз масъулмиз

5 Февраль, 14:18 • Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 153 марта кўрилди • Комментариев к записи Аҳоли саломатлиги йўлида фақатгина тиббиётчилар эмас, барчамиз масъулмиз нет

Ҳозирги кунда ОИВ инфекцияси бўйича юзага келган эпидемиологик вазиятни ва ОИВ инфекциясига карши олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар ҳолатини таҳлил қиладиган бўлсак, кейинги йилларда мамлакатимиз, жумладан вилоятимиз ҳудудига айрим оғир, ўлим билан тугайдиган, бедаво  юқумли касалликларни, жумладан ОИВ — инфекцияси — ОИТСни кириб келиши ташвишланарли ҳолатдир. Чунки бу инфекциянинг аҳоли ўртасида тарқалиши давлатимизга катта иқтисодий ва ижтимоий зарар келтириши мумкин.

ОИВ инфекциясини тарқалиш сабаблари таҳлил қилинганда, бу касалликни 60 % дан ортиқ қисми жинсий йўл билан тарқалаётганлиги аниқланган. Касалланганлар ўртасида асосан ёшлар ва чет давлатларга ишлаш учун бориб келган меҳнат мигрантлари кўпчиликни ташкил қилиб, ўтган йилларда кассалланганларни ичида уларнинг салмоғи 40 % ни ташкил қилмоқда.

Яқинда имзоланган давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда ОИВ вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борада олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларимизни янада кучайтиришимиз зарурлигини исботлади.

Эндиликда оила қуриш ёшидаги фарзандларимизнинг таълим ва тарбиясига катта эътибор қаратишимиз, уларни софлик, маънавий поклик, вафодорлик, содиқлик каби туйғулар билан тарбияламоғимиз соғлом келажак учун фойдадан ҳоли бўлмайди. Ёшларни пала-партиш жинсий ҳаёт кечиришдан сақлаб, бундай салбий ҳолатлар асоратлари тўғрисида  кенг ташвиқот қилишнинг янги усулларини жорий этишимиз лозим.

2018 йилнинг июль ойидан бошлаб ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш билан шуғулланувчи туманлараро диагностика лабораториялари ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари таркибига киритилиши ва марказларга ушбу лабораторияларни молиялаштириш, моддий-техник таъминлаш ҳамда фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш вазифалари юкланиши соҳа вакиллари учун янада қулайлик яратди.

Ҳозирги давр талаби биздан шуни тақозо этмоқдаки, “Ўзбекистонда ОИВ вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор ижросини таъминлашда маҳалла асосий назорат ҳудуди бўлмоғи зарур. Касалликдан биринчи воқиф бўлгувчи ва унинг тарқалишидан зарар кўрувчи асосий нуқта оилалар маскани бўлган маҳалла ҳисобланади. Маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган раислар, маслаҳатчилар қанчалик бу касаллик тарқалишига нисбатан муросасиз, тажрибали ва фидойи инсон бўлсалар, оилалар келажаги хавфсизлиги шунчалик ишончли таъминланади. Шу билан бирга касаллик тарқалишини олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ички ишлар ва тиббиёт ходимларининг узвий ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилса, чет эллардан ишлаб қайтиб келган меҳнат мигрантлари ўз вақтида аниқланиши, тўлиқ рўйхатга олиниши, уларни тиббий кўрик ва ОИВга лаборатория текширувидан ўтишга йўналтириш ишлари самарали амалга оширилади.

Халқимизга хос бўлган ор-номус, уятчанлик, чидамлилик ҳислатлари бу касаллик борасида улар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабдан шифокорларимиздан кўнгилли гуруҳлар тузиб, сайёр семинарлар, сайёр тиббий кўриклар ташкил этиш ҳам яхши натижа бериши мумкин.

Зеро, Президентимизнинг ушбу қарори аҳоли саломатлиги йўлида ишлаб чиқилган экан, унинг ижросини таъминлашда фақатгина тиббиётчилар эмас, барча фуқаролар масъулмиз.

Мўйсинжон МЕХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати,

Қувасой “Building қўшма корхонаси раҳбари

Аҳоли саломатлиги йўлида фақатгина тиббиётчилар эмас, барчамиз масъулмиз was last modified: Февраль 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »