Аҳоли саломатлигини сақлаш – энг муҳим вазифа

1 Февраль, 09:15 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 203 марта кўрилди • Комментариев к записи Аҳоли саломатлигини сақлаш – энг муҳим вазифа нет

“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун”. Ҳар сафар мана шу ажойиб шиор ҳақида ўйлаганимда беихтиёр мамлакатимизда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўз олдимга келади. Айниқса, кейинги бир ярим йил мобайнида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кадрлар масаласидан тортиб моддий-техник негизни мустаҳкамлашгача, тизимни мақбуллаштиришдан дори-дармон таъминоти-ю хориждаги ҳамкасблар билан тажриба алмашишгача – ҳамма-ҳаммаси диққат марказида турибди. Бундай юксак эътиборнинг замирида юртимизнинг энг катта бойлиги – инсонлар ҳақида ғамхўрлик ётгани барчамизни қувонтиради.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, соҳада олиб борилаётган ишлар “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида кўтарилган масалаларга ҳам мос тушади. Бу ўринда  мазкур ҳужжатнинг “Ижтимоий ва гуманитар соҳаларни янада демократлаштириш – аҳоли фаровонлигининг асоси” бўлимига мурожаат қилиш мумкин. Унда партиямиз  соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш каби қатор вазифалар қўйилган.

Буларни мен раҳбарлик қилаётган Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг кўп минг кишилик жамоаси ҳам чуқур англаб етган ҳолда меҳнат қилмоқда. Хусусан, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни кучайтириш, ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун эса албатта, тиббий кўрикларни мунтазам ва ўз вақтида ўтказиш, уларнинг натижалари юзасидан тегишли ва самарали фаолиятни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Наманганлик тиббиётчилар яқинда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ҳам пухта ўрганиб чиқиб, унда қўйилган вазифаларни бажаришга астойдил киришдилар. Бу ҳужжат билан танишар экансиз, халқимизнинг соғлиғини янада мустаҳкамлаш, етук ва баркамол авлодни тарбиялашни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.  Айни  вақтда мамлакатимизда энг такомиллашган ва замонавий шарт-шароитларни яратишга, тиббий хизматлар сифатини янада оширишга жиддий эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбарининг ҳар бир нутқида ҳам сезилиб турибди. Одамлар  ўз ҳаётидан рози бўлиши учун энг аввало унинг сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш зарурлигини қайта-қайта таъкидланаётгани бежиз эмас.

Мана шу йўналишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят филиаллари қатори туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, тез тиббий ёрдам станциялари ва санитар авиацияси хизматининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар йили шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида 600 мингдан ортиқ бемор стационар даволанмоқда, 1 миллиондан ортиқ кишига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан эса йилига 7 миллиондан ортиқ чақириққа хизмат кўрсатилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бунинг натижасида ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди. Тез тиббий ёрдамнинг сайёр бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш кўрсаткичи 2 баравар кўпайди.

Аммо шу билан бирга, биз шифокорларга боғлиқ бир қатор масалалар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ҳозир биз тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ҳали-ҳануз замонавий талабларга тўла жавоб бера олади, дея олмаймиз. Тиббиёт ходимларининг малакасини тўхтовсиз  ошириб боришда муаммолар бор. Сайёр бригадаларнинг бир марта қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги қониқарсиз даражада қолмоқда. Демак, олдимизга қўйилган вазифаларни тўла-тўкис адо этиш учун кўп иш қилишимиз лозим. Биз ҳар бир тиббий муассасада бу борада зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқдик ва амалга оширишга киришдик. Тез орада уларнинг самараси кўзга ташланиб қолади.

Бугунги кунда шаҳримиз аҳолиси сони 564 мингдан зиёдни ташкил этади. Уларга бешта шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника, 13 та оилавий поликлиника хизмат кўрсатмоқда. Замон талабидан келиб чиқиб, ҳар бир поликлиникада тез ёрдам бўлимлари фаолият кўрсата бошлади. Патронаж хизматларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Абдували МАВЛАНОВ,

Халқ депутатлари Наманган вилоят

Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси,

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи

 

 

Аҳоли саломатлигини сақлаш – энг муҳим вазифа was last modified: Февраль 1st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »