“Адолат”чилар – инновацион технологиялар ташаббускори

15 Февраль, 16:06 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 152 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат”чилар – инновацион технологиялар ташаббускори нет

“Ўзбекнефтегаз”га қарашли “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти (собиқ химия заводи) Наманган шаҳридаги тўнғич саноат корхоналаридан. Унинг иш бошлаганига 75 йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, айниқса, карбоксилметилцеллюлоза (КМЦ) нафақат мамлакатимизда, балки бир қатор хорижий давлатларда ҳам ўз харидорини топди. Мустақиллик йилларида ҳам МЧЖ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга сифат кўрсаткичларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Корхонанинг асосий маҳсулоти ҳисобланган карбоксилметилцеллюлоза нефть ва газ саноатини ривожлантьиришда жуда катта аҳамиятга эга, — дейди “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Владимир Арутюньянц. – У ер ости бойликларини чиқариб олиш учун қудуқлар қазиганда темирбетон қоришмаларнинг пишиқлигини янада ошириш учун қўлланилади. Бусиз биронта кондан нефть ёки газ чиқаришни таъминлаб бўлмайди. КМЦ билан тўйинган қоришма қудуққа тушириладиган пўлат қувурларнинг атрофини мустаҳкамлайди, уларнинг ҳар қандай таъсирга ва босимга чидай олишига имкон беради. Шунинг учун маҳсулотнинг юқори сифатли бўлиши ҳар жиҳатдан жуда катта аҳамият касб этади.

“Карбонам” МЧЖ жамоаси бу борада илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилаётгани ҳам диққатга сазовордир. Хусусан, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш устувор вазифа саналмоқда. Яқинда бу ерда яна бир янгилик амалга оширилди. КМЦ цехида маҳсулот тайёрлашнинг моноаппарат усули ўзлаштирилди. Илгари бу жараён икки босқичдан иборат эди, энди эса бир босқичдаёқ мақсадга эришилади. Натижада энергия сарф-харажатлари камайибгина қолмасдан, сифат ҳам яхшиланади.

Бундан ташқари, илк марта пахта тозалаш, тўқимачилик саноати ва бошқа ишлаб чиқаришларнинг толасимон чиқитларидан хом ашё сифатида фойдаланган ҳолда юқори даражада тозаланган целлюлоза олинди. Уни полианионли целлюлоза деб ҳам аташ мумкин. Шунингдек, мазкур ишлаб чиқариш жараёни тўла маҳаллийлаштирилганлиги ҳам эътирофга лойиқдир.

Яна бир эътиборли томони шундаки, бу янгиликни жорий этишда корхона жамоасига Тошкент кимё технологияси институти олимлари ва мутахассислари ёрдам бердилар. “Карбонам” МЧЖ билан олий ўқув юрти қошидаги “INNOVATIVE CHEMIKAL TECHNOLOGIES” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган қиймати 350 миллион сўмлик  шартномага мувофиқ қарийб тўққиз ой мобайнида олиб борилган изланишлар ўз самарасини берди. Бу давр мобайнида профессор, кимё фанлари доктори Ғаффор Раҳмонбердиев бошчилигидаги гуруҳ қўйилган муаммонинг ечимини топиш учун изчиллик билан иш олиб борди.

Биз янги технологиянинг тақдимот маросимида тошкентлик олим ва тадқиқотчилар билан учрашдик. Шунда яна бир диққатга сазовор ҳолат аён бўлди. Яъни илмий изланиш олиб борган гуруҳ аъзоларининг деярли барчаси Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари экан. Маълум бўлишича, партиядошларимиз илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш юзасидан кенг миқёсдаги тадбирларни амалга ошираётган эканлар. “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорлик ана шу ишларнинг бир йўналиши экан.

— Олий ўқув юртимизда инновацион технологиялар ва ишланмалар яратиш масаласи ҳамиша диққат марказида туриб келган, — дейди институтнинг илмий ишлар бўйича проректори Шавкат Адилов. – Изланишларда эса нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабаларнинг ҳам фаол қатнашишига интилмоқдамиз. Бу эса мамлакатимиз тараққиётини инновацион йўлга олиб чиқишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Яна бир қувончли жиҳати – сафдошларимиз мана шундай илмий изланишлари билан партиямизнинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони”, “Адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастурининг рўёбга чиқарилишига ҳам кўмаклашмоқдалар. Мазкур ҳужжатда қайд этилганидай, “Адолат” СДП инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ”, деб ҳисоблайди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

“Адолат”чилар – инновацион технологиялар ташаббускори was last modified: Февраль 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »