Адолатчи аёллар баҳси

26 Февраль, 18:46 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 154 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолатчи аёллар баҳси нет

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, уларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, хуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олган. Партия ташаббуси билан ҳар йили анаънавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг мақсади ҳам партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш, партия тизимида оқила ва фаол аёллар сонини кўпайтириш, уларнинг тажрибасини кенг тадбиқ қилишдан иборат.

Ушбу танловнинг вилоят босқичи Самарқанд шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказида бўлиб ўтди. Танловда Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда кўрик-танловнинг дастлабки туман, шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган турли ёшдаги, ҳар-хил касбий ва ҳаётий тажрибага эга 12 нафар хотин-қизлар иштирок этди.  Иштирокчилар 3 та шарт бўйича ўз қобилиятларини томошабинлар олдида намойиш қилишди. Уларнинг ҳар бир шарт бўйича чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли тарзда баҳоланиб борилди.

Моҳира Носирова танловнинг Жомбой туман босқичи ғолиби:

 –Аёл бу – ОНА, Тарбиячи, Мураббий, Ёр, Опа, Сингил, дунё юкини елкасига олган, янги авлодни, янги инсонни шакллантирадиган буюк зот. Аёлнинг саломатлиги, тинчлиги – жамиятнинг тинчлигидир. Аёлнинг борлиги — дунёнинг мавжудлигидир. Аёл қачон бахтли бўлади? Қачонки юртида тинчлик, маъмурчилик, омонлик кўрса, ота-онаси, фарзандлари ва атрофдаги энг яқин инсонларнинг бахтли эканлигини, соғу-саломатлигини кўрса. Қилаётган меҳнати ортидан рағбат, эътибор, эҳтиром топса ўзини энг бахтли аёл деб билади. Мен ушбу тадбирда иштирок этаётганимдан жуда ҳам хурсандман. Чунки, аёл кишига кўрсатилган кичик бир эътибор ҳам гуё бир ғарибга дуру-жавҳар бериш билан тенг.

Танлов иштирокчиларининг фикрича, танловда улар учун энг мураккаб бўлган шарт бу — меёърий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги савол-жавоблар, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини демократлаштириш бўйича жорий этилган  ислоҳотларга баҳо бериш, деб ҳисобланди.

Мавжуда Санақулова танловнинг Пайариқ туман босқичи ғолиби: – Бугунги танлов учун анча ҳозирлик кўрган бўлсамда, тадбир давомида гувоҳи бўлдимки “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” номи учун номзодларнинг ҳар бири муносиб. Бугун мамлакатимизда яратилган шароит, берилган имкониятларда оқилона фойдаланган нафосат, малоҳат, иффат-у ҳаё, меҳр-муҳаббат, ҳалоллик ва жамики гўзал фазилатларни ўзида мужассам этган аёлларимиз, нафақат оилада меҳрибон она, жафокаш аёлгина бўлиб қолмай, юртимиз  тараққиёти, фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнатлари билан кўпчиликка ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган опа-сингилларимиз билан ёнма-ён турар эканман, ҳаттоки ўйлаб қолдим, менга охиридан иккинчи ёки учинчи ўринни беришса ҳам майли деб.

Учинчи шарт эркин мавзу шартини бажаришда ғолибаликка номзодлар томошабинлар ҳайрати ва муҳаббатини қозониш мақсадида ўзларини муносиб кўрсата олиш қирралари ҳамда ижодий истеъдодларини намойиш қилишди. Пастдарғом туманидан келган иштирокчи Зебо Тураеванинг меҳр оқибат, эзгулик ҳақидаги ҳикматли сўзлари, ғазаллар томошабинлар юрагида ажиб ҳисларни уйғотиб, ҳатто кўзларида ёш қалқитган бўлса, Ургут туманидан ташриф буюрган иштирокчи Зоҳида Элмуродованинг тановарга рақси барчанинг олқишига сазовор бўлди, ҳакамлар ҳайъати учун ғолибани аниқлаш осон бўлмади, сабаби иштирокчиларнинг ҳар бири совриндор бўлишга лойиқ эдилар, аммо барча шартларда ҳам Каттақўрғон шаҳридан келган иштирокчи Мунаввар Каримова ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги билан алоҳида ажралиб турди ва танлов якунига кўра республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир якунида кўрик-танловнинг барча иштирокчилари Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотиларнинг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Адолатчи аёллар баҳси was last modified: Февраль 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »