Аграр соҳада замонавий технологиялар

13 Февраль, 17:32 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 209 марта кўрилди • Комментариев к записи Аграр соҳада замонавий технологиялар нет

Республикамизда қишлоқ хўжалигининг истиқболи хусусида гап борганда андижонликлар тажрибаси алоҳида эътироф этилади. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида андижонлик олим ва ихтирочилар ана шу мактабни янада мустаҳкамлаш ҳаракатида. Қувонарлиси, улар орасида Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари кўпчиликни ташкил этади.

Партиядошимиз Давлатхон Муқимова Андижон қишлоқ хўжалик институтининг изланувчан ёш олималаридан бири. У 2005 йили агроинженерия факулътетини тамомлагач, устозлари кўмагида илмий фаолиятини бошлади. Ерларни экишга тайёрлашда фойдаланиладиган техникаларнинг самарадорлигини ошириш, қулай ва камхарж технологиялар яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Дадаси Каримжон ака раҳбарлигидаги фермер хўжалиги далаларида дастлабки тажрибаларини ўтказди.

– Янги ҳайдалган ерларни экишга тайёрлаш ишлари тишли ва дискли тиркамалар ҳамда мола-текислагичлар ёрдамида кўп марталаб амалга оширилмоқда, – дейди Д.Муқимова. – Бу ўз-ўзидан тупроқнинг физик-механик хоссаларини ёмонлашуви, намнинг йўқолиши, ёнилғи сарфи ва бошқа харажатларни кўпайтиради. Шу сабаб комбинациялашган машинанинг саноат нусхасини яратишга эътибор қаратдим. У бир вақтнинг ўзида ҳайдов қатламини тўлиқ зичлаш, даланинг юза қисмини текислаш ва майдалаш ишларини амалга оширади

Ёш ихтирочи яратган машинанинг конструкцияси мутахассислар томонидан маъқулланди. Бу фермер хўжаликларининг раҳбарларида ҳам қизиқиш уйғотди. Дала синовларида қатнашган олимлар уни қўллаб-қувватладилар. Айниқса, ерларни такрорий ва кузги буғдой экишга тайёрлашда қўл келиши, ҳар гектар майдонга ишлов беришда ёнилғи сарфи 1,75 килограмм, меҳнат сарфи 33,8 фоиз ва эксплуатация харажатлари 27,8 фоизга камайиши эътироф этилди.

  Изланувчан сафдошимизнинг меҳнатлари ўз баҳосини топмоқда. Республика хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллар уюшмаси томонидан ўтказилган «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» I республика танловининг Андижон вилоят босқичида Давлатхон Муқимова юқоридаги иши билан ғолиблар қаторидан ўрин олди ва танловнинг республика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлди. Бу албатта, уни янги ғоялар устида иш олиб боришга бошламоқда.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят Кенгаши матбуот котиби

Аграр соҳада замонавий технологиялар was last modified: Февраль 13th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »