Ҳал қилинаётган муаммолар ёхуд таъмирталаб йўллар ва бинолар назоратда

23 Февраль, 13:08 • Депутатлик гуруҳи, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 107 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳал қилинаётган муаммолар ёхуд таъмирталаб йўллар ва бинолар назоратда нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров ҳамда партия фракцияси аъзолари Даврон Тангиров, Ёрмамат Холиёров Узун туманидаги маҳаллаларда, хонадонларда аҳоли билан суҳбатлашиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Узунқишлоқ” МФЙ ва бошқа бир қатор маҳаллаларда фуқаролар билан суҳбатлашди, аниқланган муаммоларнинг аксариятини ўз жойида ҳал этишга эришилди.

Маълумки, ўтган йилнинг июнь ойи бошида фракция раҳбари Н.Умаровнинг ташаббуси билан ушбу маҳалладаги мавжуд сув иншоотларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилишга доир лойиҳа асосида “Узунқишлоқ”да 2 та сув қудуғи таъмирланиб, 2 та сув насоси ўрнатилган, ичимлик суви таъминоти яхшиланган эди. Фракция раҳбари бошчилигидаги депутатлар мазкур сув иншоотининг айни пайтда қандай ишлаётганига ҳам қизиқишди. Мазкур сув иншоотидан нафақат “Узунқишлоқ” аҳли, балки “ўунча” қишлоғида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам фойдаланишмоқда. Депутат Н.Умаров билан бўлган мулоқот чоғида икки қишлоқ аҳолиси сув таъминотининг яхшиланганидан мамнунлигини айтиб, айни пайтда сув минорасида электр ҳисоблагич билан боғлиқ муаммо борлигини баён этишди. Н.Умаров туман электр тармоқлари корхонаси мутасаддилари билан ушбу масалада фикрлашиб, муаммо ҳал этиладиган бўлди.

— “Адолат” партияси кўмаги билан икки қишлоқ аҳли тоза сувдан баҳраманд бўлмоқда, — деди меҳнат фахрийси Иномжон ота Умрзоқов. — Авваллари ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг совуқ кунларида узоқ йўл юриб, сув ташиб келтирилар эди. Биз, кексалар маҳалламиз учун хайрли ва савобли ишлар қилаётган фидойи инсонларга раҳмат айтамиз.

Партия фракцияси раҳбари Н.Умаров туман ҳокимлигида ўтказган қабул жараёнида тумандаги “Қорашиқ” маҳалласидан келган фуқаро Тоҳир Ҳакимов чорва молларини боқиш учун яйлов ажратиб бериш масаласида кўмак сўради. Ушбу масалани тез орада ҳал этишни туман ҳокимлиги мутасаддилари ўз зиммасига олишди.

Ишчи гуруҳи томонидан туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги шарт-шароитлар, дори-дармон билан таъминланиш ҳолати ўрганилиб, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашилди. Муассаса атрофини ободонлаштириш, умумий тозалиги бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Умумий терапия болалар бўлимида кўрсатилаётган тиббий хизмат ва дори-дармон таъминоти билан танишиш чоғида муассасада етарли бўлмаган дори-дармонларни ўз вақтида таъминлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Н.Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳининг тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимида ўтказган ўрганишларда дори-дармонлар етишмовчилиги кўзга ташланди. Туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари билан ушбу муаммони ҳал этиш чоралари белгиланди

Ишчи гуруҳи “Янги куч” МФЙда қурилиб ногиронлиги бўлган фуқароларга топширилган намунали арзон уйлардаги шароитларни кўздан кечиришди. Суҳбат чоғида фуқаролар баъзи хонадонларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш зарурлиги, баъзи хоналарнинг таъмирталаб бўлиб қолаётганидан шикоят қилишди. Ушбу мурожаатларни туман ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда туман қурилиш ташкилоти кечиктирмасдан ҳал этиш чораларини кўриши, бу борада назорат ўрнатилиши қайд этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Ҳал қилинаётган муаммолар ёхуд таъмирталаб йўллар ва бинолар назоратда was last modified: Февраль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »