Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

22 Февраль, 15:13 • Депутатлик гуруҳи, Жиззах вилояти, Янгиликлар • 249 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор нет

Жадал суръатда тараққий этаётган даврда ҳар бир соҳанинг мутасадди вакиллари қатори маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳам ўз фаолиятини замон билан ҳамнафас ҳолда олиб бориши, халқимиз турмушида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда тегишли маҳаллий ҳокимликлар ва улар тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига таклифлар билан чиқиши орқали изчил бартараф этиш зарурияти туғилмоқда.

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклиф ва мурожаатларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Шу мақсадда партия депутатлик гуруҳи томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган 2017 йил мобайнида партиянинг шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан фуқаролардан келиб тушган 30 дан ортиқ мурожаатлар асосида тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича асосланган тушинтириш бериш ёки ўз пазициясини баён қилиш талаби билан жами 18 та депутатлик сўровлари юборилган. Улардан 5 таси қонун ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижросидаги депутатлик назорати бўйича, 13 таси фуқаролар мурожаати асосида ҳал этилган шикоятлар бўйича киритилган депутатлик сўровларидир. Ушбу юборилган депутатлик сўровларининг 10 таси ижобий ҳал этилиб, қолган 8 та сўровни ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Депутатлик гуруҳи раҳбари Д.Ҳакимова томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да  25 дан ортиқ турли хил мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашига 28-Пахтакор сайлов округидан сайланган депутат Автов Нишонова томонидан “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини К.Ёрматов кўчаси 102 уйда яшовчи, II гуруҳ ногирони фуқаро Носиров Бахтиёр, шунингдек шу кўчада истиқомат қилувчи 105 уйда яшовчи Эгамбердиев Суннатулло, Сарбон кўчаси 52 уйда истиқомат қилувчи Ропиева Шаҳло, К.Ёрматов кўчаси 82 уйда яшовчи, боқувчисини йўқотган Солиева Раъноларга фуқаролар йиғинидан моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати юзасидан “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига депутатлик сўрови юборилган. Мазкур депутатлик сўровида кўрсатиб ўтилган масала фуқаролар йиғини ҳузуридаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, фуқаролар Б.Носиров, С.Эгамбердиев, Ш.Ропиева, Р.Солиеваларга моддий ёрдам тайинланди.

Қолаверса А.Нишонова кўмаги билан 5 нафар уюшмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар Жиззах “Текстил” МЧЖ хорижий корхонасига, яна 2 нафари ўз мутахассисликлари бўйича турли соҳаларга ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, 15 — Cўғдиёна сайлов округидан сайланган депутат Хайрулла Атаев томонидан “Жиззахшаҳаргаз” корхонасига Жиззах шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш масаласида юборилган депутатлик сўрови  ўрганиб чиқилиб, ушбу маҳалладаги 70 та хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланишига эришилди. Шунингдек, депутатлик гуруҳи кўмаги билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларидан 12 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.

Жиззах шаҳрининг энг катта муаммоларидан бири бўлган “Электр таъминоти тизимини ривожлантириш” дастури бўйича трансформатор пунктларини мукаммал таъмирланиши, “Табиий газ таъминоти” дастури бажарилиши ҳам назоратга олинди.

Дарҳақиқат, бугунги давр ҳар бир депутатдан ўз фаолиятини тубдан ўзгартириб, партиянинг Устави ва сайловолди Дастури асосида иш олиб боришни, сайловчиларнинг манфаатларини доимо ҳимоя қилишни, халқ дарди билан яшашни талаб этар экан, бу эса келгусида депутатлардан янада фаоллик ва ташаббускорликни, қолаверса, халқ манфаати йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солишини талаб этади. Зеро, депутатларимиз қанчалик фидойилик билан фаолият олиб борса, шундагина биз кўзлаган натижани қўлга киритамиз. Қолаверса, партиямизнинг аҳоли ва кенг жамоатчилик орасида мавқеининг янада ортишига эришамиз.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах шаҳар Кенгаши раиси

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор was last modified: Февраль 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »