Ҳар ишда фаол аёллар

23 Февраль, 17:46 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 125 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳар ишда фаол аёллар нет

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш борасида мунтазам равишда партия лойиҳалари доирасида тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу эса юртимизда хотин-қизларга бўлган эътиборни янада ортиб боришига, аёлларнинг оила ва жамиятда тутган ўрнини янада кучайтириш ва сиёсий онгини юксалтиришга ҳамда партиямиз сафини фаол аёллар ҳисобига ошиб боришига  хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик – танловининг вилоят босқичи ҳам ана шу мақсадга қаратилди.

Кўрик-танловни Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар кумитаси раиси, Сенатор Сайёра Абдикаримова кириш сўзи билан очиб берди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, уларнинг баркамол авлод тарбиясидаги маъсуллигини, аёлларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш давлат сиёсатининг энг устувор масалаларидан бири сифатида белгиланганлигини қайд этди.

Танлов давомида иштирокчилар танлов шартларини моҳирона бажариб, ўз маҳоратларини намоён этишди.  Ҳайъат аъзолари танлов шартларини бажарилишини  одилона ва адолатли баҳолаб боришди.

Марямжон Бегимова, хакамлар ҳайъати раиси:

– Танлов шартларини бажарилишини баҳолаб бориш жуда ҳам қийин кечди. Бир-биридан зукко, бири-биридан доно аёлларимизнинг иқтидорларини кўриб қойил қолдик. Уларнинг оила ва жамиятда тутган ўрни барчага намуна бўлишига ишонамиз.

Феруза Отажанова, кўрик-танлов ғолиби:

– Партия томонидан ҳар йили анъанага айланган ушбу кўрик-танловда иштирок этишни ният қилган эдим. Бугун ниятларим амалга ошди. Танлов давомида жуда чуқур ҳаяжонда бўлдим. Бу ғолиблик партиямга бўлган меҳримни янада оширди, унинг дастурий-ғояларини бажаришда янада куч-ғайрат бағишлади. Келгусида сафимизга фаол аёлларни жалб қилишни мақсад қилдим.

Дано Олимова, партиянинг Хоразм вилоят “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси:

– “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”  кўрик-танлови туман, шаҳар босқичлари қизғин байрамона тарзда ўтказилиб ғолиб чиққан иштирокчиларимиз бугун ўзларининг кучларини синашди. Кўрик-танлов бир неча йилдан буён халқимиз орасида илиқ кутиб олинмоқда ва тобора нуфузи ортиб бормоқда. Кўрик-танловнинг келажаги порлоқ эканига ишонаман.

Танловда Урганч шаҳридан Феруза Отажанова I-ўринни қўлга киритиб танловнинг Республика босқичига йўлланма олди. Хонқа туманидан Хилола Турдиева ҳамда Янгиариқ туманидан Гулноза Маткаримовалар II- ўринга, Янгибозар туманидан Гуласал Холмуродова эса III-ўринга эга бўлишди.

Танлов иштирокчилар турли номинациялари бўйича  партиянинг эсдалик совғалари ва сертификати билан тақдирландилар. Танловнинг энг ёш фаол иштирокчиси Навбаҳор Мавлановага “Адолат дўпписи” тақдим этилди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Ҳар ишда фаол аёллар was last modified: Февраль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »