Чиқиндидан… экспортгача янги корхона ташаббуси қанот ёзади

23 Февраль, 12:44 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 196 марта кўрилди • Комментариев к записи Чиқиндидан… экспортгача янги корхона ташаббуси қанот ёзади нет

Тоза табиатни асраш, атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, самарали фойдаланиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Сайловолди дастуримизда ҳам мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш масаласи хусусида сўз юритилиб, экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб бориш лозимлиги таъкидланган. Муҳими, партия лойиҳаси ва Сайловолди дастури асосида олиб борилган тарғибот ишлари ўз натижаларини кўрсатмоқда. Фуқаролар, айниқса, ёшларнинг экологик маданияти ошаётганлиги яққол сезилмоқда.

Албатта, чиқиндиларни белгиланган жойларга чиқариб ташлашнинг ўзигина кифоя эмас. Маълумки, маиший чиқиндиларнинг атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, аксинча, фойда келтиришининг замонавий усуллари бир қатор хориж мамлакатларида қўлланиб келинмоқда.

Шу маънода, бугунги кунда бу долзарб масалага давлатимиз томонидан жиддий эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз. Замонавий технологиялар асосида чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш мақсадида вилоятимизда барпо этилган янги корхона иш бошлаганига қисқа вақт ўтган бўлса-да, ижобий самарага эришилаётганлиги қувонарлидир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил март ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Когон туманида қурилиши мўлжалланган чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластери лойиҳаси билан танишиб, мазкур лойиҳани амалиётга йўналтиришнинг муҳим аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Президентимиз жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи доирасида Когон туманидаги “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Бугунги кунда ушбу янги корхонада туманда истиқомат қилувчи кўплаб фуқароларнинг бандлиги таъминланганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида фуқаролар ишга жойлаштиришда ёрдам сўрашини назарда тутсак, айни пайтда одамларни 400 иш ўрни билан таъминлаган корхонанинг фаолияти қанча муаммоларни бартараф этишга хизмат қилаётганини чуқур англаймиз.

Хусусан, Когон шаҳридаги педагогика, транспорт касб-ҳунар коллежларини битирган аксарият ёшлар бандликка кўмаклашиш марказига қатнар, натижаси эса очиқлигича қолар эди. Эндиликда улар ҳам мазкур корхонада ишлаш имконига эга бўлишмоқда. “Аҳолитранс” МЧЖ фаолияти янада кенгайиб, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар экспорт қилиниши, кўплаб янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга, корхона ён-атрофида ишчилар учун уй-жой, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шифохона, спорт майдончаси, автотураргоҳ, мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаси қуриш режалаштирилганлиги кўплаб янги имкониятларни юзага келтириш билан бирга, ташаббус юртимиз бўйлаб қулоч ёзишини ҳам яққол ифодалайди. Президентимизнинг бу борада берган тавсиялари, корхона фаолиятини такомиллаштиришни бевосита қўллаб-қувватлаётганлиги туман аҳлини мамнун этди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур истиқболли лойиҳа ҳақидаги фикр ва таклифлари партиямизнинг дастурий мақсад-вазифаларига ҳамоҳанглиги бу борадаги вазифалар ижросида депутатлар ва партиядошларимизнинг масъуллигини оширади.

Чиқиндилар экологик муаммоларни юзага келтиришини кўпчилик яхши билади. Аҳоли соғлиғини асраш, жойларда санитария қоидаларига риоя этишда пала-партиш ташланган чиқиндилар салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Когон туманида ташаббускор тадбиркорларнинг хайрли саъй-ҳаракатлари бошқа ҳудудларда давом этишида Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, бухоролик сафдошларимиз ҳам ҳисса қўшадилар.

Муҳиддин САМИЕВ,

халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати

 

 

Чиқиндидан… экспортгача янги корхона ташаббуси қанот ёзади was last modified: Февраль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »