Аёл — жамият таянчи

23 Февраль, 16:01 • Муносабат, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 191 марта кўрилди • Комментариев к записи Аёл — жамият таянчи нет

Юртимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қиладиган аёллар ижтимоий — маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётганлиги бор гап.

Хусусан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши аъзоларининг 61 фоизи ҳам хотин – қизлардан ташкил топганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқиндагина қабул қилинган “Хотин — қизларни қўллаб — қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора — тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.

Фармоннинг энг эътиборли жиҳатларидан бири шундан иборатки, жорий йилнинг 1 – апрель санасидан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича ҳудудий ҳокимликларига бўйсундирилади. Яна бир муҳим жиҳати, оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ФҲДЁ органи, “Оила” марказининг ҳудудий ва маҳаллий бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш ҳудудий ёки маҳаллий ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди.

Менга манзур бўлган яна бир жиҳати шундан иборатки, Ўзбекистон Хотин — қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тадбиркор аёл” уюшмасининг оила ва хотин — қизлар масалаларига оид фаоллигини эътироф этган ҳолда, Фармонда хотин — қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилганлигидир. Бу фондининг асосий вазифаси оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин — қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш ҳисобланади. Бу эса хотин — қизларга қаратилган катта эътибор эканлигини таъкидлаш лозим.

Фармоннинг яна бир эътиборли тарафи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги Фармонига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофоти 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан вакилаларига берилган эди. Энди мазкур Фармонга мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофотини 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериш белгиланди. Бу эса айниқса илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима қизларимиз учун кенг имкониятлар яратишини айтиб ўтиш лозим. Энди Фармонга мувофиқ, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинадиган бўлди. Бу эса ёш қизларимизнинг ўқишга ҳар томонлама фаол бўлишга ундашига шак – шубҳа йўқ.

Умуман олганда ушбу қабул қилинган Фармон хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ва уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга, салоҳиятини тўла намоён этишига замин яратади.

Каромат ЭРГАШЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши депутати

 

Аёл — жамият таянчи was last modified: Февраль 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »