Ҳаётбахш жарроҳлик мамлакатимизда трансплантация операциялари муваффақиятли амалга оширилмоқда

23 Февраль, 14:19 • Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 147 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳаётбахш жарроҳлик мамлакатимизда трансплантация операциялари муваффақиятли амалга оширилмоқда нет

Бундан беш йиллар аввал касбим тақозоси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида бўлган эдим. Тиббиёт муассасасининг реанимация бўлими қошидаги гемодиализ (сунъий буйрак аппарати) хизмати билан танишиш мақсадида бўлимга кирганимда, бу ерда ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар аҳволини кўриб, кўнглим хира тортганди.

— Гемодиализ аппарати биз учун сунъий буйрак вазифасини ўтайди, қизим, — деган эди бемор Солижон Эшонқулов суҳбатимиз давомида. — Аммо муолажа пайтидаги қийинчиликлар, дард азобини айтиб ўтирмай. Ёшлик шижоати танангни тарк этиб, айни фарзандлар роҳатини кўраман деганингда бундай дардга йўлиқишни ҳеч кимга раво кўрмайман. Қани энди бизда ҳам худди чет давлатлардагидек аъзо кўчириб ўтказиш операциялари ўтказилса. Шароити борлар чет давлатларда операция қилдиришаётганини эшитамиз, аммо ҳаммада ҳам бундай имконият йўқ-ку…

Орадан шунча йил ўтиб, бугун юртимизда трансплантация амалиётининг ўтказилаётгани, даставвал буйрак кўчириш, яқиндагина эса жигар трансплантацияси амалга оширилганини эшитиб, беихтиёр ўша жиззахлик беморнинг ҳикояси қулоғим остида жаранглагандек бўлди.

Таъкидлаш жоиз, бугун мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, соҳага жаҳон тажрибасининг илғор ютуқларини жалб этиш, тиббиёт кадрлари малакасини ошириш, одамларда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлардан розилик ҳиссини кучайтириш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан тортиб, юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача айни шу мақсадга хизмат қилаётир. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида ташкил этилган 13 та республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия, тиббий реабилитация, дермотовенерология ва косметология, фтизиатрия ва пульмонология, эндокринология, нейрохирургия травматология, ортопедия, онкология ва радиология каби йўналишларда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Афсуски, айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология амалиёти масаласида юртдошларимиз ҳамон хориждаги шифохоналарга мурожаат этишга мажбур бўлаётгани бу борада мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасида сезиларли ислоҳотлар амалга оширишни талаб қилаётган эди.

Мамлакатимизда илк маротаба трансплантация амалиётининг ўтказилгани тиббиёт соҳасидаги бу каби муаммоларнинг ечим топиши, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт ходимлари салоҳиятидан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади. Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда, эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири саналади. Сир эмас, илгари зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 40 мингдан 150-200 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Мана, энди шундай мураккаб ва ноёб операциялар юртимиз тиббиёт марказларида ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг “Халқ сўзи online”га берган хабарига кўра, ўтган йилдан бошлаб академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида яқин қариндошлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда. Ўтган ҳафта марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Операция академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббиёт маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг академик В.И.Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди.

— Трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг истиқболли йўналишларидан бири, — дейди академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров. — Соҳа ривожига давлат даражасида эътибор қаратиб келаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди. Жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли — трансплантация амалиётини ўтказиш ҳисобланади. Марказимизда ўзбек ва рус жарроҳлари ҳамкорлигидаги гуруҳ билан илк бор жигар циррози билан оғриган 26 ёшли беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлигида жигар бўлаги трансплантацияси бажарилди. Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Айтиб ўтиш лозим, амалиётга катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, марказнинг техник имкониятлари яхшиланиб, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда айни шу соҳа бўйича малака ошириб қайтишди. Аввало донор ва реципиент (бемор) ушбу амалиётга 3 ой давомида тайёрланди. Трансплантацияга кўрсатма, қарши кўрсатмалар тўлиқ ўрганилди ва амалиётни ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Операция жараёни қарийб 15 соат давом этди. Ҳозиргача олинган барча таҳлиллар бемор ва донорнинг умумий саломатлиги яхши эканини кўрсатмоқда. Шу маънода айта оламизки, биринчи марта ўтказилган ушбу мураккаб операция муваффақиятли бажарилди.

Аммо, статистика қайсар индикатор. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. Буйракни кўчириб ўтказиш, жигар, юрак ва ўпка трансплантацияси беморлар учун ягона умид манбаи. Хўш, ушбу амалиёт бу беморларнинг барчасини ҳам қамраб оладими?

— Трансплантация амалиёти дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларида амалга оширилади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош транспантологи, тиббиёт фанлари номзоди Улуғбек Юлдашев. — Мамлакатимизда бу амалиётга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда трансплантация амалиётини ўтказишни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан илк маротаба бу каби операциялар муваффақиятли амалга оширилди. Буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш операцияларини бошидан кечирган беморларнинг аҳволи яхши. Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида трансплантациянинг кенг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда ўртача 100-150 та операция ўтказиш имконияти пайдо бўлади. Бу ҳар йили 100-150 нафар беморнинг ҳаёти сақлаб қолинади, деганидир.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этган ҳолда бугунги кунда трансплантология соҳасини янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни илгари суриб келмоқда.

Партия таклифи асосида трансплантация амалиётини мамлакатимиз тиббиёт соҳасига кенг жорий этиш масаласи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди. Шундан келиб чиқиб, партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўтган даврда вазирлик ва партия экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида ҳамда www.adolat.uz веб-сайтида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда ҳуқуқий асос бўлади.

Масалага оид хорижий тажрибага эътибор қаратсак, бугунги кунда трансплантология бўйича қонунлар деярли дунёнинг барча мамлакатларида, шу жумладан, ислом давлатларида ҳам қабул қилинганлигини кўриш мумкин. Ушбу мамлакатларда инсон органларини трансплантация қилиш кенг ривожланган. Ислом тиббиёти одоби кодексига кўра, инсон органлари трансплантациясига, агар у донорга зарар етказмаса ҳамда реципиентнинг шифо топишига сабаб бўлса, рухсат берилади. Шунингдек, ислом ҳуқуқшуносларининг фикрига кўра, агар шахснинг ўлими қайд этилсагина (мия ўлими), органлар трасплантацияси жарроҳлигига рухсат берилади. Туркия ҳамда Саудия Арабистони давлатларида йилига 4 мингга яқин орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиёти амалга оширилади. Ушбу икки мамлакатда ҳам трансплантологияга оид қонунлар мавжуд.

Шу боис “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси барча ривожланган мамлакатлар ҳамда МДҲ давлатлари қонунчилиги ўрганилиб, уларда йўл қўйилган камчиликлар ва афзалликлар инобатга олиниб, миллий урф-одатларимиз, дин ва қадриятларимизни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Жумладан, донор сифатида фақатгина яқин қариндошлар ўз органи ва тўқималарини бериши мумкинлиги, шахснинг мурдасидаги орган ва тўқималарни олиш, фақатгина унинг тириклигидаги нотариал тасдиқланган ёзма равишда берган розилиги ёқи яқин қариндошларининг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлиги каби нормалар белгилаб қўйилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатининг қонунчилик базасини тўлдириб, инсон органлари ва тўқималарининг трансплантациясини амалга ошириш мақсад ва шароитларини аниқлаб беришга, касалликлар ва инсонлар ўлимининг камайишига, ва охир-оқибат, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича олдимизга қўйилган мақсадларга эришишга хизмат қилади.

Дарвоқе, мақола аввалида ҳикоя қилган жиззахлик Солижон Эшонқуловнинг ҳозирги кундаги аҳволи, бу янгиликни қандай қабул қилганини билиш мақсадида у билан боғландик.

— Бу янгилик ҳаётга бўлган ишончимни оширди, яқинда Тошкентга бориб, шифокорлар маслаҳатини олмоқчиман, — дейди у.

— Дардингизга шифо берсин, тинч ва фаровон юртимизда фарзандлар камолини кўриб, узоқ йиллар улар дуосини қилиб юриш насиб этсин, — дея суҳбатимизни якунладик.

Шоҳида ДАМАНОВА

 

 

Ҳаётбахш жарроҳлик мамлакатимизда трансплантация операциялари муваффақиятли амалга оширилмоқда was last modified: Февраль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »