Азалий қадриятлар

10 Февраль, 14:20 • Партия лойиҳаси, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 103 марта кўрилди • Комментариев к записи Азалий қадриятлар нет

Маълумки, Она юртимизни озода ва покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил этиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш ота-боболаримиздан қолган азалий қадриятлардан саналади.

Бугунги глобаллашув даври, аҳоли сонининг кўпайиши, шаҳарлашув жараёнларининг тезлашиши натижасида сўнгги пайтларда бу каби одатларимиз бироз унутилмоқда.

Жойларда айрим юртдошларимиз томонидан маиший чиқиндиларни махсус жойларга ташламасдан, оқава сувларга оқизиш, барг-хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарет қолдиқлари, писта пўчоқларини ташлаб кетиш каби салбий хатти-ҳаракатлар учраб турибди. Бундай ҳолатлар яшаб турган гўшамизнинг софлиги, тозалиги ва айниқса, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундай салбий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, яшаб турган атроф-муҳитни тоза сақлаш ҳамда фуқароларнинг турар жойларини покиза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг туман, шаҳар Кенгашлари томонидан махсус ишчи гуруҳлари тузилди. Ташкил этилган буклетлар, флаерлар тарқатилиб, аҳоли гавжум жойлар ва жамоат транспортларига тарғибот плакатлари жойлаштирилмоқда. Жамоат жойларида, бозорларда, хиёбонларда ҳамда таълим муассасаларида тозаликни сақлаш, турли хил ахлатлар, сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари ёки целлофан пакетларни ташлаш ҳолатларининг олдини олиш ва тозалашга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан партиянинг Термиз шаҳар Кенгаши томонидан шаҳардаги 2-умумтаълим ўрта мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди. Унда “Адолат” СДП Термиз шаҳар Кенгаши ходимлари, депутатлар, шаҳар халқ таълими бўлими ходимлари, умумтаълим мактаби педагог ва ўқувчи ёшлари иштирок этишди.

Бўри Маҳматмуродов, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад шаҳримизни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига  фарзандларимизни жалб қилиш, улар онгида табиатни покиза ҳолда сақлашга, юртни севиш ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга оид дунёқарашни шакллантиришдан иборат. Тозалик-соғлик гаровидир. Саранжом-саришта, тоза-озода гўшада кишининг баҳри дили очилади. Тозалик ҳукм сурган жойда саломатлигимизга ҳеч қандай хавф-хатар дахл қила олмайди. Шундай экан, ҳар бир оилада, таълим даргоҳида, маҳалла-куй, кўчада, жамоат транспортида тозаликка эътибор қаратиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Шунинг учун ҳам фарзандларимизда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, озодаликка, саранжом-саришталикка, соҳа фидойиларининг меҳнатига ва яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотиш зарур. Тадбирда кўпроқ ана шу масалага эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан тозаликка чорловчи тарғибот-ташвиқот тадбирлари воҳанинг бошқа туманларида ҳам ўтказилмоқда.

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Термиз шаҳар Кенгаши ижрочи котиби

Азалий қадриятлар was last modified: Февраль 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »