Билимли инсон онгида жаҳолатга ўрин қолмайди

2 Февраль, 16:35 • Жиззах вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 161 марта кўрилди • Комментариев к записи Билимли инсон онгида жаҳолатга ўрин қолмайди нет

Инсон дунёга келар экан, ҳазрат Навоий айтганидек, комилликка интилиши, ўз атрофидаги инсонлар таъсирида, устозлар кўмагида камолот пиллапояларидан кўтарилмоғи лозим. Маънан бой, жисмонан соғлом ва хулқи пок бўлиб улғайгани сари ҳаёти гўзал ва файзли бўлаверади. Она юрт меҳри эса унга ҳамиша куч-қувват бағишлайди.

Ёшлар — юртимиз келажаги, уларни, аввало илм-маърифатли, Ватанга садоқат, миллий қадриятларга муҳаббат, ота-онага ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.

Йигирма биринчи асрда мафкуравий курашларнинг турли шакл ва услублари тўлиб-тошиб кетди десак, муболаға бўлмайди. Шулардан бири — ҳеч бир миллатнинг бирор-бир анъаналарига тўғри келмайдиган, инсоний ахлоққа зид бўлган ҳаёт тарзини тарғиб этувчи “оммавий маданият” ва унинг турли кўринишлари саналади. Айниқса, дунёқараши энди шаклланиб келаётган ўсмирларнинг онг-шуурини эгаллашга қаратилган, уларни фикрлашдан чалғитувчи ва осон “ҳазм” бўлувчи кўринишлари баъзи ёшларда мойиллик уйғотиши билан ҳам янада хатарлидир. Бугунги кунда унинг таъсири кучайиб, бирор-бир халқнинг миллий ва маънавий анъаналарига, одатларига тўғри келмайдиган турли “урф-одатлар” кўпаймоқда. Ачинарлиси, айрим ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда. Жаҳолат, яъни билимсизликка қарши маърифат билан курашиш лозимлигини эндиликда барчамиз яхши англаймиз. Бемаъни урф-одатларда бирор моҳият, маъно бор-йўқлигини, улар кишини маънавиятсизликка етаклашини тушуниш, ўз хатти-ҳаракатини, нима қилаётганини фарқлай олиш учун ҳам, аввало, билим керак. Олий ва ўрта махсус, халқ таълими муассасаларида таълим сифатини яхшилаш билан ёш авлод қалбини “оммавий маданият” ва ёт ғоялар таъсиридан асраган бўламиз. Фанларни ўзлаштириш, ўқиш-ўрганиш билан банд бўлган, билимли инсон онгида жаҳолатга ўрин қолмайди.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Жиззах вилоятидаги ташкилотлари томонидан жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ана шу жиҳатлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Жумладан, уюшмаган ёшлар ўртасида мини футбол, шахмат, стол тенниси каби турли спорт мусобақалари ташкил этиб келинмоқда.

Партиямизнинг ёшларга оид бир қатор лойиҳалари доирасида “Депутат ёшлар даврасида”, “Касбим менинг — фахрим менинг”, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам!” мавзуларидаги маънавий-маърифий учрашувларда ёшлар ҳамда ота-оналар иштирок этаётгани эътиборга молик.

Халқ таълими бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай маънавий-маърифий тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ёшлар ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, уюшмаган ёшларни аниқ мақсадларга йўналтириш, уларга кўмак бериш, фарзандларимизда интернетдан тўғри фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг қизиқишларига қараб табиий ёки гуманитар фанларни чуқур ўрганишга ундаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган. Илм-маърифат билан фарзандларимиз кучли ва бахтиёр, мамлакат тақдирини ўз елкасига олишга қодир етук инсонлар бўлиб камол топади.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Жиззах вилоят кенгаши раисининг ўринбосари

Билимли инсон онгида жаҳолатга ўрин қолмайди was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »