“Бори элға яхшилиқ қилғил…”

10 Февраль, 12:07 • Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 178 марта кўрилди • Комментариев к записи “Бори элға яхшилиқ қилғил…” нет

Шоҳ ва шоир, олим ва мутафаккир, хаттот ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида Ватан соғинчию ғурбат ғами, зафарлар қувончию мағлубиятлар алами ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топган. У кўрган-билган, қалбидан ўтказаган, ўзини тўлқинлантирган кечинмалар ҳақида қалам тебратган. Ўқувчи олдида ҳеч нарсани яширмай, кўнглида борини тўккан.

Барча етук шоир ва адиблар сингари Бобур ҳам фақат алоҳида шахс тақдири билан эмас, балки бутун халқ маънавий, ахлоқий ҳаёти билан қизиққан. Шоир айни пайтда миллий мазмундаги фикр ва тушунчалардан баҳс юритар экан, уларни умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан баҳолашга интилади.

Бобур рубоийларида такрор-такрор ишқ-муҳаббат туйғуси заминида олижаноблик, саховат, ҳиммат, фидойилик сингари ўнлаб фазилатлар инсон кўнглида кенг томир ёзишига алоҳида урғу беради. Бобурнинг назарида ёрга садоқат қалбдаги энг самимий, энг покиза ҳис-туйғуларга содиқлик билан тенг мазмунга эгадир. Бундан ташқари, Бобур рубоийларидаги ниҳоятда ибратли ва муҳим бир жиҳат — уларда ёр ишқи билан диёр, яъни Ватан севгисининг ўзаро уйғунликда тасвирланганлигидир.

Кўпдин бериким ёру диёрим йўқтур.

Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.

Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла

Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.

Бу “ихтиёрсизлик”ни шоир “ҳижрон қафаси” деб ҳам таърифлайди ва унда одамнинг жони қандай қийинчилик ҳамда қийноқларга йўлиқишини қуйидаги тарзда дарду ҳасрат билан баён қилиб беради:

Ҳижрон қафасида жон қуши дам қиладур,

ўурбат бу азиз умрни кам қиладур.

Ёки:

Ҳижрон ғамидан заиф жоним сўлди,

ўурбат алами бирла ичим қон тўлди.

 Шоир узоқ диёрларда туриб, жонажон Ватанини қўмсаб, кўп рубоийлар ёзган. Бунда муҳим бир жиҳат шуки, шоир ички дард ва изтиробларини ифодалашда Алишер Навоий тўртликларидан ҳам илҳомланади. Навоий бир рубоийсида:

Юз меҳнату ғам кўнглума еткурди фироқ

Жонимға балову дард ўқин урди фироқ, —

 дея айрилиқ ва ҳижрондан нолиса, Бобур буни гўё давом эттириб:

Андин бериким қасдим учун турди фироқ,

Юз дарду аламни менга еткурди фироқ, —

деб ёзади.

Маълумки, инсоннинг ахлоқини безаб, унинг қадр-қимматини юқори кўтарадиган фазилатларнинг асосийларидан бири дўстликдир. Инсон дўстликнинг маъно-мазмунини қанчалик чуқур англаб, уни амалда нечоғлик кўп намоён эта олса, бу бошқаларга шунчалик ибрат бўла олади. Бобур худди муҳаббат сингари дўстлик туйғусини ҳам кўп нарсадан, жумладан, мол-мулк ва давлатдан ҳам устун қўяди. Дунёнинг эзгу ишлари дўстлик туфайли илгарилаб, ривожланишига тўла ишонгани учун ҳам у рубоийларидан бирида:

Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма!

Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма!

Борғонни, кел эмди, ёд қилмай, эй дўст,

Бориш-келишингни лутф этиб ўксутма! — дейди.

Бобур бир рубоийсида дўстларнинг бир жойга тез-тез йиғилишиб, дийдор кўришиши ғаниматгина эмас, балки катта давлат эканлигини баён қилиб дейдики:

Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,

Бир-бирни неча кун ғанимат тутунгиз!

Чиндан ҳам одамнинг одамга азиз ва ғаниматлигини бундан ўтказиб кўнгилга сингдириш қийиндир. Шунинг учун инсон интилса, дунёга эзгулик, хусусан, яхшиликнинг қўли ўшанча баланд бўлади. Яхшиликнинг куч-қудрати ва тириклик оламидаги мавқеига шубҳа билан қараган бирор халқ топилмайди. Шу маънода яхшиликни дунё халқлари кўнглини ёритадиган бир ёруғлик манбаи деса, ҳеч бир хато бўлмайди. Шоир “Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ” мисраси билан бошландиган ғазалида қатъий бир хулосага келади:

Бори элға яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Бобур кишиларни яхшилик қилишга чақирар экан, уларни илм-маърифат, касб-ҳунарни эгаллашга ундайди. Унинг илм-фан фазилати ҳақидаги қарашлари қатор шеърларида ҳам, “Бобурнома”да ҳам ифодаланган. Масалан, қуйидаги сатрларда илмли бўлиш учун илмга толиби ва илмга содиқ бўлмоқ керак, деган хулоса ётади.

Ким ёр анга илм, толиби илм керак,

Ўргангали илм толиби илм керак!

Мен толиби илму толиби илме йўқ,

Мен бормен илм толиби – илм керак.

Бобур инсон ҳаётида илмнинг беқиёс аҳамиятини таъкидлаш билан бирга, кишиларни илм ахтаришга, унга интилишга, илм нури билан ўз онгини ёритишга ундайди. Унинг фикрича, илмга бепарволик билан эришиб бўлмайди, илмни эгаллашда тиришқоқлик, қунт, сабот ва мақсад сари интила олиш хислатлари бўлиши зарур. Шу жиҳат Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга тилни мукаммал эгалламаганлиги, фикрини равон баён этмаганлиги натижасида хати ғализ ва тушунарсиз бўлганлигини ҳам насиҳат, ҳам бироз таъна тарзида ёзган хати диққатга сазовордир.

Бобур худди Навоий каби кишиларни ёмон ва яхши гуруҳларга ажратар экан, яхши кишилар – одобли, илмли, камтар, халқ учун хизмат қилувчилар, ёмон кишилар эса, худбин, амалпараст, бойликка ҳирс қўйган, ахлоқий бузуқ одамлардир дея уқтиради. У кишиларни яхши хислатлар эгаллашга даъват этади:

Хулқингни рост қилғил ҳар copuғa борсанг,

“Аҳсанта” дер бори эл гар яхши от чиқарсанг.

Мутафаккир фикрича, инсон ўз ҳаётида, хулқи, одобида яхшиликни асос қилиб олмоғи керак, ҳар ким қўлидан келгунча кишиларга яхшилик қилиши, меҳр-оқибат, ҳурмат кўрсатиши, шунингдек, ота-онага, катта-ю кичикка, қариндош-уруғларга савобли ишлар қилиши даркоp.

Бобурнинг серқирра, ҳаётий ибратга тўла бўлган ўзига хос ҳаёт йўли бугунги ёшлар учун умумбашарий қадриятлар даражасида ибрат ва намуна мактаби бўла олади. Ундаги адолатлилик, мардлик, ботирлик, журъат, зукколик ва донолик, келажакка ишонч билан қараш, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини йўқотмаслик, ўзига ва атрофдагиларга нисбатан талабчанлик, эл-юрт, Ватан учун фидойилик, фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор ва бошқа жиҳатлар бугунги замондошларимиз, жумладан, ёшларимизнинг маънавий-ахлоқий тарбияси учун муносиб хизмат қилади.

Дилором АДИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

сектори мудири

 

“Бори элға яхшилиқ қилғил…” was last modified: Февраль 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »