Бошланғич партия ташкилотлари қанчалик фаол бўлса, партия фаолияти самарадорлиги таъминланади

5 Февраль, 16:49 • БПТ, Жиззах вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 40 марта кўрилди • Комментариев к записи Бошланғич партия ташкилотлари қанчалик фаол бўлса, партия фаолияти самарадорлиги таъминланади нет

Бошланғич партия ташкилоти бу – фуқароларни ўзаро манфаатлар, қарашлар умумийлиги асосида  ҳудудий, ишлаб чиқариш муассасаларида бирлаштирган сиёсий партия ташкилотларининг бошланғич ячейкасидир.  БПТ – партиянинг негизи ҳисобланади. Уларнинг самарали фаолияти партия ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. БПТлар қанчалик фаол бўлса, партия фаолияти самарадорлиги таъминланади, аъзолар сони кўпаяди.

Сиёсий партиянинг асосий мақсадларидан бири бу  вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш бўлганлиги сабабли, бошланғич партия ташкилотининг асосий вазифаси ҳам мазкур сайловларда иштирок этиш, номзодлар кўрсатиш, сайловолди кампанияси муваффақиятли олиб борилишида номзодлар ва юқори партия ташкилотларига кўмаклашишдан иборатдир.

Бугунги кунда бошланғич партия ташкилотлар фаолиятини кескин жонлантириш Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилояти Кенгаши олдида турган устувор масалалардан бирига айланган. Бошланғич партия ташкилотларининг ўз вазифаларини давр талаби даражасида бажарилишини таъминлаш партиямиздан жойлардаги бошланғич партия ташкилотларини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлашни, ташқи ва ички вазифаларни аниқлаштиришни, мустақил равишда тарғибот–ташвиқот тадбирларини тайёрлаш ва ўтказиш кўникмаларини шакллантиришни ва бир қатор бошқа партиявий ишларнинг самарали ижросини талаб этади.

Маҳаллий партия Кенгашлари қуйи бўғин ишини тизимли ташкил этиш, етакчилар салоҳиятини ошириш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Масалан, аксарият туман Кенгашларида “Бошланғич ташкилотлар билан ишлаш куни” белгиланган. Шу куни туман партия Кенгаши раиси, Кенгашнинг бошқа масъул ходимлари, Халқ депутатлари туман Кенгашидаги жонкуяр депутатлар бошланғич ташкилотларда муайян фаолиятни амалга оширади ҳамда бевосита қуйи бўғинга бориб, етакчилар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида уларга услубий, амалий ёрдам кўрсатадилар. Уларнинг малакасини оширишга қаратилган турли тадбирлар ўтказишади.

Ҳозирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгашида
14027 нафар аъзо бор. Улар 259 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Партия электоратини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларни депутатлар орқали давлат ҳокимияти органларига олиб чиқиш, муаммолар ечими юзасидан таклифларни шакллантиришда БПТ тобора фаоллашиб бормоқда.

Туман ва шаҳар Кенгашлари БПТни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам бериш ишларига жиддий эътибор қаратмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши электорат манфаатлари билан бевосита боғлиқ масалаларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва амалий таклифларни туман Кенгаши сессияси ва доимий комиссияларига олиб чиқишда партиянинг барча бўғинлари орасида тизимли ҳамкорликни таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда.

Депутат БПТдан чиқаётган таклифлар асосида ижтимоий масалаларни  депутатлик гуруҳи, доимий комиссия йиғилишлари, сессияларда кўтариб чиқса, улар юзасидан қарорлар қабул қилиниб, ижроси таъминланса, ҳам электорат манфаати таъминланади, ҳам партиянинг нуфузи,  таъсири янада ортади. Чунки депутат ўз ишини ташкил этиш, муҳокамага тайёрланаётган масалани кенг ёритиш ва таклифлар ишлаб чиқиши учун партиядан куч олади, барча масалаларга ўз муносабатини билдиришда партиявий ёндашувдан, партия дастури, сайловолди дастуридан келиб чиқади.

БПТ биринчи навбатда туман партия Кенгашлари ходимлари, тафтиш комиссияси аъзолари ва тарғибот гуруҳи вакилларига бириктирилиши керак. Бу барча ташкилотлар ишини мувофиқлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг билан бирга, қуйи бўғин етакчиларига дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган, жамоатчилик билан ишлаш ва ташкилотчилик қобилияти юқори, одамларни ўз ортидан эргаштира оладиган, сўзининг таъсири бўлган кишиларни сайлаш долзарб масаладир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ижтимоий – сиёсий ҳаётда партия ролини ошириш учун қуйи тузилмаларда ишга ёндашувни янгилаш асосий вазифа саналишини амалиётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Зеро, айнан бошланғич партия ташкилотларигина партия электорати билан бевосита иш фаолиятида жойлардаги ижтимоий – иқтисодий муаммолардан хабардор ва энг муҳими, уларни самарали ҳал этишда муҳим бўғин саналади.

Жасур ҚАРШИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раисининг

ташкилий-партиявий ишлар бўйича ўринбосари

Бошланғич партия ташкилотлари қанчалик фаол бўлса, партия фаолияти самарадорлиги таъминланади was last modified: Февраль 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »