Бухоро: янги марралар сари дадил қадамлар

17 Февраль, 12:57 • Расмий хабарлар, Сиёсат, Янгиликлар • 119 марта кўрилди • Комментариев к записи Бухоро: янги марралар сари дадил қадамлар нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 10-11 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида барча соҳаларни ривожлантириш бўйича кенг кўламли режаларни белгилаб берган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт ҳажми ошди. Транспорт ва сервис инфратузилмаси ривожланиб, сайёҳлар оқими кўпайди. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган имкониятлар ишга солинди. Янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар бунёд этилди.

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси зиёратидан бошлади.

Юртимиз қадимий қадамжоларга бой. Бу заминда буюк алломалар, диний ва дунёвий илм эгалари яшаб, ижод қилган. Президентимиз томонидан миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш, юртимиздаги тарихий обида ва ёдгорликларни тиклаш, ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 10 март куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида бўлиб, бу ерни янада обод масканга айлантириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди.

Президентимиз ўтган вақт мобайнида қилинган ишларни кўздан кечирди.

Таомилга биноан ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги «Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши ижроси юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шавкат Мирзиёевга мазкур саналар муносабати билан амалга ошириладиган маънавий-маърифий, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш бўйича «йўл харитаси» ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур тадбирларни юқори савияда ўтказиш, бунинг учун барча манбалардан фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Фағнавий, Саййид Амир Кулол каби меъморий мажмуаларни ўз ичига олган етти пир зиёратгоҳи нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланади.

Президентимизга мазкур мажмуаларни реконструкция қилиш ва янги сайёҳлик йўналишларини очиш бўйича қилинадиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Унга мувофиқ, бу мажмуалар қайта таъмирланиб, қўшимча бино ва иншоотлар қурилади. Атрофи ободонлаштирилиб, меҳмонхона, чойхона, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этилади.

Мазкур мажмуалар ўртасидаги умумий масофа 122 километр. Шавкат Мирзиёев мажмуалар орасидаги йўллар бўйида замонавий инфратузилма ташкил қилиш бўйича кўрсатма берди. Бухоро давлат университети ҳузурида Бухоро тарихини ўқитадиган махсус факультет очиш кераклигини таъкидлади.

– Етти пир ётган қадамжолар орасидаги йўллар бўйида улар ҳақидаги маълумотлар акс этсин. Зиёратга келганлар кенг маълумотга эга бўлсин. Бунинг учун кадрлар тайёрлашга эътибор бериш керак, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида Бухоро туманидаги «Бухоро балиқ саноат» масъулияти чекланган жамиятида бўлди.

Мамлакатимизда аҳолининг балиқ маҳсулотларига эҳтиёжини таъминлаш, тармоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мазкур соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, сифатли балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича бир қанча дастурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, «Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилди. Уюшма томонидан табиий ва сунъий сув ҳавзаларини балиқлантириш учун қимматли балиқ турларини кўпайтиришни йўлга қўйишда балиқчилик тармоғи ташкилотларига кўмаклашиш, личинка етиштириш бўйича янги инкубация цехлари ташкил этиш, балиқ чавоғи етиштириш ҳажмини кўпайтириш, чавоқ ҳовузларини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

«Бухоро балиқ саноат» масъулияти чекланган жамиятида ҳам бу борада ибратли ишлар қилинмоқда. Бу ерда балиқни қайта ишлаш, дудлаш, балиқ озуқаси ишлаб чиқариш, инкубация цехи ва ёпиқ сув айланма тизими ишга туширилган.

Умумий майдони 90 гектар бўлган хўжаликда 40 гектарлик сув ҳавзаси бўлиб, янги лойиҳага кўра, қолган 50 гектари реконструкция қилинади.

Президентимиз балиқчилик хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

– Балиқ етиштириш ҳажмини оширишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев. – Айни пайтда аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондира олаётганимиз йўқ. Бу каби хўжаликларни Бухоронинг ҳар бир туманида ташкил қилиш зарур.

Давлатимиз раҳбари Бухоро туманига ташрифи давомида бир қатор иқтисодий лойиҳалар билан ҳам танишди.

Маълумотларга кўра, собиқ “Бухоротекс” АЖ негизида пахта толасидан компакт ип-калава ишлаб чиқариш бўйича “Indorama Bukhara Textile” хусусий корхонасини ташкил этиш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 60 миллион, иккинчи босқичда 55 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритиладиган корхона замонавий технологиялар билан жиҳозланади. Бу 650 кишининг бандлигини таъминлаш имконини беради.

Президентимизга Бухоро вилоятида мавжуд яйловлардан самарали фойдаланиш тўғрисида ҳам маълумот берилди. Ушбу маълумот ўз-ўзидан вилоятда қоракўлчиликни ривожлантириш лойиҳасига уланди. Вилоятда азалдан қоракўлчилик ривожланган. Лекин сўнгги йилларда соҳага етарлича эътибор берилмагани сабабли қоракўл тери ишлаб чиқариш кескин пасайди. Соҳадаги мавжуд муаммолар ҳақида батафсил маълумот берилар экан, илмий ёндашувнинг йўқлиги боис қўйларнинг насли бузилгани қайд этиб ўтилди. Бундан ташқари, яйловларнинг қисқариши, суғориш тизимларидаги камчиликлар, зарур техника воситалари йўқлиги асосий омиллар сифатида санаб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари муаммоларнинг ечими билан қизиқди. Мутахассислар қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини айтди.

Шавкат Мирзиёев айни пайтда фаолият юритаётган хўжаликлар, олимлар, селекционерларни қўллаб-қувватлаш бўйича соҳа раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берди.

Шу ерда “Komteks pposh” МЧЖ томонидан қўй жунини саноат усулида қайта ишлаш кластери тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа қиймати 24 миллиард сўм бўлиб, йилига 1500 тонна тозаланган жун, 425 тонна тайёр ип-калава, 100 минг дона одеял ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Шунингдек, 2018 йилда вилоятда амалга ошириладиган паррандачилик лойиҳалари тўғрисидаги маълумот тақдим қилинди. Бу йўналишда 32 та лойиҳа амалга оширилиб, 252 иш ўрни яратилади.

Лойиҳалар асосан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, истиқболли мақсадларни ўзида акс эттиргани билан аҳамиятлидир. Пилла етиштириш, асаларичилик, наслли эчки боқишга ихтисослашган эчкичилик комплекси, замонавий иссиқхоналар, агросаноат логистикаси ва савдо логистикаси марказлари ташкил этиш лойиҳалари асосий эътиборда бўлди.

Лойиҳа ташаббускорлари ўз режалари ҳақида батафсил сўзлади. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди.

Ғиждувон туманида тут баргидан чой тайёрлаш лойиҳаси Президентимиз эътиборини тортди. Бундай чойнинг афзалликлари унда кофеин ва танин моддаси йўқлигидадир.

– Бу энг самарали ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Сабаби, унинг ноёблиги ва инсон саломатлиги учун ғоят фойдалилигидир.

Лойиҳа бўйича ишлар бошлаб юборилган. Маҳсулот 2019 йилдан экспортга чиқарилиши мўлжалланмоқда.

Цистанхе ва исириқ етиштиришга алоҳида эътибор берилгани вилоятда ўзига хос янгилик бўлди. Цистанхе илдизи доривор ҳисобланиб, хавфли ўсма касалликларининг олдини олади. Шамоллашга қарши, иммунитетни оширувчи хусусиятга эга. Япониялик олимларнинг таъкидлашича, бу ўсимлик женьшендан беш баробар самарали ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Қозоғистон Марказий Осиёда бу ўсимликни экспорт қилувчи ягона давлат бўлиб, йилига 100-150 тоннагача хорижга сотади. Янги лойиҳада мазкур ўсимликни етиштириш ва қайта ишлаш кўзда тутилган. 3 минг гектар ерда шундай ўсимлик етиштириш 400 кишининг бандлигини таъминлайди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарига 2018-2020 йилларда вилоятда ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш дастури, Бухоро шаҳрида реконструкция қилинаётган каналлар ҳақида маълумот берилди.

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини Бухоро вилоятида бажариш чоралари тўғрисида ҳам сўзлаб берилди. Жумладан, аҳолига сифатли гўшт етказиб бериш, чорвачиликда қўлланиладиган вакцина ва антибиотиклар, ҳайвонларни сотиш, сотиб олиш ва ўзаро айирбошлашда соғлом ва ишончли муҳит яратиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи давомида бундай муассасаларда бўлиб, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар беради.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда бундай муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги боғчалар қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан эса Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги вазирликнинг асосий вазифалари босқичма-босқич барча болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш, юртимизда ўзаро рақобат қилувчи давлат ва нодавлат МТМлари тармоғини яратиш, мактабгача таълим ва болаларни тарбиялашнинг муқобил шаклларини амалиётга жорий этишдан иборат.

Мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоятда 343 мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг 7 таси нодавлат, 1 таси ички ишлар бошқармаси тасарруфида. Уларда 46 мингдан зиёд, яъни вилоятдаги болаларнинг 35,1 фоизи таълим-тарбия олмоқда.

Бухоро шаҳридаги 54-мактабгача таълим муассасаси 280 ўринга мўлжалланган. Боғча биноси ўтган йили капитал реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозланди. Бу ерда 31 нафар педагог ва тарбиячи фаолият кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.

Президентимизга боғчада тажриба тариқасида ташкил этилган қисқа муддатли бошланғич ривожлантириш маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди. Янги тизимнинг афзаллиги қисқа муддатли гуруҳларда болаларга мантиқ, ментал арифметика, инглиз тили, амалий ва тасвирий санъат турлари интерфаол усулларда ўргатилади. Марказ ҳудуддаги боғчага қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

– Мактабгача таълимга бежиз бунчалик эътибор қаратаётганимиз йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев. – Болалар айни боғча ёшида билимни тез ва осон ўзлаштиради, бир умрга эслаб қолади. Шунинг учун ушбу тизим ривожи билан боғлиқ масалалар доим диққатимиз марказида бўлиши керак.

Президентимиз мазкур муассасани вилоятдаги боғчалар учун методик тажриба алмашиш марказига айлантириш, соҳани етук мутахассислар билан таъминлаш, хусусан, педагогика коллежини тугатган ёшларни қайта тайёрлов курсларига юбориб, уларни МТМларга ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берди.

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бухоро ўзининг бетакрор тарихий обидалари, осори-атиқалари, асрлар оша давом этиб келаётган миллий ҳунармандлик анъаналари билан юртимиз туристик жозибадорлигини оширишда улкан салоҳиятга эга.

Вилоятда 2018 йилда туризмни янада ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 61 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Жумладан, 32 меҳмонхона, 12 мотел, 10 истироҳат боғи барпо этилиб, “Бухоро Палас”, “Варахша” ва “Зарафшон” меҳмонхоналари реконструкция қилинади. Бундан ташқари, туризм бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ресторанлар қуриш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари харид қилиш, маданий мерос объектларини тадбиркорларга ижарага бериш, ҳаво шарида саёҳатни ташкил қилиш, Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент ва Жондор туманларида қишлоқ туризмини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳалар ижроси натижасида вилоятга келаётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини сезиларли даражада кўпайтиришга эришиш мумкин. Тармоқда хизматлар экспорти ҳажми ортиб, кўплаб янги иш ўринлари ташкил этиш имконияти пайдо бўлади.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида Бухоро шаҳрининг сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида унинг тарихий қисмида ҳунармандлар мавзеси қуриш, Ҳақиқат ва Хўжа Нуробод кўчаларини кенгайтириб сайлгоҳга айлантириш, Пойи Калон ва Мир Араб мадрасаларини қайта таъмирлаш бўйича топшириқлар берган эди.

Шунга мувофиқ, Ҳақиқат кўчаси кенгайтирилиб, 1,5 метр қалинликдаги тупроқ қатлами олиб ташланди, тарихий обидалар атрофи очилди. Кўча бўйлаб биринчи қаватида дўкон ва устахоналар бўлган, иккинчи қаватида ҳунармандлар оилалари яшайдиган уйлар қуришга киришилди. Натижада кўча шаҳарнинг тарихий қисмига монанд сайлгоҳга айланиб бормоқда. Вилоятга келаётган сайёҳлар бу ерга ҳам ташриф буюриб, уста-ҳунармандлар иши билан танишмоқда, ипак гиламлар, кашталар, зарбоф тўнлар, турли кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, сувенирлар харид қилиб, Бухоронинг қадимий довруғини дунёга янада кенг ёйишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Жорий йилда Пойи Калон мажмуасидаги тарихий обидаларни таъмирдан чиқариш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Хўжа Нуробод кўчасида жойлашган Абдулазизхон ва Улуғбек мадрасаларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилади. Арк қўрғони мажмуаси атрофи ободонлаштирилиб, унинг ичкарисидаги бино ва иншоотлар таъмирланади. Мир Араб мадрасасини қайта тиклаш ва унинг янги ўқув биносини қуриш ишлари олиб борилади. Шу кўчанинг ўзида ҳунармандлар растаси қурилади.

Шавкат Мирзиёев эски шаҳар қисмининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари билан танишар экан, ушбу ҳудуд том маънода Бухоронинг юраги бўлиши кераклигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарига шаҳарнинг тарихий қисмидаги маданий мерос объектларини таъмирлаш ва тиклаш, улардан самарали фойдаланиш, тарихий обидаларни қамраб олган Бухоро шаҳар кичик ҳалқа йўли ҳамда пиёдалар йўлаклари қуриш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан мамлакатимизда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз ҳар бир лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини берди. Мир Араб мадрасаси бино ва иншоотлари, туристларга хизмат кўрсатувчи автоуловлар, инфратузилма объектларини кўздан кечирди.

Шу куни Пешку тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси ва уларни иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида кўздан кечирилган истиқболли лойиҳалар, бўлиб ўтган учрашув ва суҳбатлар Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида янги марралар сари дадил қадамлар қўйилиб, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим ютуқлар қўлга киритилаётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди.

Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Манба: ЎзА

 

 

Бухоро: янги марралар сари дадил қадамлар was last modified: Февраль 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »