БУРЧИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК

16 Февраль, 10:14 • Марказий аппарат, Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 244 марта кўрилди • Комментариев к записи БУРЧИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК нет

Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас конституциявий бурчимиз саналади. Халқимизда “Тозалик бор жойда фаришталар бўлади”, “Тоза уйда дард қолмас”, “Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам, дард юқмас”, “Маданият – тозаликдан бошланади”, “Тозалик бор жойда барака бор” каби мақол ва нақллар ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Эрта тонгдан ҳовлилар, унинг атрофлари тозаланиб, сув сепилиб, сўнгра нонуштага ўтириш одати ҳам халқимиз табиатига хос қадриятлардан. Яна халқимизда шундай бир одат бор. Бўлғуси келиннинг уйига борилганда, албатта, уйнинг, яшаш жойининг тозалигига эътибор қаратилади. Бунинг замирида жуда катта ҳаётий фалсафа бор.

Ана шу фалсафани ҳар доим ёқлаб, илгари суриб келаётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишлаб яқинда ўтказилган йиғилишда шу каби ўткир муаммолар ва уларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилгани халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тегишли вазирликлар билан биргаликда шаҳарларда чиқинди йиғиш шохобчаларини тартибга солиш, қишлоқ аҳоли пунктларида санитар-тозалаш хизматларини ривожлантириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, бугун кўча-кўйда, сув бўйлари ва бош­қа яқин атрофимизда ўралашиб ётган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, бу борада ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий қилиш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Чиқиндиларни тўплаш ва ташиш ишларини доимий назорат қилиш баробарида аҳолининг бу борадаги маданияти ва масъулиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, айни йўналишдаги ишлар замирида одамларнинг соғлиғи, турмуш фаровонлиги мужассам экани, шу боис, бу масала билан ҳар бир ҳудудда доимий шуғулланиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳа, йиғилиш кун тартибидаги масала нафақат бугунги ҳолатни яхшилашга, балки юртни озода ва покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тоза тутиш, ариқ ва зовурлар ифлосланишига йўл қўймаслик, боғ-роғлар яратиш каби ота-боболаримиздан қолган азалий қадриятлар унутилишининг олдини олишга, янги ва келгуси авлод вакилларини ана шу қадриятлар асносида тарбиялашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Очиғини айтганда, шўролар ҳукмронлиги йилларида тарбиянинг сустлашиши, қадриятларнинг заифлашиши ва жамиятдаги тартибсизликлар мамлакатимизга кўп томонлама зарар келтиргани ҳаммамизга аён. Айниқса, жамиятга, давлат мулкига ҳурматсизлик одати анча шаклланиб улгурган эди. Ўша кунларнинг таъсири давлат ёки ўзгалар мулкига шикаст етказиш, жамиятга ҳурматсизлик кўрсатиш, ҳатто, истироҳат боғларида ҳам белгиланган тартиб-тамойилларга риоя қилмаслик, жамоат мулкига зиён етказиш, фаррошлар меҳнатига ҳурматсизлик кўрсатиш, юрган йўлини, ўтирган жойини ифлослантириш каби ҳолатларда ҳали-ҳамон учраб турибди.

Аслида, айрим юртдошларимиз томонидан маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки оқава сувларга оқизиш, барг-хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарета қолдиқлари, писта пўчоқлари, баклашка, сақич ёки целлофан пакетларни улоқтириш каби хатти-ҳаракатлар тез-тез учраб туриши асрлардан асрларга ошиб келаётган миллий қадриятларимизга зид эмасми?

Бизнинг Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Наср Муҳаммад ал-Фаробий, Аҳмад ал-Фарғоний каби минглаб бобокалонларимизни яқиндан биладиган, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимизни илм ва маърифат ўчоғи деб танийдиган сайёҳлар юртимизга келганида миллий қадриятларимизни қидириб қолмайдими? Нега тозалик масалаларига ўгай кўз билан қарашимиз керак?

Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилиш, назаримизда, ана шундай саволларга жавоб топишга имкон яратди. Дарҳақиқат, атроф-муҳит тозалиги нафақат давлат органлари, идора ва ташкилотларнинг, бутун омманинг, барчамизнинг вазифамиз. Шу нуқтаи назардан, бу борада бир ёқадан бош чиқариб, барча давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини йўлга қўйишимиз зарур.

Бугун мамлакатимизда туризм ривожланмоқда. Хорижлик сайёҳларни янада кенг жалб этишга, ота-боболаримиздан қолган бой маданий меросимиз, халқимизга хос қадрият ва анъаналаримизни дунёга тараннум этишга эътибор қаратилаётган айни дамларда шаҳару қишлоқларимизнинг тоза-озодалигини сақлаш олдимизда турган энг долзарб масала саналади. Хуллас, юртимизга келаётган ҳар бир сайёҳ уйимизга келаётган меҳмон эканлигини унутмаслигимиз зарур.

Ана шу вазифалар нуқтаи назаридан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида амалий саъй-ҳаракатларни бошлаб юборди. Атроф-муҳит тозалигида ҳар бир фуқаронинг иштирокини таъминлаш, хонадонлар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳит тозалигига ҳурмат кўникмасини шакллантириш, шунингдек, ерга тупуриш, ерни сақич, писта пўчоғи ва бошқа чиқиндилар билан ифлослантириш каби иллатларга қарши курашиш мақсадида “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси жорий этилди.

Мазкур лойиҳа фуқароларда шаҳар ва қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда атроф-муҳитнинг тозалигида иштирок этишга ундаш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг тарбиясида тозалик орқали экологик маданиятни шакл­лантиришга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа доирасида кенг жамоатчилик иштирокида таълим муассасалари, маҳаллаларда сайёр учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, шаҳар ва қишлоқларни покиза сақлашга қаратилган тарғибот акциялари уюштирилмоқда. Бу борада жойлардаги маҳаллий ҳокимият идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари, таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Партия депутатлик гуруҳлари ҳамда фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоатчилик назорати тартибида шаҳар ва қишлоқларимиз кўчалари, хиёбонлари ва сув ҳавзалари ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, аҳолини юрт ободлиги йўлида бирлаштириш ҳамда ёшлар тарбиясида тиббий маданиятни шакллантириш ишлари бошлаб юборилди. Ўтган қисқа вақт давомида халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши сессиясига ҳамда вилоятнинг 5 та туман (Нурота, Навбаҳор, Томди, Кармана ва Қизилтепа) Кенгашлари сессиялари кун тартибига ушбу масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу масалалар бошқа маҳаллий Кенгашларда ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Пировардида, республикамиз ҳудудларида ўтказилган акция­лар ва оммавий ҳашарлар давомида республика миқёсида 126 километр узунлигидаги йўллар тозаланди, маҳалла, мактаб ва истироҳат боғларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди, 85 тоннадан ортиқ маиший чиқиндилар чиқарилди.

Мақсадимиз битта — тозалик йўлида бирлашиш. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроий қўмитасининг қарори билан “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси мақсадини ифодаловчи турли хил ҳажмдаги тарғибот материаллари: плакат, флаер ва буклетлар кўп минг сонда тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга, барча ҳудудлардаги таълим ва тиббиёт муассасаларига, маҳаллаларга беғараз етказилди.

Партиямиз расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлар ва “Adolat” газетаси ҳамда бошқа марказий ва маҳаллий омма­вий ахборот воситалари орқали кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасини амалиётга жорий этиш аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, экспертлар, мутасадди ташкилотлар вакиллари, ёшлар иштирокида бўлиб ўтган Ўзбекистон телевидениесининг “Муносабат” кўрсатувида ушбу долзарб масала юзасидан илиқ муносабатлар билдирилди.

Мазкур лойиҳа доирасида олдимизда турган энг муҳим вазифалардан яна бири — “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларидаги фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан табиий атроф-муҳитни асраб-авайлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий нормалар ижросини қатъий назорат қилишдан иборатдир.

Шу билан бирга, кўплаб хориж мамлакатлари (жумладан, ерга тупурганлик учун Қирғизистон, Сингапур ва бошқа кўплаб давлатларда жазо муқаррар) тажрибаси асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида атроф-муҳитни, шу жумладан, йўллар, оқава сувлар ва сув ҳавзаларини, уй-жойлар, жамоат жойлари, ишлаб чиқариш ва бошқа объектларни, ер участкаларини турли хил маиший чиқиндилар билан ифлослантирганлик учун жазо чораларини кучайтириш ва айнан маъмурий жавобгарлик иши қўзғатадиган органни аниқлаштириш таклифи ҳам илгари сурилмоқда. Чунончи, Президентимизнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида ҳам айнан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги экологик, санитария меъёр ва талабларини бузганлик учун қонунчиликда назарда тутилган маъмурий жазо чораларини кучайтириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима санкциялари миқдорини оширишга доир вазифалар белгиланган.

Бу орқали ёш авлод вакиллари онгида атроф-муҳитни тоза сақлаш кўникмасини шакллантириш, ҳар бир ташкилот ва муассасалар, ер эгаларининг ўз ҳудудларини тоза сақлашдаги масъуллигини ошириш, кўчалар ва сув ҳавзалари, шу жумладан, ариқлар, каналлар, зовурларни турли чиқиндилардан ҳимоя қилиш, пировардида, аҳоли саломатлигини сақлаш ҳамда табиий-атроф муҳитнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш, шаҳар ва қишлоқларимизни покиза тутишга эришамиз.

Ўрни келганда айтиб ўтиш жоиз, партиямиз томонидан ҳар йили Наврўз умумхалқ байрами ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами арафасида “Тозалик – саломатлик гарови!” акцияси ўтказиши ҳамда “Энг покиза оила”, “Энг покиза кўча” ва “Энг покиза маҳалла” номинациялари бўйича танловлар ташкил этиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам атроф-муҳит тозалигида жамоатчиликнинг иштирокини кенгайтириш, фикрини шакллантириш, атроф-муҳит тозалигига лоқайд қараган шахсларнинг виждонини уйғотиш учун муҳим аҳамият касб этади, албатта. Зеро, атроф-муҳит тозалиги, мамлакат озодалиги учун ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Энг муҳими, ана шу масъулиятни чин дилдан ҳис этиш, англаш ва тарғиб қилиш ҳар бир партия аъзосининг муқаддас бурчига айланиши лозим.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

 

 

БУРЧИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК was last modified: Февраль 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »