Буюк сиймо таваллуди кенг нишонланмоқда

3 Февраль, 11:46 • Тадбир, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 98 марта кўрилди • Комментариев к записи Буюк сиймо таваллуди кенг нишонланмоқда нет

Инсон азиз, хотира муқаддас. Дарҳақиқат, буюк сиймо хотираси мангуликка дахлдордир. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов кучли сиёсатчи, миллат етакчиси. Мустаҳкам жасорат, букилмас ирода соҳибидир. Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларда, эришилган ютуқларнинг барчаси у кишининг номи билан чамбарчас боғлиқдир.  Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ватанимиз равнақи йўлидаги беқиёс хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг буюк хотирасини абадийлаштириш бўйича юртимизда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, 2017 йилнинг 27 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш ва жойларда юқори савияда ташкиллаштиришга Тошкент вилоятининг барча шаҳар, туманларида ҳам кўтаринкилик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, мустақиллигимизнинг асосчиси, давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши томонидан 6-сонли умумтаълим мактабида “Буюк сиймо 80 ёшда” номли тадбир ўтказилди.

Буюк сиймонинг порлоқ хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутатлари, партиянинг Қибрай, Бўстонлиқ тумани Кенгашлари раислари, “Ҳаёт гули” маҳалласининг сайловчилари  ҳамда 6-сонли умумтаълим мактабининг педагог-ўқитувчилари, ўқувчи ёшлари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган “Хаёт гули” МФЙ раиси Шавкат Ибрагимов, 6-сонли умумтаълим мактаби директори Бектош Рустамов, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Чирчиқ шаҳар кенгаши референти Хусан Жомуродов, Қибрай тумани кенгаши раиси Азамат Акромовлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқимизнинг мустақил тараққиёт йўлини муносиб ҳимоя қилишдаги буюк ишлари ҳақида эътироф этишди.

 Хадиба Жуманова, Чирчиқ шаҳар “Ҳаёт гули” МФЙ фуқароси:

— Ўзбек халқининг Биринчи Президенти ҳақида қанча гапирмайлик шунча оз. Чунки у кишининг юрт учун, миллат учун қилган ишлари асрларга татигуликдир. Бу зот бизни озод ва обод Ватан қучоғида эркин ва ҳур яшашдек энг олий бахтни берди. Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, буюк бобокалонларимиз номини тиклади. Манашундай юртпарвар, халқпарвар кишининг улуғ номини, эзгу амалларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши томонидан тадбир иштирокчилари ва мехмонлар учун дастурхон ёзилиб Биринчи Президентимиз хотирасига фотиха қилинди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Буюк сиймо таваллуди кенг нишонланмоқда was last modified: Февраль 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »