Давлат дастури ижроси бизни янада фаолликка ундайди

2 Февраль, 11:24 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 165 марта кўрилди • Комментариев к записи Давлат дастури ижроси бизни янада фаолликка ундайди нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 январдаги фармони асосида Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланиб, унда қатор ҳаётий мақсад-вазифалар белгилаб қўйилгани келгусидаги тараққиётимизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Дастурда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишни амалда таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимлик органлари ваколати кенгайтирилди. Унга кўра энди ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, масъулиятни тўла ўз зиммасига олиши, керак бўлса, ўз аравасини ўзи тортиши ҳамда ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларга масъул бўлган раҳбарларни танлаш ва жой-жойига қўйиши талаб этилади. Хусусан, бундан буён тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими, иқтисодиёт, молия бўлимлари, солиқ инспекцияси ва бошқа тузилмалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этишни туман ҳокими амалга оширади. Маҳаллий раҳбарларга бундай кенг ваколат ва имкониятлар берилиши ҳудудларни ривожлантириш самарадорлигини таъминлайди.

Бу механизм, ўз навбатида, маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Боиси, ҳокимлар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан маҳаллий Кенгашларга ҳисоботлар тақдим этади. Маҳаллий Кенгашлар ўз ўрнида тегишли қарорлар қабул қилади.

 Шу ўринда яна бир гап. Давлат дастурида  тиббий хизмат ва дорихоналар фаолиятини ривожлантириш ва бу орқали аҳоли саломатлигини сақлаш, узоқ умр кўришини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳам партиямиз олдида катта масъулият юклайди. Дарҳақиқат, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ бекор қилингани адолатли жамиятимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устунлигини, илмли, маърифатли ва етук кадрларни ўз истеъдодларини тўлақонли намойиш этишига қонуний йўл очиб берганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Бу эса биздан янада фаол ва ташаббускор бўлишни, халқ вакили сифатида улар билан доимий мулоқот қилишни, ўз сайловчиларимиз, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишни тақозо этади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида халқ хоҳиш-иродаси ҳисобга олинаётгани, фуқаролар халқ ва давлат аҳамиятига молик ҳужжатларни қабул қилишда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлаётганидан далолат беради. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки ҳар қандай қонун ҳамда йирик дастурлар кенг жамоатчилик ва аҳоли муҳокамасидан ўтказилиб, уларнинг таклиф-ташаббуслари билан бойитилса, ислоҳотлар самарадорлиги ошади, ҳужжатларнинг халқчиллиги таъминланади. Бу эса, ўз навбатида, эркин фуқаролик жамияти ҳамда кучли демократик давлат барпо этишнинг муҳим омили саналади.

Давлат дастури мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур ўрганиб, унинг ижросини таъминлашда биз депутатлар ҳам ўз вазифа-ваколатимиздан унумли фойдаланган ҳолда самарали фаолият юритишимиз лозим. Партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар сессияларига доимий равишда ташаббус-масала олиб чиқиш, аҳоли, айниқса, сайловчилар, электоратимиз манфаати ҳимоясига доир тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантиришимиз зарур.

Қизларшой РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

Давлат дастури ижроси бизни янада фаолликка ундайди was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »