Депутат ва ёшлар: Бизда таклиф бор

12 Февраль, 14:19 • Депутат минбари, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 221 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат ва ёшлар: Бизда таклиф бор нет

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати — Ўзбекистон “Адолат” СДП Фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов Фарғона вилоятида бўлиб сайловчилар билан очиқ мулоқотлар олиб бормоқда.

Куни кеча Фарғона давлат университетидаги депутат иштирокида бўлиб ўтган тадбир ҳам талаба-ёшларнинг қонунчилигимизда рўй бераётган ўзгаришлар, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган янги қонун ва фармонларга муносабатларини ўрганишга бағишланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамкорлигида “Ватан келажаги ёшлар қўлида!” ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкилланган депутат ва ёшлар учрашувида ўқитувчи-педагоглар, ота-оналар, партия фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Депутат, аввало, ёшлар билан яқиндан танишар экан, уларнинг келажакдаги режалари, орзу-истаклари билан қизиқди. Очиқ мулоқот давомида ўз фаолияти, парламент тушунчаси, қонун ижодкорлиги тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди. Талабалар миллий қонунчилик борасида ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар ва улар билдирган бир қатор масалалар депутатимиз эътиборини тортди:

Наргиза Раҳмонова, педагогика факулътети 3-босқич талабаси:

“Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни билим олишларига, айниқса, бошланғич таълим сифатини кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мен талаба сифатида бу ўта масъулиятли йўналишда таълим олар эканман, бизга бу соҳада амалий машғулотлар қуйи босқичларданоқ  ўргатилиши тарафдориман. Чунки назарий билим қанчалик кучли бўлмасин, у амалиётда қўлланилиб борилсагина, мустаҳкамланиб боради. Менинг бу таклифимни депутат алоҳида этибор билан тинглагани ва муҳим вазифалар қаторида ён дафтарига қайд этганини ўзи ҳам юртимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг бир ифодасидир.”

Валиев Насимжон, физика-математика йўналиши 1-босқич талабаси:

“Биз ёшларни сифатли таълим олишимиз учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Тўғри, олий таълим ривожланиши давомида соҳада учраётган камчиликлар ҳам бор, лекин улар кўз ўнгимизда аста-секин барҳам топиб бормоқда.

Мен ҳам талабалар қатори университетимизга маърузалар галереяси қуриш таклифини билдирдим.Чунки, одатда талаба бўлишни орзу қилган ҳар бир ўқувчи тасаввурида шундай катта аудиториялар, ўқув хоналари гавдаланади. Галереялар тузилиш шаклига кўра ўқувчига эркинлик ва ҳотиржамлик бағишлаб, дарс муқаддас эканлигини ҳис қилишга,  диққат-эътиборни жамлашга ёрдам беради. Менимча, таклифим депутатга ҳам жуда маъқул тушди.”

Жонли мулоқотлар давомида талабалар эътиборига депутат томонидан тайёрланган сўровномалар ҳам тақдим этилди. Бунда сўровномаларнинг мақсади яқинда Президентимиз томонидан имзоланган «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонларга ёшларнинг муносабатларини ўрганишга қаратилди.

Умиджон Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

“Мамлакатимиз ёшлари бугун ҳар қайси соҳада етакчи, интилувчан ва ташаббускор бўлиб вояга етмоқдалар. Фарзандларимизнинг баркамол, ҳар томонлама етук ва сиёсий-ҳуқуқий билимдонлиги юрт тараққиётидан далолат беради. Бугунги суҳбат чоғида ёшлар билдираётган таклифлар, уларнинг сиёсий онги ва дунёқарашлари даражаси, ютуқлари ва мақсадларини ўрганар эканман, келажагимиз пойдевори мустаҳкам барпо этилаётганлигини чуқур ҳис этдим.”

Ёшлар билан олиб борилган мулоқот самарасини аниқлаш мақсадида, Умид Сулаймонов  талабаларга сиёсий –ҳуқуқий мавзуларда, депутатлар, партиялар фаолияти хусусида бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Депутат саволларига аниқ ва тўғри жавоб берган талабалардан Моҳизода Сафаралиева, Шахло Сулаймонова, Ҳусниддин Каримбердиев, Дилафруз Шеровалар депутатнинг эсдалик совғалари ва вилоят партия Кенгашининг фаҳрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Учрашув ёшлардаги ташаббускорлик, ижтимоий-сиёсий фаоллик, ҳуқуқий саводхонликни янада оширди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Депутат ва ёшлар: Бизда таклиф бор was last modified: Февраль 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »