Депутат ёшлар даврасида

13 Февраль, 19:11 • Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 87 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат ёшлар даврасида нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Депутат ёшлар даврасида” номи остида Бухоро Давлат университети талабалари билан учрашув ташкил этилди. Унда ўқув даргоҳининг табиий фанлар йўналиши бўйича таълим олаётган талабалари, ўқитувчи ва профессорлари, партия шаҳар Кенгаши ходимлари ва фаоллари, шаҳар Кенгаши депутатлари иштирок этишди. Тадбирни кириш сўзи билан университет ўқитувчиси Зебо Анварова очиб берар экан, мамлакатимизда бўлиб ўтаётган янгиланишлар, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Дилбар Ҳамдамова сўзга чиқиб, дастлаб депутатлик фаолияти давомида 2017 йилда амалга оширилган ишлари хусусида тўхталиб ўтди. Учрашув давомида ёшларни сиёсий саводхонлигини шакллантириш, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида доим фаол бўлишга чақирди.

Шунингдек, Дилбар Ҳамдамова Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтганлиги ва бу йиғилишда сўзлаган нутқи ҳақида тушунчалар бериб ўтди. Давлат раҳбари Миллий хавфсизлик хизмати ўқув юртларининг раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларига ёш кадрларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакат қонунчилиги талабларига риоя этиш, турли синовларга чидамли бўлиш, ўз устида мунтазам ишлаш ва профессионал маҳоратини узлуксиз ошириб боришга интилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш қатъий вазифа қилиб қўйилганлигини таъкидлар экан, ҳар бир талаба ўз соҳасининг кучли мутахассиси бўлиши лозимлигини алоҳида қайд этди.

Гулруҳ Ҳикматова, Университетнинг 3-босқич талабаси:

— Депутат билан бўлиб ўтган учрашув биз ёшларда жуда катта таассурот қолдирди. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармонлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида сўзлаган нутқининг моҳияти тушунтириб ўтилар экан, бу эса сиёсий билимимиз ва ҳуқуқий маданиятимизни ривожлантирди. Бу каби учрашувлар тез-тез ташкил этилса, албатта, барчамиз янада шижоат ва ғайрат билан ўқиймиз. Жамиятда ўз ўрнимизга эга бўлишга ҳаракат қиламиз.

Учрашув давомида депутат томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмуни ҳам ёшларга очиб берилди. Иқтидорли қизлар ўз истеъдодларини кўрсата олишга янада кенгроқ  имкониятга эга эканликлари айтиб ўтилди. “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан ўтказилган учрашув ёшларда жуда катта таассурот қолдирди. Талабалар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Депутат ёшлар даврасида was last modified: Февраль 13th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »