Долзарб вазифалар масъулияти

21 Февраль, 11:54 • Наманган вилояти, Пленум, Янгиликлар • 232 марта кўрилди • Комментариев к записи Долзарб вазифалар масъулияти нет

Наманганда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг IX пленуми бўлиб ўтди. Вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раҳбарлари ва ходимлари, маҳаллий кенгашларнинг депутатлари, фаоллар  иштирок этган тадбирда 2017 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди. Маърузачи – “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев, музокарада иштирок этган Наманган ва Уйчи туманлари, Наманган шаҳар партия кенгашларининг раислари Ёрқиной Ҳожиматова, Фаридахон Отахонова, Зафар Жўрабоев, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Иброҳимжон Абдуллаев ва бошқалар ҳисобот даврида партия лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар, уларнинг мазмун-мундарижаси ва натижадорлиги, БПТ ва аъзолар сафини ўстириш, халқ билан мулоқот, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик борасидаги, бошқа қатор соҳалар бўйича  фаолиятни танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама этдилар.

2017 йилда Амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида қатор ишлар амалга оширилди. Натижада аҳоли орасига кириб бориш, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиш ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида қарийб 8 мингдан ортиқ иштирокчи қамраб олинди. Хусусан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларга мувофиқ ишлаб чиқилган “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг барча туман, шаҳар Кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Улар ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатдилар. Ҳисобот даврида вилоят бўйича 464 та маҳалладаги 10 минг 637 та хонадон ва 174 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар жараёнида аҳолидан 1 минг 350 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан 130 та депутатлик сўровлари тайёрланиб, тегишли ташкилотларга юборилди. 567 та мурожаат ижобий ечимини топди. 653 таси жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.

Косонсой туман партия кенгашининг раиси Муроджон Жалилов:

— Менга маъқул бўлгани – пленумда фақат йўл қўйилган камчиликлар ва нуқсонлар ҳақида гапириш билан чекланилмади. Айни вақтда ҳолатни ўнглаш юзасидан аниқ ва фойдали таклифлар ҳам билдирилди. Айниқса, партия кенгашлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи диққат марказида бўлди. Вилоят кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясига иккита масала киритилгани ҳолда биронта шаҳар ёки туманда мазкур йўналишда мақтовга лойиқ иш қилингани йўқ. Мингбулоқ, Уйчи, Чортоқ, Чуст туманларида аъзолик бадалларини тўплаш ишлари ҳам ўлда-жўлдалиги аён бўлди. Энди бу борада олдимизда турган долзарб вазифаларнинг масъулиятини сезган ҳолда амалий ишларга ўтиш вақти келди.

Пленумда яна бир қизиқарли маълумот келтирилди. Ўтган уч йил мобайнида ўрни бўшаб қолган депутатлик жойларига халқ депутатлари вилоят кенгашига 20 та, шаҳар ва туман кенгашларига эса 80 марта сайлов ўтказилди. “Адолат” СДП вакиллари шу жараёнда атиги битта округда ўз номзодларини депутатликка ўтказа олдилар. Кўриниб турибдики, партиявий-ташкилий ишлар даражаси талаб даражасида эмас. Депутатликка номзодларнинг мустаҳкам ва ишончли заҳираси яратилмаган. Вазиятни ўнглаш учун тезкор ва таъсирчан чоралар кўрилмаса, келгуси йили парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловларда муваффақиятли қатнашиш муаммога айланиши турган гап.

Пленум иштирокчилари халқ депутатлари Наманган вилоят кенгшашидаги “Адолат” СДП гуруҳи фаолияти юзасидан ахборотни ҳам тингладилар. Бу тўғрида мазкур гуруҳ раҳбари Олимхон Мақсудов сўзга чиқди. У амалга оширилган ишларни қайд этиш билан бирга депутатларимиз фойдаланмаётган имкониятлар жуда кўплигини қайд этди. Айниқса, аҳоли билан мулоқот қилиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, депутатлик сўровларининг самарадорлигини ошириш каби йўналишларда ишларни кучайтириш талаб этилади. Ўрагниладиган масалалар эса оз эмас. “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини”, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” ва бошқа қатор партиявий лойиҳалар ҳам депутатларнинг мунтазам иштирокига мунтазир бўлиб турибди.

Пленумда партия вилоят Кенгаши ҳисобчиси Илёс Мамажонов “Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг 2017 йилги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларининг ижроси ҳамда 2018 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари” юзасидан  ахборот берди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши бўлим мудири Улуғбек Расулов қатнашди ва вилоят партия ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида гапирди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоятКенгаши матбуот хизмати

Долзарб вазифалар масъулияти was last modified: Февраль 21st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »