Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига ҳар биримиз масъулмиз

17 Февраль, 14:23 • Муносабат, Навоий вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 163 марта кўрилди • Комментариев к записи Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига ҳар биримиз масъулмиз нет

Юртимиз кундан-кун чирой очиб, шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, замонавий уй-жойлар, кўплаб хиёбон ва дам олиш масканлари бунёд этилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларни боғловчи транспорт-логистика тизимлари, автомобиль ва темир йўллари, кўприкларнинг қурилиши аҳолига қулайликлар яратиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жаннатмакон Ватанимизни янада кўркам ва обод қилиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитасининг 27-сон мажлиси қарори билан “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси Концепцияси тасдиқлади. Мазкур лойиҳанинг мақсади қуйидагича қилиб белгиланди:

— хонадонлар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш;

ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўз ҳудудини тоза сақлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш;

соҳага доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилаш орқали аҳоли саломатлигини сақлаш;

мамлакатимиз озодалиги йўлида кўнгилли иштирокчиларни кенг жалб этиш;

фуқароларда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, соҳа фидойиларининг меҳнатига ва яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотиш;

белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ва бу борада жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат.

  Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат”социал демократик партиясининг Конимех туман Кенгаши, туман ДСЭНМ ходимлари ва Халқ депутатлари Конимех туман Кенгаши депутатлик гуруҳидан иборат ишчи гуруҳ тузилди ва улар  билан биргаликда аҳолининг санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда маҳаллаларда, хусусан “Ғунча” МТМ, №12-сонли умумтаълим мактабида, туман “Хайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат махсулотлари хавфсизлиги давлат маркази”да, Конимех дехқон бозори, дўконлар, ташкилот ва муассасаларда сайёр учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Аҳоли томонидан маиший чиқиндиларни оқава сувларга оқизиш ёки белгиланмаган жойларга ташлаш, барг-хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари, баклашка, сақич ёки целлофан пакетларни улоқтириш каби ҳолатларнинг олдини олиш ва тозалашга қаратилган тарғибот акциялари уюштирилди. Тарғибот акцияларида тозаликка чорловчи буклет, флаерлар тарқатилди ҳамда аҳоли гавжум жойлар ва жамоат транспортларига тарғибот плакатлари жойлаштирилди. Ушбу ўрганишларда бир қанча муаммоларнинг мавжудлиги аниқланди  ва уларни бартараф этиш юзасидан Халқ депутатлари Конимех туман Кенгаши Сессиясига масала киритилиб, муҳокама қилинди.  Халқимизда “Тоза уйда дард қолмас”, “Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам, дард юқмас” каби нақллар бежизга айтилмаган. Хориж тажрибасига қарайдиган бўлсак, Европа ҳамда Осиёнинг кўпгина илғор давлатларида аҳолининг тиббий ва санитария-эпидемиологик маданияти юқори даражада эканлиги, фуқароларда атроф-муҳит тозалигига дахлдорлик ҳисси кучлилиги, шу билан бирга, ушбу тартиб-таомилларни бузганлик учун жазо чоралари қонунчилик билан қатъий тартибга солинганини кўришимиз мумкин. Масалан, Германия давлатида ўта қаттиққўл экологик қонунчилик амал қилиб, сувни, ерни ва ҳавони ифлослантириш каби қонунбузарликларга жиноий жазо белгиланган. Хусусан, атайин уюштирилган ифлослантиришларга 5 йилдан 10 йилгача озодликдан махрум қилиниши, эҳтиёткорсизлик натижасидаги қонунбузарликлар учун эса 3 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Бир қатор давлатларда атроф-муҳитни ифлослантирганлиги учун маъмурий жазо белгиланган — катта миқдорда жарима тўланади. Бельгия давлатида 2009 йилда атроф муҳитни ифлослантирганлик жаримаси тўғрисидаги қонун қабул қилинган бўлиб, ерга ташланган чиқинди учун 50 евро миқдорида, аҳлат қутилар атрофига ташланган чиқиндилар учун эса 150 евро қилиб белгиланган. Буюк Британия давлатида эса ҳаво тозалиги тўғрисидаги қонунни бузганлик учун 100 — 400 фунт стерлинг миқдорида, Франция давлатида эса хаттоки автомобиль хайдовчилари учун жарима солинадиган қонун ишлаб чиқилган. Атмосферага 1 км масофага 160 г миқдорида ис гази чиқарадиган автомобиль эгаси 2600 еврогача жарима тўлаши шарт деб белгиланган. Жарималар ҳамда жазо тайинланиши аҳолининг экологик маданиятини ошишига олиб келиши билан бир қаторда, кўпгина мамлакатларда чиқиндидан амалий фойдаланиш яхши йўлга қўйилган.

Юртимизда ҳам кейинги вақтларда атроф-муҳитни тоза сақлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан Конимех туманида ҳам кўп қаватли уйлар атрофида, бозорларда, кўчаларда турли хилдаги чиқинди учун алоҳида контейнерлар ўрнатилган бўлиб, бунинг натижасида биринчидан, атроф-муҳит ифлосланишининг олди олинса, иккинчи томондан ушбу чиқиндиларни қайта ишловчи минизаводлар хом ашё билан таъминланиб турибди. Учинчи, яъни энг асосий жиҳати – туманда яшовчи аҳолининг саломатлиги бўлиб, бу жиҳат партиямиз белгилаб берган муҳим ғоялардан бири эканлиги барчамизга маълум.

Барчага ўрнак бўла оладиган яна бир ютуқларимиздан бири – ишсиз аҳолининг кўпчилигини жамоатчилик асосида ишга ёллашнинг ташкил қилинишидир. Бунинг натижасида ишсизлик даражасининг камайиши билан бир қаторда кўчалар, ариқ-зовурлар, маҳалла ва гузарларнинг тоза, озода ва обод бўлаётганлиги сўзимизнинг исботидир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида, партия соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган дастурларда фаол иштирок этиши илгари сурилган.

Бунда партия атроф-муҳит тозалиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратиб, барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат Давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблайди. Бу йўлда партия мутасадди ташкилотлар билан биргаликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилади ҳамда “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим” деган тамойилни илгари суради.

Ушбу ўрганишлар ўтказишдан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг мақсади — фаолиятимизни янги сифат босқичига кўтариш, ҳар бир маҳаллий Кегаш депутатидан, партия гуруҳи аъзосидан, тиббиёт соҳаси ходимларидан халқ ва Ватан манфаати йўлида жонкуярлик, ташаббускорлик ва фидоийлик кўрсатишдан иборат.

Қудаимберди ЖАНХУЖАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Конимех туман Кенгаши раиси

 

Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига ҳар биримиз масъулмиз was last modified: Февраль 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »