Электорат манфаати ва сайловчи ишончини қозониш бош мақсадимиз

1 Февраль, 14:16 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 146 марта кўрилди • Комментариев к записи Электорат манфаати ва сайловчи ишончини қозониш бош мақсадимиз нет

Жорий йилнинг 1 февраль куни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси раҳбари Н.Умаров фракциянинг 2017 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда 2018 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида иштирокчиларга батафсил ахборот берди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда ва 22 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган тарихий Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар фракция фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди.

Ушбу тарихий маърузалар асосида партия фракцияси Иш режасини қайтадан кўриб чиқди ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, шунингдек энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича фракциянинг позицияларини ишлаб чиқиш механизмларини такомиллаштиришга катта эътибор қаратди.

2017 йил давомида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 46 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 125 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Аввалги йиллардан фарқли равишда йўлга қўйилган янги тизимга асосан партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда энг долзарб қонун лойиҳалари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг қуйи тузилмаларида, жумладан, бошланғич ташкилотлари фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамадан ўтказилди. Олинган таклифлар асосида ишлаб чиқилган партия сайловолди дастури ва электорат манфаатларини ифодаловчи аниқ позициялар фракция йиғилишида илгари сурилди. Жумладан, 24 та қонун лойиҳалари бўйича жойлардан олинган таклифларнинг 67 таси парламент қуйи палатасининг муҳокамаларида қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олинди.

2017 йил давомида фракция аъзолари 15 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Шунингдек, 2 та алоҳида қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.

Парламентдаги мухолиф сифатидаги ваколатларидан фойдаланиб, 2017 йилда фракция ташабусси билан Ҳукумат томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасининг муқобил таҳрири ишлаб чиқилиб, палата муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қабул қилинишига эришилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси 2017 йилда партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг назорат-таҳлил фаолиятида ҳам самарали натижаларга эришди.

Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус талим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги билан Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, аниқ мақсадли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда Халқ таълими вазирининг “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолатини таҳлил этиш, шу жумладан, 11 йиллик таълимни жорий этиш, касб-ҳунар коллежларида таълимни ислоҳ қилиш, борасидаги долзарб муаммолар тўғрисида”ги қўмита эшитуви ташкил этилди.

Шу билан бирга, ўтган йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда соҳанинг қуйи қисми бўлган ҚВПлар, оилавий поликлиникалардаги ўзгариш ва янгиликлар партия депутатлик корпуси томонидан назоратга олинди. Жумладан, партия фракцияси аъзолари Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган тиббиёт бўйича доимий Комиссия ишида фаол иштирок этдилар. Улар ўз сайлов округларида ушбу йўналишда аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиб, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил қилишди.

Депутатлар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, тор соҳа шифокорларнинг ва дори дармонларнинг етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасаларининг биноларини таъмирлаш ишларини ташкил этишда амалий кўмак берилди.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда аҳолининг замонавий тиббий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш мақсадида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва жойларда кенг муҳокамалари бўлиб ўтди.

Шунингдек, ўтган йилда Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Айни пайтда ушбу қонун лойиҳалари жойларда соҳа мутахассислари ва партия электорати орасида кенг муҳокамалардан ўтказилмоқда. Янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳозирда ушбу йўналишда ҳамкорлик давом эттирилмоқда.

Матбуот анжуманида алоҳида қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси ва «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури асосида фракция томонидан алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.

Бунда аввало соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”га қонун лойиҳаларини янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тезроқ такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш белгиланган.

Бундан ташқари, жорий йилда партия фракцияси ташаббуси билан адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2018 йилда партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб мактабгача таълим тизимида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада айниқса, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда аттестация ва аккредитация қилиш жараёнларида енгилликлар яратиш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, бу бора олиб борилаётган ишлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест марказига парламент сўровини юборишни белгиланган.

Тадбирда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида” Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ўз олдига мамлакатимизда амалга оширилаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш орқали электорат манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш ва сайловчилар ишончини қозонишга қаратилган долзарб вазифаларни белгилаб олганлиги фракция раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Электорат манфаати ва сайловчи ишончини қозониш бош мақсадимиз was last modified: Февраль 1st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »