Энг фаол, ташаббускор аёллар аниқланмоқда

19 Февраль, 18:10 • Аёллар қаноти, Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 189 марта кўрилди • Комментариев к записи Энг фаол, ташаббускор аёллар аниқланмоқда нет

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, аёлларни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг мавқеларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ана шу тарихий ислоҳотларда юртимиз хотин-қизлари ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Партия сафидаги мана шундай энг фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган аёлларни аниқлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, партия тизимида оқила, фаол аёллар сонини кўпайтириш, уларнинг тажрибасини кенг тадбиқ қилиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди. Юқори савияда ташкил этилган тадбирда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаол аъзолари иштирок этишди. Танловнинг туман ва шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган фаол партиядошларимиз вилоят босқичида тўрт шарт доирасида ўзларининг билим ва қобилиятларини, истеъдод ва салоҳиятларини намойиш этишди. Кўрик-танловнинг биринчи шарти бўйича баҳолар якуний босқичдан аввалроқ, яъни иштирокчилар олдиндан танлов ҳайъатига тақдим этган ҳужжатлар асосида қўйилди. Иштирокчилар танловнинг “Адолат – менинг нигоҳимда” шарти бўйича ўзларини таништириш баробарида ижтимоий-сиёсий фаоллигини, яшаётган ҳудуди тўғрисида маълумот бериб ўтишди. “Сиёсий билимдонлик” шартида эса савол-жавоблар орқали сиёсий партия фаолиятига доир миллий қонунчилик, шунингдек, ижтимоий-сиёсий жараёнлардан хабардор эканлиги, фаол фуқаролик позицияси, нотиқлик қобилиятга эга эканлиги синовдан ўтказилди. Эркин мавзу шартини бажаришда ғолибликка номзодлар ўзларининг ижодий қобилиятларини муносиб намойиш этишди. Энг фаол адолатчи аёллар ўзларининг кенг қиррали, маҳоратлари, бадиий чиқишлари билан йиғилганларда катта таассурот қолдиришди.

Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг чиқишларини талабчанлик билан баҳолашди. Албатта, уларни баҳолаш осон бўлмади. Чунки, танлов иштирокчиларининг ҳар бири ғолиб бўлишга лойиқ эди. Кўрик-танлов натижаларига кўра, танловнинг учинчи ўрнига Жондор туман Кенгашидан қатнашган туман Стоматология поликлиникаси шифокори Моҳира Ҳамидова, иккинчи ўринга Вобкент туман Кенгаши иштирокчиси тумандаги 2-сон умумтаълим мактаби кимё фани ўқитувчиси Меҳринисо Муҳуммадиевалар муносиб деб топилди. “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг республика босқичига қатнашиш ҳуқуқига Бухоро шаҳар Кенгаши иштирокчиси, 17-умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, иқтисод фани ўқитувчиси Меҳринисо Муҳсинова эга бўлди. Шунингдек, бошқа иштирокчилар “Йилнинг энг фаол тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг фаол мафтункор аёли” сингари номинацияларни қўлга киритишди. Барча иштирокчилар партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Энг фаол, ташаббускор аёллар аниқланмоқда was last modified: Февраль 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »