Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди

20 Февраль, 19:24 • Пленум, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 136 марта кўрилди • Комментариев к записи Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди нет

Гулистон шаҳар ҳокимлигининг кичик мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилоти вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия экспертлари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2017 йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, 2018 йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб, Пленумда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 2017 йилдаги фаолияти юзасидан партия Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева ахбороти эшитилди.

Эътироф этилдики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги парламент ва сиёсий партиялар билан учрашувидаги маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлар фаолиятимизга замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди.

Партия вилоят Кенгаши ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, Президент маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши VIII Пленумида тасдиқланган чора-тадбирлар дастури партия вилоят Кенгаши фаолиятини янада фаоллаштирди.

Хусусан, 2017 йилнинг 31 июль — 2 август кунлари партиянинг 11 та туман (шаҳар) ва 3 август куни ҳудудий партия Кенгашлари Пленумларида маърузада белгиланган вазифалар кенг муҳокама қилинди.

Уларда партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларининг 2017 йилнинг 2-ярим йиллигига мўлжалланган иш режалари қайтадан кўриб чиқилиб, партия дастурининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Шу билан бирга, фаолиятида сусткашликка йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

2017 йилда амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида аҳоли орасига кириб бориш орқали, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатилди.

Хусусан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида  партиянинг барча туман, шаҳар Кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.

Ҳисобот даврида вилоят бўйича 222 та маҳалладаги 6730 та хонадонга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 872 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан 236 та депутатлик сўровлари юборилиб, ўтган давр мобайнида 200 дан ортиқ муаммолар ҳал этилишига эришилди.

Мазкур соҳадаги ишларимиз барча туманларда самарали ташкил этилди, деб айта олмаймиз. Таҳлил қилинганда Боёвут, Сайҳунобод, Гулистон туман Кенгашларининг бу йўналишдаги фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Ушбу партия Кенгашлари ҳудуддаги барча маҳаллаларни қамраб ололмади.

Шунингдек, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Ижтимоий соҳа ривожи – аҳоли фаровонлигининг гарови”, “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори!” лойиҳалари доирасида ҳам вилоятда ишлар суст олиб борилганлиги танқид остига олинди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида вилоят бўйича “Адолат” қабулхоналарига фуқаролар ва юридик шахслардан жами 69 та мурожаат келган бўлиб, уларнинг 52 таси ижобий ҳал этилди. 14 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мурожаатларнинг 3 таси ҳозирда ижро жараёнида бўлиб, улар устидан депутатлик назорати ўрнатилган.

Партия тизимидаги қабулхоналар фаолияти таҳлил қилинганда Оқолтин ва Сардоба туманларидан атиги 1 нафар фуқаро мурожаати келиб тушган. Бу маълумот туман, шаҳар Кенгашлари раисларининг фуқаролар қабули борасида самарали иш олиб бормаганлигидан далолат беради.

2017 йил 12 июлдаги Президент маърузаси асосида партиянинг ёшлар билан ишлашга доир фаолияти алоҳида йўналиш сифатида танқидий таҳлил қилиниб, белгиланган вазифалар доирасида ёшлар билан ишлаш тубдан қайта кўриб чиқилганига қарамай “Ёш адолатчилар” қаноти фаолияти ҳам қониқарли эмас. Ўтган йил давомида вилоят “Ёш адолатчилар” қаноти атиги 41 та тадбир ўтказиб, республикада энг паст натижа кўрсатган. Тадбирлардан бошқа амалий ишлар олиб борилмаган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор беришлари таъкидланди.

2018 йил 1 январь ҳолатига партия аъзоларининг сони 10499 нафарни ташкил этиб, йил давомида партия аъзолари сони 4088 нафарга ўсди. Бу кўрсаткич 2017 йил 1 январь ҳолатига нисбатан (6411 нафар) 61 фоизга ошганини кўрсатади. Шунга қарамасдан Оқолтин тумани, Ширин шаҳар Кенгашлари натижалари анча паст кўрсаткични қайд этиб, режани бажармаганликлари алоҳида танқид қилинди.

Маърузалар учун музокараларда Оқолтин туман Кенгаши раиси Ў.Қудратов, Сирдарё туман партия ташкилоти раиси Т.Каримов, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари У.Абдуллаев ва О.Эгамбердиеваларнинг фикрлари тингланди.

Пленумда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов ҳар бир туман ва шаҳар Кенгаши раиси билан алоҳида суҳбатлашиб, партия ташкилотларида ижро интизомини мустаҳкамлаш, вилоятда партиянинг обрўси ва нуфузини юксалтириш, партия сафларини фаол аъзолар ҳисобидан кенгайтириш, партия депутатлик корпусининг фаолиятини янада кучайтириш, сайловчилар ва электорат билан яқиндан иш олиб бориш ҳамда амалий ишлар билан халқ ишончини қозониш лозимлиги юзасидан фикрларини билдириб, аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Пленум сўнгида фаоллиги билан бошқа маҳаллий Кенгаш депутатларига ўрнак бўлиб келаётган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати С.Элмуродовга Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ташаккурномаси тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов томонидан партия сафига янги қабул қилинганларга аъзолик билетлари топширилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди was last modified: Февраль 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »