Фан соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш истиқболлари

26 Февраль, 19:38 • Бухоро вилояти, Янгиликлар • 266 марта кўрилди • Комментариев к записи Фан соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш истиқболлари нет

Фан ва таълим соҳасига бўлган эътибор мамлакатнинг ҳар жиҳатдан тараққийлашиб боришида хизмат қилади. Бугунги кунда юртимизда кўплаб соҳалар қатори илм-фан ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қарор, фармон ҳамда қонунлар қабул қилинмоқда. Бу эса шубҳасиз, соҳа мутахассисларининг меҳнат фаолиятига бўлган эътиборнинг яна бир намунасидир.

“Фан тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган “Фан соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу қонун лойиҳаси Бухоро Давлат Университетида вилоятдаги барча олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг муҳокамасида бўлди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев сўзга чиқиб, “Ўзбекистон Республикасида илм-фан соҳасининг ҳуқуқий асослари” мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида мамлакатимизда фанга бўлган эътибор, хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда яратилаётган имкониятлар тўғрисида тўхталиб ўтди. 1-1,5 йилдан буён илм-фанга берилаётган эътиборнинг кучайганлиги, бу борада қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилинаётганлиги хусусида ҳам таъкидлади. Шунингдек, мамлакат раҳбарининг 2016 йилда олимлар билан бўлиб ўтган учрашуви давомида уларнинг фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, кучайтириш, замонавий технологиялар, инновацион мактабларни ташкил этишга алоҳида тўхталиб ўтганлиги депутат томонидан таъкидланар экан, кўплаб давлатларда, хусусан, АҚШ, Россия, Қозоғистон ҳамда Осиё мамлакатларида “Фан” тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинганлиги борасида ҳам айтиб ўтди.

Қодир Жўраев “Фан” тўғрисидаги қонун лойиҳасининг 8 боб , 40 моддадан иборат эканлиги ҳақида таъкидлар экан, ҳар бир модда номи ҳамда моҳиятини таҳлил қилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида фанга алоҳида эътибор қаратилган. Инновацион технологияларни янада ривожлантириш, олимларни, ёш олимларнинг ижтимоий фаолиятини муҳофаза қилиш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш тарафдори эканлиги депутат томонидан алоҳида эътиборга олиниб айтилар экан, бу эса барча йиғилиш қатнашчиларини фикрлашга, қонун лойиҳасини муҳокама этиб бориш давомида таклиф ва тавсияларини билдиришга чақирди.

Бухоро Давлат университети “Жисмоний маданият” факультети профессори Ҳафиз Ботиров илмий иш билан машғул ўқитувчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида ўз таклифларини киритган бўлса, “Иқтисод” кафедраси доценти Маҳмуд Орипов  қонун номига ўзгартириш киритиш, унинг моддаларида фан билан шуғулланувчи мутахассисларни чет элларда малакасини оширишни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни инобатга олиш, Иқтисод фанлари доктори, профессор Бахтиёр Наврўз-зодалар эса қонуннинг бир қатор моддаларига ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини беришди.

Қонун лойиҳаси чуқур ўрганилган ҳолда муҳокама қилинар экан, депутат томонидан барча фикр ва мулоҳазалар қайд этиб борилди. Берилган саволлар жавобсиз қолдирилмади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Фан соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш истиқболлари was last modified: Февраль 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »