Фарғонанинг фаол адолатчи аёли

26 Февраль, 12:11 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 102 марта кўрилди • Комментариев к записи Фарғонанинг фаол адолатчи аёли нет

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида қайд этилган хотин-қизларга тааллуқли қонунчиликни янада такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга доир кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби вазифалар ижроси доирасида партия ташаббуси билан “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови жорий этилган.

Яқинда Фарғона шаҳрида мазкур танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Вилоятимиздаги “Дўстлик” меҳмонхонасида байрамона ташкил этилган танлов, кутилганидек, жуда қизғин ва муросасиз кечди. Танловнинг туман-шаҳар босқичларида ғолиб бўлган хотин-қизлар ҳар соҳада етукликлари боис, беллашув қизиқарли ўтди. Тадбирда иштирок этган ҳайъат аъзолари ҳам кўрик-танлов қатнашчилари адолатли сараланганини эътироф этдилар.

Ўзаро қизғин рақобатга киришган аёллар танлов шартларида сиёсий маҳоратлари, лидерлик ва нотиқлик қобилиятларини намоён этдилар. Вилоят партия Кенгашининг “Аёллар қаноти” етакчиси – Республика “Йил аёли” кўрик-танловининг биринчи ўрин соҳиби Шаҳноза Ғаниева, вилоят партия Кенгаши мутахассиси Дилноза Эрматова, “Ибратли Бекам” ўқув маркази БПТ етакчиси Гулнора Қосимовалардан иборат  ҳайъат аъзолари танловда қатнашаётган аёлларнинг жамиятда ўз меҳнати ва қобилияти, фаоллиги билан эришган ютуқлари, сиёсий билими ва тарғиботчилиги бўйича ҳаракатларини босқичма-босқич баҳолаб бордилар.

Танлов сўнгида аёллар ичида фаоллиги, зийраклиги, жамоатчилиги, сиёсий билимдонлиги билан устунлик кўрсата олган Ўзбекистон туманидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Муқаддамхон Маматхўжаева  биринчи ўринга муносиб деб топилди.

Муқаддамхон Маматхўжаева, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби:

 “Ғолибликка номзод дугоналаримдаги ғайрат ва шижоатни кўриб, тадбир аввалида мени кучли ҳаяжон қамраб олди. “Йилнинг энг фаоли адолатчи аёли” деган ном қозониш иштиёқи мени дадилликка чорлади. Биринчиликни қўлга киритишимда партия тадбирлари ва сиёсий ўқувларидаги иштироким, уларда орттирган миллий қонунчилигимиз борасидаги билимларим менга катта ёрдам берди.”

Иккинчи ўринга сазовор бўлган Бағдод тумани фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларини мувофиқлаштириш туман Кенгаши бош мутахассиси Муяссар Абдураимова иштирокчиларни ўзининг ўзбекона одоби, сўзамоллиги, партия фаоли сифатида тизимда ортирган тажрибаси билан ўзига жалб эта олди.

Шунингдек, эркин мавзу орқали ўзининг юморга бой актёрлик маҳоратини намоён қилган Фарғона тумани ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Диёра Тўйчиева 3-ўринни эгаллади.

Тадбир сўнгида ғолиблар ва фаол иштирок этган аёллар вилоят партия Кенгашининг эсдалик совғалари, диплом ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Шу билан бирга барча иштирокчиларга ҳомий ташкилотлар томонидан “Ибратли бекам” касб-ҳунар маркази ўқув курсларига бепул йўлланма ҳам тақдим этилди.

Беллашув давомида ўзаро дўстлик ришталарини боғлаган иштирокчи аёллар танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритган танлов ғолибаси Муқаддамхон Маматхўжаевага зафарлар тиладилар.

Аёлларимизнинг бой ички ва ташқи сирли олами, уларнинг қизиқишлари ва интилишларини рўёбга чиқариб берувчи ушбу танлов иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Фарғонанинг фаол адолатчи аёли was last modified: Февраль 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »