Фармон ўқувчи ва ота-оналарга катта қулайлик яратади

14 Февраль, 16:30 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 159 марта кўрилди • Комментариев к записи Фармон ўқувчи ва ота-оналарга катта қулайлик яратади нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони таълим тизимида, айниқса ўрта махсус касб-ҳунар таълими йўналишида сўнгги йилларда йиғилиб қолган кўплаб муаммоларни бартараф этишга кенг йўл очиб берди. Жумладан, касб-ҳунар коллежларини жойлашган манзиллари, уларни аҳоли яшаш пунктларидан узоқ масофаларда эканлиги, буни ўқувчиларнинг давоматига катта салбий таъсир кўрсатиши, ўқув муассасаси ёшларни аввало ҳунарга ўргатишга йўналтирилган бўлсада, бироқ уларнинг бу борадаги моддий-техник базаси талабга жавоб бермаганлиги, мутахассисликларни касбий эҳтиёжга қараб тайёрланмаганлиги, бу эса ўз навбатида битирувчиларни иш билан таъминлашда катта муаммоларни келтириб чиқарганлиги, ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур Фармон билан эса юқорида қайд этилган камчиликлар ва муаммолар ўз ечимини топди десак, муболаға бўлмайди. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб 11-синф битирувчиларини хоҳиш-истакларига қараб уларга ҳунар ўргатилиши, бунда энг аввало кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ўрганган ҳолда касб-ҳунар коллежларининг фаолиятлари мувофиқлаштирилиши, бўш қолаётган бинолардан эса самарали фойдаланишни ташкил этган ҳолда уларда мактаб, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ёки бугунги куннинг энг долзарб талабларидан бири бўлган мактабгача таълим муассасаларига айлантирилиши аҳолининг кўнглидаги гаплар бўлди.

Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири касб-ҳунар коллежларини оддий таълим маскани эмас, балки ўз танлаган йўналиши бўйича мукаммал билим ва ҳунарга эга бўлган ёшларни етказиб беришга қаратилганлигидир. Бунда нафақат маҳаллий балки хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган. Бу албатта ёшларни ўз соҳасининг билимли мутахассиси бўлишига хизмат қилади.

Шунингдек, Фармонда нодавлат таълим сектори билан давлат таълим тизимини интеграциялашга ҳам эътибор берилган бўлиб, келгусида табақалаштирилган таълим жараёнини амалиётга татбиқ этиш белгиланган. Бу ҳам ўз навбатида коллеж ўқувчиларининг таълим олишга бўлган муносабатини ўзгартириши билан бирга, ўз танлаган соҳасига бўлган интилувчанлигини орттириши шубҳасиздир.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармон эски хатоликлардан тўғри хулоса қилинган ҳолда, узоқни кўзлаб, айниқса ёшларга пухта билим ва малакали ҳунар ўргатишга қулай шароитларни яратиб беришни кўзда тутиб қабул қилинганлиги билан аҳамиятлидир. Ёшларни ўз касбининг етук ва малакали мутахассиси бўлиб етишиши ўз навбатида иқтисодиётнинг барча соҳаларини малакали кадрлар билан таъминланишига ёрдам берса, мутахассисликларга бўлган эҳтиёжни ўрганган ҳолда ёшларни касбга тайёрлаш эса уларнинг доимий иш билан таъминланишига кафолат беради. Ўқувчиларнинг давоматлари яхшиланиши билан бирга, ўз-ўзидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни содир этилиши, эрта турмуш, эрта туғруқ ҳолатлари ва яна бошқа кўплаб салбий ҳолатларнинг олди олинади. Юртнинг эртанги куни ёшларнинг қўлида экан, демак бу йўлда олиб борилаётган ислоҳотларда биз депутатлар ҳам жонбозлик кўрсатишимиз лозим деб, ўйлайман.

Кифоят ЭРМУХАММЕДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Тошкент вилояти

Кенгаши депутати

Фармон ўқувчи ва ота-оналарга катта қулайлик яратади was last modified: Февраль 14th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »