Фармон ўқувчилар вақти тўғри сарфланишига асос бўлади

9 Февраль, 15:23 • Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 169 марта кўрилди • Комментариев к записи Фармон ўқувчилар вақти тўғри сарфланишига асос бўлади нет

Барчамизга маълумки, яқинда Президентимизнинг «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ушбу Фармон қабул қилингунга қадар ҳудудларда махсус ташкил этилган ишчи гуруҳлар ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимидаги ютуқ ва камчиликлар борасида чуқур ўрганишлар олиб бордилар. Хулосалар натижаси умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ҳозирги давр талабларига мувофиқ эмаслиги ва соҳага янги ислоҳотлар зарур эканлигини очиқ ва ойдин кўрсатиб берди.

Миллий қонунчилигимиз асоси бўлган Конститутциямизда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сифатли ва бепул умумий таълим олиш ҳуқуқига эгадир. Бу борада партиянинг Сайловолди дастурида ҳам ҳар бир фуқаро яхши ҳақ тўланадиган муносиб иш топиш, яхши мутахассис бўлиш ва истаган пайтида ўз ишини ташкил этиш имкониятига эга бўлиши лозимлиги қайд этилган.

Дарҳақиқат, ҳар қайси оила ўз фарзандини вояга етказар экан, унинг билимли ва салоҳиятли инсон бўлиб улғайишини, келажаги порлоқ бўлишини, таълим масканларида ўрганган илму ҳунари ҳаёт йўлини ёритишини истайди. Ёшлар ҳам ўсиб-улғайишлари давомида ўзлари қизиққан сабоқлар ёки машғулотларни пухта ўзлаштиришга интилиб борадилар. Биз уларни бу қизиқишларини таъминлашда қандай ёрдам кўрсата оламиз? Улар қизиқиб эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан таъминланишини кафолатлай оламизми? Кейинги йилларда бу каби саволларга ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимда жавобимиз мужмаллаша бошлагани барчамизга аён бўлмоқда эди.

Ўқувчининг уйидан узоқда бўлган, амалиёт ишлари талабга мувофиқ йўлга қўйилмаган, бирор корхона ёки маҳаллий ташкилот билан яқин ҳамкорликда бўлмаган, транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган касб-ҳунар коллежларини яқин йиллар ичида қанчадан – қанча умидли ёшларимиз тугалладилар ва ачинарлиси, меҳнат бозорида ўз ўрнини ҳанузга қадар эгаллай олмаган қисми ҳам талайгина.

Шу боис Президентимиз ташаббуси билан 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилиши бутун халқимиз хоҳиш-иродасини ифода этди ва бу ислоҳот кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Бу борада тизимга ўзгартиришлар олиб киришдан олдин жаҳондаги ривожланган мамлакатлар тажрибаси, бутун жамоатчилик фикри ва таклифлари пухта ўрганиб борилди. Фармонда белгилаб қўйилганидек, келгуси ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўқитиш муддатларида амалга оширилиши ўқувчилар вақтини тўғри сарфланишига асос бўлади.

Шу билан бирга, Фармонда касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимининг муҳим вазифалари сифатида қайд этилган камида иккита хорижий тилни биладиган малакали кадрларни тайёрлаш, уларга меҳнат бозорида бўлган реал эҳтиёжни аниқлаш, етакчи маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, соҳага юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш мақсадлари – замонавий касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллашувига замин яратади.

Биз эндиликда Фармон ижроси доирасида ўз дастурий вазифларимиз қаторида қайд этилган — кадрларга бўлган бугунги ва истиқболдаги заруратни ҳисобга олган ҳолда, ўрта махсус касб-ҳунар мутахассислик йўналишларини босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш, мутахассислар эҳтиёжга нисбатан кўпроқ тайёрланаётган гуманитар таълим йўналишларини қисқартириб бориш ва шундан келиб чиққан ҳолда — хизмат кўрсатиш соҳаси, аграр сектор, ишлаб чиқариш соҳаси, уй жой-коммунал хўжалиги учун мутахассислар тайёрлашни кенгайтириш хусусидаги таклифларимизни амалий мисоллар билан асослантиришимиз, ушбу соҳа тизимини ривожлантиришга оид янги лойиҳалар тақдим этмоғимиз мумкин.

Янги фикр ва ғоялар, таклифлар ишлаб чиқишда эса касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлар, тизимда меҳнат қилаётган педагог-ўқитувчилар ва ота-оналар қарашларини пухта ўрганиш, турли сўровномалар ташкил этиш, уларни мурожаатларини тинглаш ва қабул қилиш, депутатларимиз ваколатларидан унумли фойдаланган ҳолда ҳамкорликда касб-ҳунар таълими тизимида ўрганишлар олиб бориш яхши самара беради. Бугун Фармон моҳияти ва ундан кўзланган истиқболли режаларни чуқур тушуниб етаётган ёшларимиз Давлатимиз раҳбарининг бундай ташаббусларини қўллаб-қувватламоқдалар.

Бекмирза АЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

 

 

Фармон ўқувчилар вақти тўғри сарфланишига асос бўлади was last modified: Февраль 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »