Фуқаролик паспортини олишда муаммоларга йўл қўйилмади

14 Февраль, 18:36 • Бухоро вилояти, Депутатлик гуруҳи, Янгиликлар • 185 марта кўрилди • Комментариев к записи Фуқаролик паспортини олишда муаммоларга йўл қўйилмади нет

Юртимиз равнақи йўлида қилинаётган ҳар бир янгилик албатта, фуқаролар манфаатлари учун хизмат қилиб келмоқда. Айниқса, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш, муаммоларини ҳал этиш орқали халқ ишончини оқлаш муҳим ҳаётий аҳамият касб этмоқда. Шундай экан, халқ билан ишлаш ва ундаги камчиликларнинг бартараф этилишида астойдил кўмаклашиш депутат фаолиятининг энг асосий мезонидир. Ҳар бир депутат ана шу мезон асосида фаолият олиб бормоғи даркор. Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга бефарқ эмас.

Дарҳақиқат, ушбу депутатлик гуруҳи аъзоларининг 2017 йил давомида амалга оширган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида депутатлик гуруҳи раҳбари Нодира Мўминова сўзга чиқиб, 2017 йилда талайгина ишларнинг амалга оширилганлиги, мавжуд муаммолар юзасидан йил давомида тегишли ташкилотларга 38 та депутатлик сўровларининг чиқарилганлиги тўғрисида таъкидлади. Депутатлик сўровларининг 26 таси ижобий ҳал этилди. 9 тасида эса депутатлик назорати ўрнатилди. 3 та депутатлик сўрови “Когоннажот йўли” хусусий корхонаси, “Buxoro FARM STANDART”, “Новавита” каби масъулияти чекланган жамиятларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси (жумладан, 227 турдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг мавжудлигини таъминлаш ва рўйхатда кўрсатилган нархларда сотиш) юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилиши сўралган. Ушбу ташкилотлар маълумотларни тўлиқ ва батафсил депутатлик гуруҳи аъзоларига тақдим этишган. Сўровлар асосан шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармаси, шаҳар Тиббиёт бирлашмасига чиқарилган.

2017 йил давомида депутатлик гуруҳи томонидан “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари”, “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари” доимий комиссиясига 3 та ва “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги 1та масала сессияга киритилган. Сессияда депутатлик гуруҳи аъзоси Дилфуза Эргашова ўрганишлар юзасидан маълумотларни тақдим этган.

Айтиш ўринлики, Когон шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ўз фаолиятларига масъулият билан қараб келмоқда.

Депутатлик гуруҳи аъзолари 2017 йил давомида ҳамда 2018 йил бошида бирмунчагина муаммоларнинг ечилишида ташаббус кўрсатишган. Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзоси Жобир Ҳакимов фуқаролар билан бўлган мулоқоти чоғида “Адолат” МФЙ “Адолат” кўчаси 2-уй, 8-хонадонда истиқомат қилувчи Кибриё Ҳамроеванинг кўп йилдан буён юрак хасталигига чалинганлиги, саломатлиги оғирлашиб бораётганлиги ҳамда етарлича саломатлигини тиклаш учун маблағ етишмаслиги учун нафақага чиқаришини сўраб Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмасига йўллаган депутатлик сўрови ўзининг ижобий натижасини кўрсатди. Мутасадди ташкилот ходимлари томонидан фуқаро ҳолати ўрганилди. 1976 йилда туғилган Кибриё Ҳамроева 2015 йилда бронхеал астма ташхиси билан Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимида, 2017 йил октябрь ойида Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси Шошилинч терапия бўлимида даволаниб чиққанлиги аниқланди. Бемор соғлигини қайта тиклаши учун Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлимига даволаниши ҳамда чуқур тиббий кўрикдан ўтиши учун йўлланма берилди. Ёки “Зибинисо” кўчаси 16-а уйда истиқомат қилувчи фуқаро Зарина Раҳмонованинг ногиронлик аравачасига муҳтожлиги тўғрисида билдирган мурожаати ҳам депутат томонидан ижобий ҳал этиб берилди. Яъни Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси томонидан депутатнинг сўрови ва фуқаронинг оғзаки мурожаати кўриб чиқилди. Тиббиёт бирлашмасига қарашли ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан Зарина Раҳмонова учун вилоят бошқармасига аравачи олиши учун буюртма берилди ва у ногиронлик аравачиси билан таъминланди. Депутат Жобир Ҳакимов томонидан “Темир йўлчи”, “Янги ҳаёт”, “Умид” ва “Ҳақиқат” кўчаларида истиқомат қилувчи аҳолининг тунги ёритиш чироқларининг носозлиги тўғрисидаги билдирган шикоятлари ўрганилди. Ўрганишлар асосида шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармасига йўллаган депутатлик сўровига ташкилот раҳбари юқорида номи келтирилган кўчаларнинг тунги ёритиш чироқларини таъмирлаш ишлари 2018 йилнинг 1-чорагида бартараф этилишини билдириб ўтди.

Гуруҳ аъзоси Муҳиддин Самиев ҳам “Зиёкор” МФЙ ҳудудидаги “Наврўз” кўчасида тунги ёритиш чироқларининг йўқлиги тўғрисида шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармасига қилган мурожаати жавобсиз қолдирилмади, яъни мурожаат ўрганилди, тунги ёритгичларга борадиган электр узатиш жавони собиқ Селхозтехника ҳудудида жойлашганлиги, ушбу кўп қаватли уйларнинг қурилиш сабаб тегишли электор узатиш жавони демонтаж қилинаётлиги, электор тармоқлари корхонаси билан келишилган ҳолда жавонни ўрнатиш чоралари кўрилаётганлиги таъкидланди. Депутат “Истиқлол” МФЙ ҳудудидаги “Хива”, “Машъал”, “Ипак йўли” кўчаларида ҳам тунги ёритиш чироқларининг носоз ҳолатда эканлиги ва уни бартараф этиш мақсадида “Ободонлаштириш” бошқармасига қилган мурожаати ўз ечимини топди. Фуқароларга қулайлик яратилди, кўчаларнинг тунги ёритиш чироқлари таъмирланди.

Депутатлик гуруҳи аъзолари мавжуд муаммолар ечимининг ҳал этилишида ўз ҳиссасини қўшар экан, шаҳардаги “Маҳмуд Таробий” шоҳ кўчасининг 4К-91 автомобил йўлида қатновчи автотранспорт воситаларининг йилдан йилга серқатнов бўлиб бораётганлиги ҳамда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига қатновчилар учун қийинчилик туғдираётганлиги тўғрисидаги келиб тушган мурожаат эътиборсиз қолдирилмади. Мурожаат юзасидан депутатларимиз томонидан Когон шаҳар Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи раҳбари ҳамда Бухоро вилояти автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармасига депутатлик сўрови билан чиқишди, ушбу муаммони бартараф этилиши борасида жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигига қадар “Машъал” кўчаси автомобил йўли билан кесишув жойида светофор ўрнатилиши режалаштирилаётганлиги бошқарма томонидан билдирилиб ўтилди.

Депутатлик гуруҳининг аъзоси Дилфуза Эргашова ҳам фуқаролар билан олиб борган мулоқоти чоғида қатор мурожаатларнинг ҳал этилишида кўмаклашди. Депутат кўмагида “Беруний” МФЙ “Нуробод” кўчаси 37-уйда яшовчи Содиқ Қаҳҳоров ногиронлиги сабаб ногиронлик нафақасига тайинланиши тўғрисида қилган мурожаати ижобий ечим топди. Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмасига йўлланган депутатлик сўрови асосида беморнинг ҳолати ўрганилди ҳамда сўровда қайд этилган жавобда ногиронликка тайинлаш учун аниқланган кундан 180 кун давомида амбулатор ва стационарда узлуксиз даволаниши лозимлиги ва бу бемор даволаниб келганлиги ҳамда форма-088 тўлдирилиб, ТМЭКга юборилганлиги таъкидланди.  “Маърифат” кўчасида истиқомат қилувчи Дилдора Ҳамидова ҳам депутат кўмагида ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Депутатлик гуруҳининг раҳбари Нодира Мўминова “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидаги “Навбаҳор” кўчасининг ички йўллари таъмирталаб эканлиги тўғрисида шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармасига ўзининг депутатлик сўрови билан мурожаат қилгач, ташкилот раҳбари томонидан ўрганилган сўровга “Навбаҳор” кўчасига қум-шағал ташланиб, йўлнинг аҳволи бирмунча яхшиланганлиги ҳамда ушбу кўчада таъмирлаш ишлари 2019 йил манзилли дастурига киритилганлиги ҳақида жавоб тақдим этилган.

Шунингдек, “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, 1998 йилда туғилган Хуршид Мирзаевдан фуқаролик паспортини вақтида олмаганлиги сабаб 537 минг жарима пули талаб қилинган. Унинг кам таъминланган оила вакили эканлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги депутат томонидан ўрганилди ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови берилиб, фуқаро муаммоси ҳал этилди. “Депутат кўмаги билан 537 минг жарима пули эмас, балки 86 минг сўм тўлаб, неварам фуқаролик паспортига эга бўлди”, — дейди биз билан суҳбатда бўлган Хуршид Мирзаевнинг бобоси.

Депутатлик гуруҳининг ҳар бир аъзоси ўз депутатлик фаолиятидан келиб чиққан ҳолда муаммолар ечимини топишда эътибор билан ёндашиб келмоқда. Ҳар бир депутат янада фаол ва ғайрат билан ишласа камчиликларнинг бартараф этилишида ҳисса қўшган бўлади. Фуқаро учун муносиб турмуш шароитини таъминлаш, жамиятдаги ижтимоий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш ва бу борадаги ислоҳотлар жараёнида ташаббускор бўлишга интилаётган депутат сайловчилар ва электорат ишончини оқлаши лозим.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Фуқаролик паспортини олишда муаммоларга йўл қўйилмади was last modified: Февраль 14th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »