Халқчил Дастур

9 Февраль, 14:50 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 42 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқчил Дастур нет

Маълумки, шу йилнинг 10-20 январь кунлари “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Хусусан, ҳужжат лойиҳаси интернет тармоғига жойлаштирилиб, фуқаролардан 4400 дан зиёд таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, жамоат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан электрон манзил орқали 150 дан зиёд таклиф ва лойиҳалар қабул қилинди.

Жумладан, фуқаролардан Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналишида 1521 та, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида 518 та, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида 869 та, ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида 793 та, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналишида 727 та таклиф ва мурожаатлар келиб тушди.

Жамоатчилик муҳокамалари доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан медиа-ҳафталик ташкил этилди. Маҳаллий ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ОАВ вакиллари иштирокида 5 та пресс-брифинг ҳамда 2 та экспертлик муҳокамалари ўтказилди ва унда 50 дан зиёд мутасадди ташкилот раҳбарлари, мутахассислар батафсил маълумот бердилар.

Фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида Давлат дастурига 5 та янги банд киритилди, 11 та банд такомиллаштирилди ҳамда 122 банд қайта таҳрир қилинди. Натижада 2018 йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони имзоланди. Унга мувофиқ 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури тасдиқланди.

Дастурнинг фуқароларни қизиқтираётган муҳим янгиликларидан бири сифатида вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилинишини кўрсатиш мумкин. Ушбу норма фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради.

Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади.

2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури доирасида 37 та қонун (Сайлов кодекси, “Давлат хизмати тўғрисида”, “Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Фан тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва бошқалар)ни ишлаб чиқиш, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳамда турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Давлат дастурининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналишида “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизимни шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади. Эндиликда ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимига муносиб эканини ҳар куни исботлаши шарт.

Фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш – петиция йўллаш тизими жорий қилинади. Ушбу тизим фуқароларга давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига аниқ саволлар қўйиш имконини беради, ушбу органлар эса фуқароларнинг маълум сони томонидан маъқулланган мурожаатлар юзасидан чора кўриши шарт бўлади.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепция ишлаб чиқиш, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, жиноий ва маъмурий жавобгарликни либераллаштириш, процессуал нормаларни такомиллаштириш кўзда тутилган.

Дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш учун тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ваколати судга ўтказилади.

Инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.

Ички ишлар органлари йўл-патруль ва патруль-пост хизматларини улар фуқаролар билан муомала қилаётганда фойдаланиладиган видео-фиксаторлар билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бу нафақат фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши, балки тинчлигимиз посбонлари томонидан ўз вазифасини суиистеъмол қилиниши ҳолатларининг ҳам олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, Давлат дастурида прописка ва паспорт тизимини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган фуқаролар иккиламчи бозорда кўчмас мулк харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида илғор ғоялар, «смарт» технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилган.

Венчур фондлар, венчур молиялаштиришни ташкил этиш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий асослар, шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилади. Яъни 2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш(фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилади.

Ер участкалари беришда шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида интернет тармоғида электрон савдолар ўтказишни жорий қилиш режалаштирилган. Давлат активларини электрон савдо майдонлари орқали сотиш тизимини жорий этиш кўзда тутилаётгани фуқароларга қулайлик яратиши шубҳасиз.

Давлат дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш назарда тутилган. Ҳудудлар кесимида “истеъмол саватчаси”ни ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш тизимига босқичма-босқич ўтиш мўлжалланмоқда. Бу аҳоли даромадларини ташкил этишда ижтимоий адолат ўрнатилишига хизмат қилади.

Тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш соҳасига “ақлли тиббиёт” тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилгани ҳам фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим қадам бўлади.

Аҳоли, айниқса, ёш оилаларнинг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2018 йилда бундай уйларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробар оширилади. Бу мақсадлар учун 5 триллион 286 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун чекка ҳудудларда 2000 километр оптик толали алоқа линиялари тортиш, интернет тезлигини 2,5 баробар ошириш ва 4 мингдан зиёд мобиль алоқа таянч станцияларини ишга тушириш белгиланган.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, вазмин, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасида хорижда яшаётган ва ишлаётган юртдошларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Мухтасар айтганда, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 13,5 триллион сўм ва 1,3 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади.

Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Акмал БУРХАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

 

 

Халқчил Дастур was last modified: Февраль 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »