Хотин-қизлар фаоллиги ошмоқда

13 Февраль, 12:51 • Жиззах вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 144 марта кўрилди • Комментариев к записи Хотин-қизлар фаоллиги ошмоқда нет

Бугунги кунда хотин-қизлар ҳар жабҳада фаол. Улар доно, билимдон, етакчи. Бу жиҳатлар аёлнинг оилада, фарзандлар тарбиясидаги ўрнида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, бугун ўзбек аёли ҳам оилада, ҳам жамиятда муносиб ўринга эга. Буни жамиятнинг барча соҳаларида самарали меҳнат қилиб, ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиб келаётган, оила мустаҳкамлигини таъминлаб, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаётган опа-сингилларимиз ҳаёти ва фаолиятида кузатишимиз мумкин.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизлар фаоллигини оширишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Сиёсий ва ҳуқуқий асослар яратилди.

Мамлакатимиз хотин-қизларининг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини ошириш, уларнинг давлат бошқарувидаги, муҳим ҳукумат қарорларини қабул қилишдаги ҳамда жамият тараққиётидаги фаол иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ўз иқтидорини турли жабҳаларда намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш, ҳаттоки, уй бекаси бўлган аёлларнинг бирортаси ҳам беэътибор қолмаслиги учун жамиятимизда тегишли шарт-шароит яратиш давлат сиёсати даражасига айланган. Айниқса, давлат ва жамиятни бошқаришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида 2004 йилда парламентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди ва унда сиёсий партиялардан кўрсатилаётган жами номзодларнинг камида  30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилди. Сиёсий қарорлар қабул қилишда, аҳолимиз кенг қатламлари манфаатларини рўёбга чиқаришда мазкур ислоҳотларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, бугун мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини аёллар ташкил этади.

Шунингдек, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш бир қанча фармон ва қарорлар, қонуности ҳужжатлари орқали мустаҳкамланиб борилмоқда. Аммо 2018 йил 2 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони халқимиз томонидан юртимиз аёлларининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган тарихий ҳужжат сифатида қабул қилинди.

Бугунги кунда юртимиз хотин-қизлари сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлиги, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини ҳамда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизини айнан аёллар ташкил этишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Қабул қилинган Фармонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинган бўлиб, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Фармонда кўзда тутилган яна бир муҳим масалалардан бири бу оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида “Аёллар маслаҳатхоналари”ни ташкил этиш бўлиб, бу маслаҳатхоналар бевосита жойларда ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга зарур маслаҳатларни беради.

Эндиликда янги Фармонга мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериш белгиланди ва ёш чегарасининг узайтирилгани таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ютуқларга эришган ҳамда илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Фармонга мувофиқ жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларга имтиёзли уйлардан ажратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Фармонда жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларга имтиёзли уйлардан ажратиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш белгилаб олинди.

Қабул қилинган Фармон хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга, салоҳиятини тўла намоён этишига, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади.

Шахноза СОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

“Аёллар қаноти” раиси

Хотин-қизлар фаоллиги ошмоқда was last modified: Февраль 13th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »