Ички йўллар таъмирланди

2 Февраль, 16:27 • Муносабат, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 107 марта кўрилди • Комментариев к записи Ички йўллар таъмирланди нет

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари амалдаги қонун ҳужжатлари, давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижроси жойларда қандай таъминланаётганлиги юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратишмоқда.

Шу мақсадда депутатлик гуруҳи томонидан ўтган йил давомида инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган айрим долзарб масалалар ўрганилиб, депутатлар муҳокамасига қўйилди. Хусусан, давлат бошқаруви ва хўжалик юритувчи субъектларда ходимларнинг меҳнат фаолиятига доир ҳужжатларнинг тегишли архивларда сақланиши, фуқаролар пенсия таъминотига оид ҳуқуқлардан фойдаланишда учраётган муаммоларнинг сабаблари ўрганилди.

Бир қатор мутасадди ташкилот ва корхоналарда архив ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаслиги ёки умуман, эътибордан четда қолганлиги, архив ҳужжатларини сақлаш талаблари бузилиши, айниқса, фаолиятини тўхтатган юридик шахсларнинг ходимлар иш фаолиятига оид ҳужжатларини архивга топширмасдан йўқолиб кетиши оқибатида фуқароларнинг пенсияга чиқишида юзага келаётган қийинчиликларни бартараф этиш масаласи алоҳида ўрганишларни тақозо қилади. Шуни назарда тутиб, Самарқанд давлат архиви ходимлари ва партия депутатлари, фаоллардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунларга амал қилиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар олиб борилди.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг вилоятдаги 78 та давлат органлари, 63 та хўжалик юритувчи субъектларда жамоатчилик назорати тартибида ўтказган ўрганишлари атрофлича таҳлил этилгач, депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан ечимини кутаётган ушбу масала халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 42-сессиясида кўриб чиқилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан сессияда қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ вилоят ҳокимлиги, адлия ва архив иши бошқармалари, туман ҳокимликларига вилоятда барча турдаги архивларнинг бино ва зарур воситалар билан таъминланганлик ҳолати таҳлил этилиши, архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилишига доир бир қатор вазифалар белгиланди. Қарор ижроси депутатлар назоратига олинди.

Шунингдек, депутатлик гуруҳимиз аъзолари жойларда фуқароларни ўйлантириб келаётган муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориб, бир қатор ижобий натижаларга эришмоқда.

Жумладан, депутатлик гуруҳи аъзоси Содиқ Ҳақбердиевга Нарпай туманидаги “Дедан” маҳалласи аҳли билан мулоқот чоғида шу маҳалла ҳудудидаги 3 километрлик серқатнов йўл таъмирталаблиги ҳақида мурожаат қилишган эди. Депутат ташаббуси билан маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар, фермер хўжалик раҳбарлари ҳамкорлигида йўл таъмирдан чиқарилди. Шу маҳаллада яшовчи Б.Эшонқулов ҳам оиласи кам таъминланган эканлиги, бир хонадонда учта оила истиқомат қилишини, уларнинг уйи таъмирталаб бўлиб, қурилиш ашёлари учун маблағ масаласида қийналаётганини депутатга маълум қилди. Депутат ҳомийларни жалб этиб, ушбу оилага уйни таъмирлаш ишлари учун ҳамда шу маҳаллада яшовчи 4 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларига суннат тўйлар ўтказилишида кўмаклашди.

Партия депутати Норқул Содиқовга Пастдарғом туманидаги “Тўрт айғир” маҳалласида яшовчи фуқаро Ширин Тўраева мурожаат қилиб, унинг уйи олдига ноқонуний қурилган девор сабабли кириш-чиқиш йўли тўсилиб қолганини айтиб шикоят қилди. Депутат ташаббуси билан ушбу мурожаат асосида туман ҳокимлиги, архитектура ва қурилиш идорасининг вилоят ва туман бўлимлари вакили, маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, Ш.Тўраеванинг мурожаати қаноатлантирилди.

Эҳтиёжманд кишиларга кўмак бериш, ғамхўрлик кўрсатиш халқимизнинг ибратли қадриятларидан саналади. Шу маънода партия депутатлари ташаббуси билан вилоят кўз касалликлари шифохонасининг малакали мутахассислари томонидан кўз касалликларига чалинган 25 нафар ёлғиз кексалар учун тиббий кўрик ташкил этилиб, ушбу беморларнинг 6 нафари жарроҳлик амалиёти ёрдамида даволанишди, 19 нафар беморга амбулатор тартибда даволаш муолажалари олиб борилди.

Маҳмуд Бобоёровнинг сайловчилар билан бўлиб ўтган мулоқотлари чоғида Пахтачи туманидаги “Қилтамғали”, “Ургунжи”, “Оқтепа”, “Гўрўғли” маҳаллалари аҳли ичимлик суви таъминоти масаласида амалий ёрдам сўрашганди. Депутат вилоят “Сувоқава” корхонаси раҳбарига депутатлик сўрови киритди. Мазкур корхона томонидан “Ургунжи” ва “Оқтепа” маҳаллаларида шу мақсадда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди. “Қилтамғали” ҳамда “Гўрўғли” маҳаллаларини ичимлик суви билан таъминлаш вилоят аҳолисини 2017-2021 йилларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш манзилли дастурига киритилди.

Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш ҳам депутатлик гуруҳи аъзоларининг диққат марказидаги вазифалардан саналади. Депутатлар ташаббуси билан маҳаллаларда бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар билан ҳамкорликда мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар тақдим этган ҳолда учрашувлар ташкил этилмоқда. 2017 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган депутатлик гуруҳи йиғилишининг қарорига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлимлари, прокуратура, солиқ идоралари ва “Маҳалла” жамғармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, жойларда жамоатчилик назорати асосида ўрганишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, депутат Нигора Раббимова ташаббуси билан Жомбой туманидаги “Ҳолвойи” МФЙда бўлиб ўтган учрашув чоғида Ойтўла Маматқулова тиббиёт коллежини битирганига бир йилдан ошган бўлса-да, мутахассислиги бўйича иш топа олмаганини маълум қилди. Ушбу мурожаат асосида депутат томонидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига депутатлик сўрови юборилди. Натижада О.Маматқулова тумандаги “Охунбобоев” номли ҚВПга тиббиёт ҳамшираси сифатида ишга жойлаштирилди. Шу маҳаллада яшовчи З.Жўраев оиласи катта бўлиб, харажатлари ҳам шунга яраша эканлиги, кам таъминланганлиги боис даволаниш учун маблағ орттира олмаётганлигини баён қилди. Депутат ташаббуси билан З.Жўраев туман тиббиёт бирлашмаси томонидан имтиёзли равишда даволаниб, соғлигини тиклаб олди.

Албатта, бундай амалий ишлар сайловчиларнинг талабларини бажаришнинг бир ифодаси саналади. Аммо депутатлик гуруҳи фаолиятини таҳлил этиш асносида ҳали ўз ваколатларимиздан фойдаланишда етарлича натижаларга эриша олмаётганимизни англаб турибмиз. Фаолиятимизда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этган ҳолда 2018 йилда электорат манфаатларини рўёбга чиқариш, сайловчилар ишончини мустаҳкамлаш, аниқ амалий ишларни кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Юлдуз ЖУМАНАЗАРОВА,

халқ депутатлари Самарқанд вилояти

Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП

депутатлик гуруҳи раҳбари

 

Ички йўллар таъмирланди was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »