Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари доим эътиборда

13 Февраль, 16:56 • Фракция, Янгиликлар • 182 марта кўрилди • Комментариев к записи Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари доим эътиборда нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2017 йилдаги фаолиятига оид ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда Омбудсман идорасига 9074 та мурожаат келиб тушди, шундан 1774 та мурожаат шахсий қабуллар ва шахсий сафарлар чоғида тушган. Уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича ваколатли органлар томонидан 25 та жиноят иши, 27 та маъмурий ва 44 та интизомий иш қўзғатилди, ички ишлар органларининг 24 нафар ходими, ижтимоий ва бошқа соҳаларнинг 35 нафар ходими жавобгарликка тортилди, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 24 та қарор бекор қилинди, судларга 10 та протест ва даъво киритилди, 34 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди ва ишига қайта тикланди, 53 та оилага турлича моддий ёрдам, 39 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилди, давлат даромадига — 2 миллиард 319 миллион сўм, мурожаат қилувчилар фойдасига 263 миллион сўм ундирилди, бизнесни ривожлантириш учун умумий суммаси 133 миллион сўм миқдорида кредитлар берилди.

Ҳисобот йилида қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этиш ҳолатларига доир шикоятларни Омбудсман томонидан кўриб чиқиш натижалари тўғрисида парламент палаталарини мунтазам равишда хабардор қилиш тартиботи жорий этилди, шунингдек, Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига йўл қўймаслик бўйича назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳамкорликдаги жадвали тасдиқланди.

Ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари халқ билан бевосита мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди. Мазкур қабулхоналар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, мамлакатимиз фуқароларининг қонуний манфаатларини таъминлашдаги мавжуд камчиликларни аниқлаш, аҳолининг аниқ эҳтиёжларига, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг бугунги кундаги мақсадларига жавоб бера олувчи ташкилий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш ва амалга ошириш имконини берди. Омбудсман Халқ қабулхоналарининг 144 та туман (шаҳар) аҳолиси учун ташкил этилган сайёр тадбирларида иштирок этди, шунингдек, улар билан ҳамкорликда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларини муҳокама қилишга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишларни такомиллаштириш юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТлар ходимлари учун бир туркум минтақавий семинарлар ўтказди.

Давлатимиз раҳбарининг “Минтақаларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан кам таъминланган оилаларни, кекса ёшдаги фуқароларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда фаол иш олиб борилмоқда. 2017 йилда 411 нафар оила ва фуқаролар билан иш олиб борилди.

Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунларини муҳокама қилиш асносида фракция аъзолари Вакилнинг қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, фуқароларнинг таълим олишга, малакали тиббий хизматдан фойдаланишга, ижтимоий таъминотга ва ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти механизмларини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Йиғилишда, шу билан бирга, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этишди.

Мазкур лойиҳада Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритилиб, шахснинг муқаддам судланганлиги ёҳуд яқин қариндошларининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилишини тақиқловчи нормани ўрнатиш назарда тутилётгани таъкидланди. Фракция аъзолари ушбу ўзгаришлар, энг аввало, инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилиши, ватанпарвар, ташаббускор, билимли, интилувчан кадрларни бошқарувга жалб қилиш, шунингдек, шахснинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш каби конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилиши билан “Адолат” СДП дастурий мақсадларига тўла мос эканлигини қайд этдилар.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббусига биноан парламент қуйи палатасига киритилган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилиниб, унинг долзарблиги юзасидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан партия фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Бахром БУРХАНИТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

 

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари доим эътиборда was last modified: Февраль 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »