Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият

23 Февраль, 10:03 • Депутат минбари, Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 231 марта кўрилди • Комментариев к записи Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият нет

Тарих шоҳид: қайси давлат ўз тарихий йўли, ҳуқуқий-ахлоқий тартиб-қоидаларига эга бўлсагина, жаҳон айвонида муносиб ўрин эгаллайди, фуқароларининг жипслиги ва фаровонлигига эришади. Қонун устувор бўлган давлатдагина ривожланади, фаровонлик, адолатли ҳаёт бўлади. Чунончи, қонун давлат, жамият ва халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприкдир.

Истиқлол шарофати билан қадимдан адолат устуворлиги хукмрон бўлган заминимизда бу соҳадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳолининг суд-ҳуқуқ, прокуратура органларига бўлган ишончи ортди. Зеро, суд тизими ҳар бир демократик давлатда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий механизмини ташкил этади.

2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, уларни босқичма-босқич амалга оширишга мустаҳкам замин яратди. Устувор йўналишларни қамраб олган Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда ташқи сиёсат юритишнинг муҳим принципларини ўзида акс эттирди. Бу муҳим ҳужжат халқ билан очиқ мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган муаммоларини тинглаш, ечим топиш, амалдаги қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш ва ривожланган хорижий амалиётни таҳлил қилиш натижаларига асослангани билан янада аҳамиятли бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган йилда суд-ҳуқуқ, прокуратура, ички ишлар органлари соҳасида изчил ислоҳотлар олиб борилди. Бунинг натижаси ўлароқ, суд-тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиш борасидаги масъулияти ошди. Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилнинг ўзида судлар томонидан 228 шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Дастлабки тергов органлари томонидан 3,8 мингдан зиёд жиноят ишлари тугатилди. Бу кўрсатгичлар олдинги беш-ўн йиллик кўрсатгичлардан жуда юқори бўлиб, ҳар бир ишга адолатли ёндашилаётганидан далолат беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий ҳужжат бўлди. Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб берилди. Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясининг ташкил этилгани, қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ушбу вазифалар ижросида муҳим аҳамият касб этаётир.

Амалга оширилган ислоҳотлар ушбу соҳани демократлаштириш ва эркинлаштиришга, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги аҳамиятини оширишга замин яратди. Аммо, бугунги шиддатли давр, мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий талаблари ва стратегик устувор вазифалари суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Президентимизнинг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди, дейишга барча асосларимиз бор. Фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш йўналишлари белгиланган.

Шунингдек, Фармонда қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги, ушбу ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, натижада, аҳолининг ҳақли эътирозига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суднинг беғаразлигига бўлган ишончининг пасайишига олиб келаётганлиги таъкидланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Президентимиз томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бу борадаги ишларни аниқ ва тизимли ташкил этиш, амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини, айниқса, айбсизлик презумпциясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бинобарин, қонун лойиҳасида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини жиноят процессида жиноий тажовуздан муҳофаза қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган кўрсатув, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар ва бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланаётир.

Ушбу қонун қабул қилиниши билан далилларни сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади ҳамда ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Қонунга хилоф усуллар орқали олинган далиллардан, шу жумладан, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда босим ўтказиш, қийноққа солиш, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда ҳамда номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланиш қатъиян таъқиқланади.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши жиноят, жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини янада такомиллаштиришга ҳамда ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига замин яратади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳам “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга кенг жорий этишдан иборат. Партиямиз суднинг холислиги, адолатлилиги – қонун устуворлигининг гарови, суд ҳимояси соҳасини янада кенгайтириш — суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштиришнинг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди. “Адолат” СДП нуқтаи назарича, судлар фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги, суд жараёнида томонларнинг тенглиги ва холис тортишув тамойилларини кучайтириш, судлар масъулиятини ошириш, улар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, суд фаолиятига доир маълумотларга эга бўлишнинг аниқ механизмини белгилаш муҳим. Партия ўз фаолиятида мана шу мақсад-вазифаларни амалга оширишга интилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан киритилган қонун лойиҳаси айнан партиямизнинг дастурий вазифаларига ҳамоҳанг. Партия ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш ишларини давом эттирмоқда. Унинг қабул қилинишидан тўлиқ манфаатдор.

Биз қонун қабул қилингач, унинг кенг тарғиб қилинишида ва тўлиқ амалиётга киритилишида депутатлик бирлашмаларимиз ва фаолларимиз иштирокида ўз ҳиссамизни қўшамиз ҳамда унинг устуворлигини таъминлаш борасида мутасадди давлат органларига елкадош бўлиб қоламиз.

Зеро, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасида конституциявий талаблар асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсонни рози қилиш, уларнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш орқали инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этишдан иборатдир.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

 

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият was last modified: Февраль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »