Касалликларнинг келиб чиқишига ўзимиз сабабчи эмасми?

6 Февраль, 16:18 • Муносабат, Навоий вилояти, Янгиликлар • 37 марта кўрилди • Комментариев к записи Касалликларнинг келиб чиқишига ўзимиз сабабчи эмасми? нет

Сир эмаски, бугунги кундаги долзарб муаммолардан бири бўлмиш атроф-муҳитнинг озодалиги ҳақида такрор ва такрор сўз айтилмоқда, кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Афсуски, бу мавзуда қанча сўз бормасин, ойнаи жаҳон экранларида турли кўрсатувлар эфирга берилмасин, аҳолининг, айниқса айрим бекажонларимизнинг онгига, қалбига чуқур етиб бормаётган кўринади. Атроф муҳитнинг тозалигини сақлаш хоҳ аёл, хоҳ эркак, ҳаттоки, кекса-ю, ёш бола бўлса ҳам ҳар бир фуқаронинг бурчи эмасми! Ахир ўз ватанимизни, уйимизни ўзимиз асрамасак бегона келиб асрармикан! Хонадонимиздаги қимматбаҳо буюмимизни кўз қорачиғимиздек асраймиз-ку. Минг афсуски кўп қаватли уйларимизнинг эшиги олдида ўтириб “тўртта ҳангома” остида чақиб ташланаётган писта пўчоқлари ёки мириқиб тановвул қилинган шоколаднинг чиройли ўрама қоғози ўзидан қанчалик ёқимсиз микроблар, инфекцияларни чиқаришини билмасак. Чиқиндихонага айлантирилаётган уйимиз атрофида ўзимизнинг шириндан-ширин фарзандларимиз ўйнашади, нафас олишади. Уларнинг озгина тоби қочса шифокорга  олиб борамиз, ёмон нарсалардан, турли касалликлардан ҳимоя қилгимиз келади, лекин турли касалликларнинг келиб чиқишига ўзимиз сабабчи эмасми? деган савол туғилади. Баъзида ўзининг хонадонини озода тутадиган бекажонларимизни қўллари билан полиэтилен пакетга чиқинди солиб, уйлар атрофининг бурчакларига уюмлаб қўйишаётганлигини кўриб, ажабланасан киши. Бундай қилишга уларнинг виждони қийналмасмикин. Азиз бекажон атрофни ифлослантираётган бу қўлларни Яратган Эгам нафосат таърифлашга тил ожиз гўзалликлар учун бермаганмикан аслида.

Барчамизга маълумки, жаннатмакон юртимизни озода тутиш мақсадида юртимиз бўйлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси йўлга қўйилган. Бу ҳақда ОАВларда эълон қилинаётган рекламалардан ҳам хабардорсиз. Шу жумладан, бизнинг туманда хам 2017 йилнинг декабр ойи давомида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари  ишчи гуруҳи томонидан жойлардаги тозалик ишлари қай даражада эканлиги  ўрганиб чиқилди.

Сиз “Адолат” СДП аъзоси эмасдирсиз, аммо Ўзбекистон фуқаросисиз, барчамиз бу лойиҳа йўлида  фаол бўлсак, нур устига аъло нур бўлар эди. Оллоҳ тақсимлаб бераётган ризқимиз хайру-баракамиз хонадонларимизга шу остонадан кириб келади, зеро ота-боболаримиз “Тоза уйга гард келмас, гард келса ҳам дард келмас” дея бежизга айтишмаган.

Эзозхон ШОДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Учқудуқ туман Кенгаши ижрочи котиби

Касалликларнинг келиб чиқишига ўзимиз сабабчи эмасми? was last modified: Февраль 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »