Маҳаллий кенгашларда ўрганиш натижалари муҳокама қилинди

24 Февраль, 18:30 • Депутатлик гуруҳи, Қашқадарё вилояти, Сессия, Янгиликлар • 232 марта кўрилди • Комментариев к записи Маҳаллий кенгашларда ўрганиш натижалари муҳокама қилинди нет

Бугун халқ депутатлари Нишон тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди.

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳларининг Қўшни Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудуд аҳолиси ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан яқиндан танишуви, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини ўрганиш ва фуқаролар кенг қатлами билан  олиб борган юзма-юз мулоқотлари натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Сессияда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, фаоллар, вилоят, туман ҳокимлигининг мутасадди раҳбарлари, ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектлар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мазкур йиғилишда қайд этилганидек, ўрганиш жараёнида соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан оилалар фаровонлигини таъминлаш, ҳар бир инсоннинг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши учун ёрдам қўлини чўзиш мақсадлари йўлида амалга оширилаётган ишларга жиддий эътибор қаратилди.

Сессияда тегишли ишчи гуруҳининг ўрганиш натижалари бўйича ҳисоботи тингланди. Ушбу масала юзасидан “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров маъруза қилди.

— Туман тиббиёт муассасаларидаги аҳвол ўрганилганда, фуқароларга тиббий ҳизмат кўрсатишда сифат ва самарадорликни ошириш борасида қатор камчиликлар кўзга ташланди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. – Ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида энг аввало, 58 нафар олий маълумотли шифокорлар етишмайди. Таълим муассасаларида эса иситиш тизими кўнгилдагидек эмас. Ишчи гуруҳи аъзолари ўрганишлар давомида 475 та хонадонга ташриф буюриб, 1750 нафар фуқаролар билан мулоқот олиб бордилар. Юзма-юз мулоқотларда фуқаролар томонидан 483 та масала кўтарилди. Депутатлар 80 нафар фуқарони ўз муаммолари юзасидан қабул қилдилар.

Ўн кун давомида ишчи гуруҳ аъзолари  одамлар билан юзма-юз мулоқотлар асносида, халқ хўжалигининг айрим жабҳаларида салмоқли ўзгаришлар қўлга киритилаётганига  ишонч ҳосил қилдилар. Бироқ, баъзи раҳбар ва мансабдор шахслар бугунги замон талабини тўла англаб етмаётгани, “Адолат” СДП сайловолди дастурида илгари сураётганидек, халқ олдидаги масъулият ҳамда ҳисобдорликларини чуқур ҳис қилмаяптилар.

Мисол учун, туман ҳудудида ободонлаштириш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Туман электр тармоқлари корхонаси хизматидан ҳам одамлар умуман қониқмаётир.

Хусусан, 50 та кам таъминланган хонадонга газ балонлари етказиб берилди. Имконияти чекланган 5 нафар фуқаро даволаниш учун шифохонага ётқизилди. 8 нафар фуқарога даволаниш учун шифохонага ордер берилди ва 4 нафар беморга эса комиссия кўригидан ўтказиш  ва тиббий хулоса бериш юзасидан кўрсатма берилди. 11 нафар фуқаро эса депутатлар аралашуви туфайли турли соҳаларга  ишга жойлаштирилди.

Депутатлар томонидан тиббиёт бирлашмасига қарашли 40 ўринли Таллимаржон шифохонасидаги аҳвол ўрганилганда  4 та бино таъмирталаб эканлиги аниқланди.

Тез тиббий ёрдам шахобчаларида 8 та автомашиналарни сақлаш учун  “Навес”лар қўлбола усулда қурилган, замон талабларига жавоб бермайди.

Ҳозирги кунда рўйхатда турган ногиронлар учун 34 та  аравача, 9 та эшитиш мосламаси, 17 та қўлтиқ таёққа, 14 та ҳасса, 3 та болалар ногиронлар аравачаларига эҳтиёж мавжуд.

Тумандаги барча янги ташкил этилган қишлоқ оилавий поликлиникалари тиббий жиҳоз билан тўлиқ таъминланмаган, иситиш тизими қўлбола печ ёрдамида иситилади. Ичимлик суви ҳам ташиб келтирилади, бу эса оилавий поликлиникаларда санитария гигиеник ҳолатни сақлашда салбий таъсир кўрсатмоқда.

Туманда ушбу соҳада ўз ечимини кутаётган жиддий  муаммолар ҳам мавжудлиги депутатлар томонидан қаттиқ танқид остига олинди. Хусусан, беморларни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида замонавий АКТ имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмаганлиги, беморлар ва уларнинг яқинлари учун кутиш жойлари номигагина ташкил этилганлиги шифохонада юмшоқ жиҳозлар, чойшаблар етишмовчилиги таъкидланди.

Сессияда Тиббиёт муассасаларининг моддий техник баъзасини янада кучайтириш, мутахассисларни зарур компютер техникаси билан таъминлаш ҳамда улар томонидан юритиладиган ҳужжатларни мақбуллаштириш ва соддалаштириш, Президентимизнинг фармон ва қарорларида, ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни, тегишли дастурларни ўз вақтида сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, бу ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш чораларини кўриш белгиланди.

Анжуманда фуқароларга сифатли тиббий санитария ёрдами кўрсатилишини йўлга қўйиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада эмаслиги қайд этилиб, туман тиббиёт бирлашмасига бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чора тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш ҳамда биринчи чорак якунлари бўйича унинг ижроси юзасидан бирлашма раҳбарининг ҳисоботини эшитиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, сессияда Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда тиббиёт ходимларига яратилаётган шарт-шароитларга ҳамоҳанг равишда уларнинг масъулиятини ҳам бир неча баробар кучайтириш, тиббиёт ходимлари учун хизмат уйларини барпо этиш, туманда ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги халқ вакиллари томонидан қайд этилди.

Сессияда уй-жой, коммунал масалалари, аҳоли бандлигини таъминлаш, савдо ва маиший хизмат, транспорт ҳамда йўл қурилиши билан боғлиқ камчиликлар юзасидан ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилиш якунида “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров аниқланган муаммо ва камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш, зарур чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга керакли йўл-йўриқ  тушунтириш ҳамда топшириқлар берди.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти

Кенгаши матбуот котиби

 

Маҳаллий кенгашларда ўрганиш натижалари муҳокама қилинди was last modified: Февраль 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »