Мақсад – инсонлар ҳаётида вужудга келган муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш

22 Февраль, 10:58 • Депутатлик гуруҳи, Наманган вилояти, Янгиликлар • 223 марта кўрилди • Комментариев к записи Мақсад – инсонлар ҳаётида вужудга келган муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш нет

Мана бир неча кундирки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Наманган вилоятидан сайланган депутатлари, шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд аҳволни ўрганиш мақсадида Чортоқ  туманига келдилар. Улар жойларда аҳоли вакиллари, корхона ва ташкилотлар, муассасалар ходимлари билан учрашувлар ўтказмоқдалар.  Бевосита мулоқотлардан асосий мақсад – инсонлар ҳаётида вужудга келган муаммоларни аниқлаш ва ўрганиш, уларни имкон даражасида ўрнида ёки  қисқа муддатда бартараф этиш чораларини кўришдир.

Биз ҳам парламент вакиллари, халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари, партиямиз фаоллари билан биргаликда жойларда бўлдик. Аҳоли билан ўтказилган самимий ва жонли мулоқотларда бир қатор муаммолар кўтарилганлигига, айни пайтда уларни ҳал этиш юзасидан чоралар кўрилаётганлигига гувоҳ бўлдик. Масалан, Қорачўққи қишлоғидаги “Соҳибкор” маҳалласида 503 та хонадон бўлиб, 3100 дан ортиқ киши яшайди. Албатта, кўпчилик ўз ҳаётидан мамнун, яратиб берилган шароитлардан мамнун ҳолда турмуш кечирмоқда. Шу билан бирга анчадан бери ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас.

Шуҳрат Якубов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Биз “Соҳибкор”нинг бундан бир неча йил илгари якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратиб берилган қисмида бўлганимизда шундай ҳолатга дуч келдик. Бу ерда 130 дан ортиқ хонадон жойлашган бир нечта кўча бор. Уйларнинг бир қисми битган, уларга одамлар кўчиб киришган. Ҳали қурилиши тугалланмаганлари ҳам бор. Яшаш шароитларини олсак, энг катта муаммо ичимлик сув тармоғи йўқ. Аксарият аҳоли машиналарда келтириладиган сувни сотиб олади ва ўз ҳовлисида кавланган усти ёпиқ ҳовузларда сақлаган ҳолда фойдаланади. Доимий электр узатиш тармоқлари тикланмаган. Қўлбола симёғочлардан фойдаланилади, албатта, бунда техника хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Биз аниқланган ҳолатлар бўйича депутатлик сўровлари тайёрлаймиз ва парламент назорати имкониятларидан фойдаланамиз.

Аҳоли вакиллари билан суҳбатлашилганда ҳам бир қатор муаммолар аён бўлди. Масалан, фуқаро Акрамжон Абдуллаев тўрт ёшли ногирон фарзанди борлигини айтиб, уни даволашда ёрдам сўради. Беморни пойтахтда юқори малакали шифокорлар кўригидан ўтказиш керак, деган қарорга келинди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига бу ҳақда топшириқ берилди.

Шу маҳаллада яшовчи Малика Қаҳҳорованинг мурожаати ҳам тез орада қондирилади. Бу аёл турмуш ўртоғи тўсатдан вафот этгач, уч нафар кичкина фарзанди билан қолган. Яшаб турган хонадони тўла битмаган. Ўзи ишсиз, чунки болаларининг ҳаммаси боғча ёшида. Ишчи гуруҳ аъзолари маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шарофат Юсупованинг тез орада ҳашар уюштириб, уйнинг чала қисмини битириш ва ҳовли деворини уриб бериш юзасидан берган ваъдаси инобатга олинди. Фарзандларини боғчага жойлаштириш эса туман мактабгача таълим бўлими маъмурияти зиммасига юкланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ туман кеншгаши раиси Ҳабиба Мирабдуллаева эса яқинда иш бошлаган тикувчилик цехига Маликани ишга жойлайдиган бўлди.

Парламент аъзоларининг туманга келганини эшитган “Чортоқ” ихтисослаштирилган болалар санаторийси бош шифокори Дилором Эсонбоева ҳам уларга мурожаат этишни лозим топди. У ушбу сиҳатгоҳга раҳбар бўлганига кўп бўлгани йўқ. Бу ерда таянч-ҳаракат, суяк-бўғин, асаб тизими, ревматизм каби қатор хасталикларни даволашда қўл келадиган минерал сув манбаси бор. Физиотерапия жиҳозлари ҳам замонавий, шифокорлар малакаси юқори. Айни пайтда икки юз нафардан ортиқ болани даволаш имконияти бор. Эҳтиёж эса бундан кўпроқ.

— Бизга ҳозир мамлакатимизнинг барча вилоятларидан, шунингдек,  қўшни давлатлардан ҳам фуқаролар фарзандларини даволатишни сўраб мурожаат қилмоқдалар, — дейди Д. Эсонбоева. – Аммо бунинг учун сиҳатгоҳ имкониятларини кенгайтириш керак. Ҳозир фойдаланилмай ётган иккита катта бино бор. Улар таъмирланса, шунингдек, қўшимча бинолар қурилса, нур устига аъло нур бўларди.

Ишчи гуруҳ аъзолари бу масалани ҳам пухта ўрганиб, чора-тадбир белгиланишига эришишга қарор қилдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Мақсад – инсонлар ҳаётида вужудга келган муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш was last modified: Февраль 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »