Мактабгача таълим сифатини ошириш йўлида

24 Февраль, 18:50 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 369 марта кўрилди • Комментариев к записи Мактабгача таълим сифатини ошириш йўлида нет

Халқимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлади. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, “Фарзанд азиз, одоби ундан азиз” деган нақллар замирида ҳам уларнинг тарбияси нечоғли муҳим эканлиги ифодаланган.

Ушбу жиҳатлар бугун давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топаётганлиги янада эътиборлидир.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан фарзандларимизни болалар боғчасига қамраб олиш, улар учун замонавий мактабгача таълим муассасалари бунёд этишга оид ислоҳотлар ота-оналар, кенг жамоатчилик томонидан мамнуният ила қабул қилинди. Бинобарин, Юртбошимиз раислигида 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани бу борадаги ишларнинг қанчалик долзарб эканлигини тасдиқлайди.

Давлатимиз раҳбари ёш авлод тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017 йил 16 август ва 19 октябрь кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда мазкур масала атрофлича муҳокама қилинган эди. 2017 йил 30 сентябрда Президентимиз томонидан “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида ва ҳудудларга ташрифлари чоғида ўтказилган мажлисларда ҳам бу борада кўплаб вазифалар белгилаб берилди.

Бугун ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, фуқароларнинг мактабгача таълим тизимига бўлган қизиқишларининг юқорилиги, соҳада давлат ва хусусий секторнинг уйғунлашуви, мактабгача таълим тизимидаги туб ўзгаришлар болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида ҳам таъкидланганидек, 2017 йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилди.

2018 йил 1 январдан бошлаб, 5 йил давомида инвестиция шартларини бажариш шарти билан “ноль” қийматида биноларнинг берилиши ҳамда хусусий инвесторларнинг ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган биноларда ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг 2023 йил 1 январгача фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун тўловнинг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қопланиши, боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ҳамда уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш мақсадида 2018 йилдан бошлаб ҳар бир мактабгача таълим муассасасига 10 — 15 нафар фермернинг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бериш учун бириктирилиши, болалар боғчаларига тайёр сифатли иссиқ овқат етказиб берадиган давлат корхонаси ташкил этилиб, “Кетринг” хизматини йўлга қўйиш механизмининг ишлаб чиқилиши, биринчи навбатда, мактабгача таълим тизими фаолиятини тубдан ўзгартирса, иккинчидан, болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини кескин ошириши табиий.

Аниқланган муаммоларни бартараф қилиш, мазкур масалада вилоят, шаҳар, туман мактабгача таълим бўлимлари масъулиятини ошириш, мактабгача ёшдаги болалар қамровини кенгайтириш, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини  ташкил этишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим масканларини аттестация ҳамда аккредитация қилиш жараёнларини соддалаштириш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим тизимида нодавлат секторни ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини шакллантириш механизмларини изчил татбиқ этиш, “Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан  аниқ  таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мазкур тизимда кадрларга бўлган эҳтиёж мавжуд муаммолардан бири эди. Ўрганишлар келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида  олий маълумотли педагог кадрлар, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлишини кўрсатган. Шу боис 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида “Мактабгача таълим” йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунда илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади.

Бундай чора-тадбирлардан кўзланган мақсад фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялашдир.

Бўри МАҲМАТМУРОДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

Мактабгача таълим сифатини ошириш йўлида was last modified: Февраль 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »