Маънавий тарбия ҳал қилувчи мезон

16 Февраль, 10:27 • Адолат газетаси, Тадбир, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 246 марта кўрилди • Комментариев к записи Маънавий тарбия ҳал қилувчи мезон нет

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб маънавият масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Айниқса, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида ёшларимизни маънавий таҳдидларнинг барча кўринишларидан асраш, уларни дунёнинг турли жойларида юз бераётган нохуш воқеа-ҳодисалардан доимо огоҳ бўлиб яшашга ундаш жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан саналади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида Тошкент фармацевтика институтида “Ёт маданият маънавий таназзулга етаклайди” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, ўқитувчи-профессорлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда аҳоли, айниқса, ёшларни турли экстремистик, террористик, миссионерлик оқимлари, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларда бундай иллатларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга юртимизда алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

— 2016 йил 15 сентябрда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов. — Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ўтказилган ушбу тадбир ҳам ёшларни миллий менталитетимизга ёт ғоя ва оқимлар, жумладан, “оммавий маданият” таъсиридан асраш, уларни огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ёшларимизда турли ахборот хуружлари, маънавиятимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришда уларни ёшлигиданоқ буюк алломаларимиз ҳаёти, инсоний фазилатлари ва илмий меросларидан ибрат олишга ўргатиш, халқимизнинг миллий маънавияти, оила қадриятлари асосида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳар қайси давлатнинг ёшлари унинг эртанги кунини, тақдирини белгиловчи куч саналади. Шундай экан, мафкуравий иммунитет ёшларнинг маънавий тарбиясида ҳал қилувчи мезон эканини назарда тутиб иш олиб боришимиз зарур.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш ҳақида таъкидлаганлиги бежиз эмас. Бинобарин, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилишини инобатга олсак, дунё аҳолисининг 2 миллиард нафарини ташкил этувчи ёшларнинг таълим-тарбияси сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлигини белгиловчи мезон эканлигини чуқур англаймиз.

Давлатимиз раҳбари маърузаларида қайд этганидек, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олиш долзарб вазифа саналади ва ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим вазифа ҳисобланади.

— Миллий маънавиятимиз чуқур тарихий илдизга эга, унга зид бўлган “оммавий маданият” таъсирига тушган ёшлар азалий анъаналарини, миллийлигини ва ўзлигини унутади. Шу боис, турли бузғунчи ғоялар “оммавий маданият” ниқоби остида уларни тўғри йўлдан оғдириш мақсадида, биринчи навбатда, ёшларнинг маънавиятини эгаллашга ҳаракат қилаётганлиги бежиз эмас, — дейди Тошкент фармацевтика институти лицейи директори, халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати Иброҳим Сагатов. — Шуни назарда тутиб, ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлган муҳим масалалардан биридир. Мамлакатимизда қабул қилинган қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ёшларни маънавиятимиз, соғлом турмуш тарзимизга ёт ғоялар, айниқса, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолишдан асрашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан республикамиздаги касб-ҳунар коллежлари, лицейлар, олий таълим муассасаларида ана шундай мазмундаги тадбирлар уюштирилмоқда, — дейди партия Марказий аппарати бўлим мудири Фарҳод Эшонқулов. — Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларни юртга садоқат, бой қадриятларимизни қадрлашга чорлаш, улар онгида маънавий бўшлиқ қолмаслигига эришишдир.

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ёшларга аҳолининг энг илғор қатлами, Ватанимиз келажагининг муҳим пойдевори сифатида қарайди ҳамда ўз сафларидаги 50 мингдан ортиқ “ёш адолатчилар” орқали навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол шахслар бўлиб вояга етишлари, инновацион фикрлайдиган, замонавий билимларни эгаллаган, мамлакатимиз келажагини ўз тақдирига дахлдор деб биладиган, ташаббускор ва фаол ёшлар авлодини камолга етказишни мақсад қилган ҳамда бу борада бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланганидек, дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Шу нуқтаи назардан партия томонидан ўтказиб келинаётган ушбу йўналишдаги тадбирлар ёшларнинг ахлоқий-руҳий ҳолати тўғрисида аниқ бир хулосаларга келиш, уларнинг мамлакатда яратилган ахборот макони ва ахборот инфратузилмалари борасидаги билим, кўникмалари қай даражада эканини аниқлаш имконини ҳам беради.

Тадбирда шу каби масалалар атрофлича муҳокама қилинар экан, партиянинг депутатлик бирлашмалари, ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан «оммавий маданият»нинг салбий таъсирига қарши курашиш, ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини кучайтириш, жаҳонда тобора кучайиб бораётган мафкуравий таҳдид ва хатарларни тўғри таҳлил этиб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқаришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Тадбир якунида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини синашга қаратилган викторина ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

“Adolat” мухбири

 

Маънавий тарбия ҳал қилувчи мезон was last modified: Февраль 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »