Муҳим вазифалар ойдинлашди

16 Февраль, 17:54 • Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 219 марта кўрилди • Комментариев к записи Муҳим вазифалар ойдинлашди нет

Аёл борки, олам мунаввар деган нақл бежизга айтилмаган халқимизда. Албатта, улар билан хонадонимиз обод, оиламиз файзлидир. Ҳайратки, оила деб аталмиш кичик қўрғоннинг ожизгина бекаси унинг мустаҳкам заминини барпо этишга қодир.

Юртимизда хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасида эканлиги барчамизга маълум. Хотин-қизларнинг фаровон турмуши, ижтимоий – ҳуқуқий ҳимояси йўлида яна бир эзгу иш амалга оширилгани – Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзонлангани биз учун қувонарли ҳол бўлди.

Бу Фармон шахсан менинг фаолиятимда жуда муҳим ўрин тутмоқда, десам, муболаға бўлмайди. Чунки ҳозирда Фарғона вилояти скрининг маркази раҳбари сифатида иш юритар эканман бу ҳужжат зиммамиздаги деярли барча вазифаларни ижро этишда тиббиёт вакилларига ҳам дастур бўлиб хизмат қилади. Фармонда қайд этилган оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этиш вазифаси айнан биз бажаришимиз зарур бўлган энг муҳим вазифаларни янада ойдинлаштирди.

Бу борада вилоятда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида шаҳар ва туманларимизда, чегара ҳудудларда, қишлоқ врачлик пунктларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида болаликдан ногиронлар туғилишини олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш, уларни тиббий муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир сайёр семинарлар ўтказиш, репродуктив саломатлик мавзусидаги ўқувларга хотин-қизларни тўлиқ жалб этиш, нофаол бўлган аёлларни тиббий қўлланмалар ва тарқатма материаллар билан таъминлаш ишларини янада кучайтирмоқдамиз.

Шунингдек, Фармонда келтирилган “Оила” марказининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида, тиббиёт касб-ҳунар коллежлари негизида, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилиши нафақат оилалар мустаҳкамлиги учун, балки маҳаллалар тинчлиги учун, вилоятимиз аҳолисининг соғлом ва фаровон турмуши учун пухта ўйланган амалий иш бўлади.

Айниқса, Фармонда хотин-қизларимиз саломатлигига путур етказиши мумкин бўлган оғриқли нуқталаримизга ечим берувчи — оилани режалаштириш, контрацепция усуллари, ҳомилани сунъий равишда тушириш ва жинсий йўллар орқали юқадиган касалликларнинг олдини олиш бўйича, шу жумладан аноним тарзда, маслаҳатлар бериш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ акушер-гинекологик ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, оналик ва перинатал касалликларининг ва ўлим ҳолатларининг олдини олиш соҳасида аҳолининг билими ва санитария маданиятини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш ишларини алоҳида қайд этилгани эндиликда фаолиятимизга янада масъулият ва талабчанлик билан ёндашувга чақиради.

Кўриниб турибдики, фарзандларимизнинг, қизларимизнинг ҳар томонлама соғлом, баркамол бўлиб улғайиши – етук она бўлиши нафақат оилаларнинг, балки, давлатимиз сиёсатининг бош мақсадларидан биридир. Мана шу эзгу мақсад сари биз шифокорлар ва аёлларимиз, хотин-қизларимиз биргаликда интилмоғимиз, тарғибот ишларида бир-биримизни қўллаб-қувватламоғимиз зарур.

Манзура САЛИМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Фарғона вилоят

Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари

Муҳим вазифалар ойдинлашди was last modified: Февраль 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »