Навоий инсонпарвар шоир ва адолатпарвар давлат арбоби

9 Февраль, 17:12 • Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 99 марта кўрилди • Комментариев к записи Навоий инсонпарвар шоир ва адолатпарвар давлат арбоби нет

Шу кунларда Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги вилоятимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Неча йиллардан бери шоир шахси ва умрбоқий ижодининг мазмун-моҳияти, ўзбек ва жаҳон адабиётида тутган беқиёс ўрни авлодлар қалбидан чуқур ўрин эгаллаган. Чунки ижодкор асарларида илгари сурилган эзгу ғоялар инсонни камолотга етказувчи гўзал хислатлар билан уйғундир.

Бугунги кунда нафақат ўзбек халқининг, балки бутун дунё халқларининг бебаҳо маънавий хазинасига айланган шоир асарларининг улуғворлик хусусияти, уларда илгари сурилган ғояларнинг долзарблиги ҳамиша ўқувчи учун аҳамиятли бўлиб келган.

Жумладан, партиямизнинг устувор йўналишлари ҳисобланган — адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенг­лиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойиллари — ўша даврнинг ўзидаёқ Навоий асарлари ва унинг давлат арбоби сифатида юритган фаолиятида ўз аксини топган.

Шоир ижодини чуқурроқ ўрганган ҳар бир ўқувчи Навоий ўз даврини тараққийпарвар кишилари қатори содда халққа нисбатан зулм-зўрликни йўқотиш, ўзаро феодал урушларнинг олдини олиш, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш, шу йўл билан адолат ўрнатиш учун ғоявий кураш олиб борганлигини гувоҳи бўлади.

Бунинг оддийгина исботи сифатида шоирнинг “Тарихи мулуки ажам” асарини олишимиз мумкин. Навоий 1489-йилда Астрабодда ёза бошлаган ушбу асарида қадимги Эрон подшоҳлари, уларнинг тарихда мухрланиб қолган ибратли ишлари ва шахсиятлари тўғрисида ҳикоя қилади. Унда берилган ибратли ҳикоятлардан бирида Нўширавону Одил (Нўширавон ул-Одил бинни Кубод)нинг тўғри ва адолатли қарор қабул қилиб, ўз халқининг манфаатини кўзлаб иш тутиши баён қилинади.

Ҳикоятда қайд этилишича, бир киши сотиб олган боғидан хазина топиб олади ва боғнинг собиқ эгасига хазинани қайтармоқчи бўлади. Лекин боғ эгаси ҳам ҳалоллик ва тўғриликда харидордан қолишмайдиган инсон бўлиб чиқади ва “мен боғни боғга дахлдор барча нарса билан сотганман ” деб ўз сўзида туриб олади ва хазинани қабул қилмайди. Бундан хабар топган баъзи одамлар хазина подшоҳга таалуқли эканлигини айтадилар. Шундан сўнг бу икки киши Нўширавоннинг ҳузурига борадилар. Одил шоҳ бўлиб ўтган воқеани диққат билан тинглайди ва фуқароларидан фарзандлари ҳақида сўрайди. Бирида ўғил, бирида қиз вояга етганлигини билган шоҳ — иккисини қуда тутинишларини ва хазинани янги оилага инъом қилишларини буюради.

Бу ҳикоя ўқувчига бир қарашда содда сюжет асосига қурилгандай сезилиши мумкин. Лекин воқеани теранроқ англагач, Навоийнинг нақадар дониш ва ҳақиқатгўй фазилатларга эга эканлигини гувоҳи бўлади. Адиб ушбу ҳикоятда фақат уч асосий қаҳрамонни – тўғри сўз харидор, ҳалол сотувчи ва одил шоҳни эътибор майдонига олиб чиқади. Бу уч образ тўқнашуви натижасида эса янги ва ҳалол хазинага эга бўлган оила бунёдга келади.

Менинг назаримда, “тўғри сўз харидор” — ўз фуқаролик позициясини чуқур англаган инсон, “ҳалол сотувчи” – бу биз танлаган очиқ ва ошкора, шаффоф бошқарув усулига таянган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, “одил шоҳ” эса — мамлакатимизда адолатлилик, инсонпарварлик принциплари асосида яратилган миллий қонунчилик тизими, “янги оила” — эса келажаги порлоқ ёш авлоддир.

Қарангки, биз бугунги кунда биргаликда барпо этаётган фуқаролик жамиятини Навоий ўша даврнинг ўзида орзу қилгани ва бу ғояларни ҳикоятлари моҳиятига жо этгани таҳсинга сазовор.

Барчамизга маълумки, партиямиз давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, қонунчилик меъёрларини бузишга, уларни нотўғри ва эркин талқин этишга, тўрачилик, расмиятчилик, коррупцияга йўл қўймаслик тарафдоридир. Айнан ушбу вазифалар Навоийнинг – яъни кучли давлат арбоби фаолиятининг бош йўналишларидан бири бўлган, десак, муболаға бўлмайди.

У бадиий ижодда қанчалик тенгсиз бўлса сиёсий ҳаётда ҳам шунчалик беназир эди. Навоий узоқ йиллар Ҳусайн Бойқаро салтанатида юқори лавозимларда ишлаб, унга доно маслаҳатчи бўла олди ва шоҳнинг ўғиллари орасида авж олган тахт ва юрт талашиб қилган ножўя ҳаракатлари Навоийни қаттиқ ташвишга солди. Шунинг учун у ҳар бир шаҳзодага алоҳида хатлар билан мурожаат қилиб, (Муншаот асарида) мамлакат яхлитлиги учун жон куйдиришга, азалий меъёрларни бузмасликка даъват этади. Айниқса, шаҳзода Бадиуззамонга ёзган бир мактубида шоир эндигина Ироқ ва Курдистон ҳокимлигига тайинланган шаҳзодага давлат бошқарувининг дастури бўладиган ўттиз икки банддан иборат фикрларини тақдим этар экан, шоҳ катта эътибор этувчи қуйидаги вазифаларни алоҳида баён этади:

“Раиятнинг аҳволидан доимо хабардор бўлиб туриш, адолат истаб келганларнинг арзини мунтазам равишда эшитиб, золимларни жазолаш, шоҳ ва фуқаро орасида ўзаро ишонч ва муҳаббатни қарор топтириш; девонда иш юритишни қатъий интизом асосида йўлга қўйиш, таъмагирлик, порахўрлик, сусткашликка йўл қўймаслик.”

Демак, шоир наздида шоҳнинг адолатли бошқаруви мамлакат осойишталиги, ижтимоий-сиёсий барқарорлик, давлат тараққиётининг гаровидир.

Алишер Навоий ўз ижодида яратган одил шоҳ тимсоли, адолат ҳақидаги ғоялари бугун барчамизнинг шууримизга сингиб кетган. Бугун бу обод мамлакатнинг ҳар бир фуқароси Навоийнинг издоши сифатида адолатли фуқаролик жамияти бунёд этмоқда.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Навоий инсонпарвар шоир ва адолатпарвар давлат арбоби was last modified: Февраль 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »