Оқдарёда парламент назорати ўрнатилмоқда

24 Февраль, 15:14 • Депутатлик гуруҳи, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 102 марта кўрилди • Комментариев к записи Оқдарёда парламент назорати ўрнатилмоқда нет

Бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ана шу тарихий ислоҳотлар жараёнида сиёсий партиялар, уларнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этишга интилмоқда.

Жорий йилнинг 16 февралидан – 26 февралига қадар Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар Ш.Палвонов, А.Махматмуродовлар Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида аҳоли билан очиқ мулоқотлар олиб бормоқда. Мулоқотлар чоғида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларига эътибор қаратилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилмоқда. Фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, турли соҳа ва йўналишдаги муаммоларга ечим топиш, баъзиларини жойида ҳал қилиш, айрим масалалар юзасидан тегишли идораларга депутатлик сўрови ва мурожаатлар юбориб парламент назоратини ўрнатиш учрашувларнинг асосий мазмунини ташкил этаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Палвонов учрашувнинг дастлабки куниданоқ Оқдарё тумани “Турон” МФЙ ҳудудидаги аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан очиқ мулоқот қилди, таълим ва мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан танишди, мавжуд муаммоларни ўрганиб, бу борада аҳоли фикр-мулоҳазалари билан қизиқди, камчиликларни ўз жойида ҳал этиш чора-тадбирларини кўрди.

Хусусан, “Турон” МФЙ ҳудудидаги 11-сон мактабгача таълим муассасасининг мавжуд ҳолати, моддий-техник базаси, болалар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди. Маълум бўлишича 3600 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 80 ўринга мўлжалланган 1 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, у ҳам таъмирталаб аҳволда, канализатция тизими ишламайди, муассаса атрофи девор билан ўралмаган, иссиқлик тизими қўлбола печларда амалга оширилиб келинмоқда. Бундан ташқари ҳудудда жойлашган, 300 ўринга мўлжалланган мактабда 380дан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган 4-умумтаълим мактабнинг биноси таъмирталаблиги,  416 нафар ўқувчи таҳсил олаётган Оқдарё хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биноси, айниқса спорт залининг пол қисми таъмирга муҳтожлиги, коллеж кутубхонасини китоблар билан бойитиш кераклиги, транспорт йўналишида ўқитиш учун ўқув кўргазмали восита сифатида машина ва техник жиҳозлари мавжуд эмаслиги, замонавий ахборот техналогиялари билан таъминлаш зарурлиги ҳам ўрганиш жараёнида аниқлангани депутатларни жиддий хулоса чиқаришлари учун асос бўлди. Соҳадаги ушбу камчиликлар юзасидан туман халқ таълимига методик ёрдам кўрсатиш бўлими раҳбарлари билан фикрлашиб ушбу мактабгача таълим муассасаси ҳамда коллежни тўлиқ таъмирлаш давлат дастурига киритилишини таъминлаш ҳақида бир қарорга келди.

Бундан ташқари Турон маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилувчи кўп сонли аҳоли туман газ ташкилоти томонидан суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб беришда йўл қўйилаётган камчиликлар, МФЙ ҳудудидаги Қорахўжа қишлоғига олиб борадиган, қарийб 400 дан зиёд аҳоли мунтазам туман марказига ва бошқа ҳудудларга қатнайдиган 2.5 км масофадаги ички йўл носозлиги, аҳоли учун доимий ноқулайликларни келтириб чиқараётганлиги, ҳудудида электр таъминотини яхшилаш ва қувватини ошириш учун янги трансформатор ўрнатиш лозимлиги юзасидан қилган мурожаатларини депутат ўз назоратига олди ҳамда мутасадди ташкилотларга сўров ва мурожаатномалар чиқарилди. Кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий кўмак кўрсатилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Оқдарё туманидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш борасидаги ўрганишлари давом этмоқда.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Оқдарёда парламент назорати ўрнатилмоқда was last modified: Февраль 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »