Очиқ мулоқотларда очилган масалалар

12 Февраль, 18:25 • Депутатлик гуруҳи, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 310 марта кўрилди • Комментариев к записи Очиқ мулоқотларда очилган масалалар нет

Одамлар билан очиқ мулоқот қилиб, оғирини енгил қилишни асосий вазифа қилиб олган Ўзбекистон “Адолат” СДП Ғузор туман Кенгаши фаоллари кенг аҳоли қатлами орасига кириб, оилаларнинг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишмоқдалар. Президентимиз Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномаларида алоҳида таъкидлаганларидек, аҳолини қийнаётган масалаларни мутасаддилар иштирокида ўз жойида ҳал қилишга интилаяптилар.

Бугун партия фаоллари тумандаги 2-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлиб, ҳомийларни жалб этган ҳолда моддий ёрдм улашдилар.

-“Адолатчи”ларнинг ҳар байрамларда муассасамизга ташриф буюриб, туман маданият бўлими ҳамкорлигида қизиқ-қизиқ  томошалар ташкил этишаётганидан мамнунмиз, — дейди боғча мудираси Зуҳра Раҳматуллаева. — Бу эса болажонларимиз руҳиятида шодлик, завқ-шавқ туйғуларини уйғотмоқда. Кичкина бўлсада, катта эътиборга лойиқ совға саломлардан уларнинг бошлари осмонга етмоқда. Айниқса, депутатларнинг тарбиячилар муаммоларини ҳал этишга кўрсатаётган беғараз ёрдамларидан кўнгиллари тоғдай кўтарилаётир.

Шу куни партия фаоллари ва туман ҳокимлиги тасарруфидаги бир қатор мутасадди идоралар вакиллари Қўштепа маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда одамларга кўмак кўрсатдилар. Шуниси эътиборга лойиқки, партиядошларнинг “Обод уйда пок одамлар яшайди” шиори остида уюштирган ободончилик ҳашарида ўнлаб фуқаролар сидқи дилдан меҳнат қилишди.

— Келажакда бундай анъаналар, одатлар руҳида тарбияланган фарзандларимиздан асло ёмон одамлар чиқмайди, — дейди халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати, Ғузор туманидаги 2-сонли мактаб директори Нодира Рўяпова.

Дарҳақиқат, маҳалла фаоллари билан юзма-юз мулоқотларда одамлар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан қувонаётгани, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамфикр бўлиб, келажакка катта умид билан қараётгани сезилиб турди.

Инсон борки унинг ўзига яраша ташвиши ва муаммолари ҳам тугамайди. Шуни ҳисобга олиб, партиядошлар халқ билан очиқ ойдин мулоқотда бўлиб, муаммолар ечимига биргаликда жавоб топишди.

— Оиламизда суюлтирилган газ баллони масаласида қийинчиликка дуч келаяпмиз, — деди учрашувда маҳалладошлар номидан сўзга чиққан Шаҳноза Йўлдошева. — Бундан ташқари, маҳалламиз кўчалари асфальт қилинмаган. Шу муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдамга муҳтожмиз.

Юзма-юз мулоқотда ўз мулоҳазалари билан иштирок этган Замира Ашурова, Фазлиддин Қахрамонов ва бошқалар ҳам бугунги фаровон ҳаётимизнинг асоси бўлган газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви айрим мутасадди раҳбарларнинг лоқайд ва бефарқлиги туфайли, аҳоли эҳтиёжига яраша етказиб берилмаётганини куюниб гапиришди.

— Албатта, ҳали туманимизда камчиликлар, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар талайгина, — деди партиянинг туман Кенгаши раиси Камолиддин Камолов. — Биз партиямиз фаоллари халқимизнинг ўзи билан биргаликда ана шу муаммоларга ечим топиш, маҳаллаларни янада обод, бозорларимизни арзон, мўл-кўл қилиш, одамларнинг фаровон яшашини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, инсон манфаатларига хизмат қилиш учун бор кучимизни аямаймиз.

Дарвоқе, одамлар билан очиқ мулоқотларда очилган ҳақиқатлар, жумбоқлар депутатлар томонидан умумлаштирилиб, ижросини тез кунда таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Партия фаоллари ва депутатлар аралашуви туфайли 18 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Маҳалла кўчаларини таъмирлаш ва асфальт ётқизиш ишлари ҳам шу йилнинг 4-чорагигача поёнига етказиш чораси белгиланди. Бу иш туман молия бўлими ва ободонлаштириш бошқармаси зиммасига юклатилди. Умуман, учрашувларда фуқароларга банклардан имтиёзли кредитлар олиб, сабзавот экиш, чорвачиликни, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни йўлга қўйиш, шунингдек, лимон, чилонжийда ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадларга эга бўлишлари мумкинлиги юзасидан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти

Кенгаши матбуот котиби

Очиқ мулоқотларда очилган масалалар was last modified: Февраль 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »