Одамлар ишончи энг катта ютуғимиз

17 Февраль, 17:26 • Қашқадарё вилояти, Пленум, Янгиликлар • 295 марта кўрилди • Комментариев к записи Одамлар ишончи энг катта ютуғимиз нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгашининг ХI Пленуми бўлиб ўтди. Қарши шаҳридаги Дон ва дуккакли экинларни текшириш ва тадқиқот институти Қашқадарё филиали мажлислар залида уюштирилган анжуманда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, вилоят Кенгаши фаоллари, партиянинг халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳи вакиллари, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирок этди.

Пленумда дастлаб партиянинг вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи  Рўйиддин Раупов “Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг 2017 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тўғрисида” маъруза қилди.

— Президентимиз алоҳида қайд этиб ўтаётганларидек, одамларни рози қилиш учун юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнларига фаол иштирок этишимиз лозим, -деди Рўйиддин Раупов. -Ушбу эзгу мақсадларга эришишда партия вилоят Кенгаши ўз олдига қўйган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори малакали тиббий ёрдам олиш кафолатлари, одамларга янги иш ўринлари яратиш орқали уларнинг иш билан барқарор таъминланишига эришиш, хотин-қизлар ва ёшларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, ёшларни замонавий таълим  олиш, касб-ҳунар эгаллаш, уй-жойга эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш каби устувор йўналишларда иш олиб борилди.

Ўтган вақт мобайнида партия ташкилотлари томонидан муайян ишлар амалга оширилди. Энг аввало, “Адолат қабулхонаси”га ўтган йили  нажот истаб мурожаат қилган 236 нафар  фуқароларнинг  шикоятлари  қонуний ҳал этилди. Халқ билан юзма-юз мулоқотларда Касби тумани ва Қарши шаҳар Кенгаши аъзолари айниқса, жуда яхши фаолиятни йўлга қўйишди. Олиб борилган барча ишлар натижасида воҳа шаҳар, туманларида 307 та бошланғич партия ташкилоти тузилди. Партия аъзолари сони 10 мингдан  17 минг 456 нафарга ўсди.

Улар орасида эл-юрт ишончига сазовор бўлган нуронийлар, олимлар, ижодкорлар, шифокорлар, ўқитувчилар кўпчиликни ташкил этади. Асосий ижтимоий таркиб эса ишчи ва зиёлилардан иборат.

Партия раҳбари ўз маърузасида шу каби масалалар юзасидан фикр юритар экан, эришилган натижаларга қарамасдан партия аъзоларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаолиятида тубдан бурилиш ясаш, сиёсий жабҳада янгича фаоллик билан иш юритиш лозимлигини қайд этиб ўтди.

Иштирокчилар нотиқ маърузаси юзасидан қизғин муҳокама юритишди. Вилоят партия ташкилотларини республикада биринчи ўринда эътироф этилиши учун фаоллар ўз таклиф ва муносабатларини ошкора тарзда ифода этдилар.

Партиянинг Чироқчи туман Кенгаши раиси Собир Ахмедов  Пленумда сўз олиб, партиядан сайланган депутатлар ўтган йили халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши сессияларида бор йўғи 38 та  масала киритишганини маълум қилар экан, бу қониқарли эмаслигини таъкидлади. Шу билан биргаликда у, аъзолар ва фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта эътибор билан иш олиб борилганлигини билдирди.

Ҳуқуқшунос Норсафар Норматов суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ўз қарашларини ифода этар экан, партиянинг дастуридаги энг муҳим вазифалар биринчи даражали иш эканлигини қайд этди.

— Мен адвокат сифатида кўрдимки, суд-тергов ишларининг юзаки олиб борилиши натижасида жуда кўп фуқаролар ноҳақ озодликдан маҳрум этилган, -деди Норсафар Норматов. — Биз партия фаоллари бугун ана шу айбсиз 15 йилдан 18 йилгача  озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар тақдири ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз лозим.

— Партиянинг ёшлар ўртасида ташкил этаётган оммавий-сиёсий тадбирлари, айниқса зиёлилар билан уюштирилаётган жонли мулоқотлар эртанги кун эгаларининг сиёсий савиясини оширишда аҳамияти катта бўлаётир, — деди Китоб туманидаги 81-мактаб директори Ҳаким Олимов.

Пленумда партия аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки орқали ҳалқ ишончига сазовор бўлинаётгани эътироф этилиб, партиявий-ташкилий ишлар Муборак, Миришкор, Қамаши туманларида бу борадаги фаолият қониқарли эмаслиги танқид остига олинди.

Шунингдек, анжуманда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нодира Рўяпованинг “Халқ депутатлари  вилоят Кенгаши депутатлари фаолияти юзасидан ҳисоботи тўғрисида”, партия вилоят Кенгаши бош ҳисобчиси Гулчеҳра Бўриеванинг “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2017 йилдаги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларининг ижроси ҳамда 2018 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари бўйича ахбороти тўғрисида”, партиянинг Ғузор туман Кенгаши раиси Камолиддин Камоловнинг “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони, адолат-ҳар бир инсон учун” номли сайловолди дастурини амалга ошириш юзасидан 2018-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги маърузалари ҳам тингланди.

Анжуманда партия Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров сўзга чиқди.

— Президентимиз 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда сиёсий партиялар олдига бир қатор вазифаларни қўйган эдилар, — деди Наримон Умаров. — Биз ана шу ўта муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда дастур ишлаб чиқдик. Республикадаги барча партия ташкилотларида ана шу белгиланган вазифалар асосида ишлар ташкил этилаяпти. Бу борадаги амалга оширилган ишларимиздан энг асосийларидан бири бу ҳар ҳафта партия фаоллари ва депутатларнинг одамлар билан юзма-юз мулоқот ўтказаётганидир. Албатта ушбу мулоқотларда фуқароларни қийнаб келаётган кўпгина масалалар ҳал этилаяпти. Бу борада “Адолат қабулхонаси” ташкил этилгани ҳам нур устига аъло нур бўлди. Негаки, фуқаролар мурожаатлари “Адолат қабулхонаси” орқали ҳал этилса, партиянинг обрўси ортади. Мана биргина Қашқадарё вилоятини оладиган бўлсак, ўтган йили “Адолат қабулхонаси”га мурожаат қилган 350 нафардан ортиқ фуқароларнинг 236 нафарининг мурожаатлари ижобий ҳал этилиб, қолганларига эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Вилоятда депутатлик гуруҳлари фаолияти қаноатланарли эмас. Президентимиз сиёсий партияларга назорат сифатида фаолият олиб боришлари учун давлат бошқаруви органларини белгилаб берган эдилар. Бизнинг сиёсий партиямизга соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимида кечаётган ислоҳотларни мунтазам ўрганиб бориш вазифаси кўндаланг қилиб қуйилди. Мен Вилоят партия ташкилотлари ва депутатларнинг бу борадаги ишларини ҳам қониқарли деб айта олмайман. Энг ачинарлиси ўтган йил давомида сиёсий куч тизимида архив иши бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Бироқ вилоятдан сайланган 62 нафар депутатни бирлаштирган вилоят партия ташкилотлари намунали иш олиб бора олмадилар. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашидаги депутатлар ўз ҳудудларида бўлиб ўтган сессияларда архив иши бўйича бир Касби туманини ҳисобга олмаганда бирорта ҳам масала киритилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари партиямизнинг бир қатор лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам бугунги кун талабига жавоб бермайди. Агар эътибор қилиб қарасангиз муаммолар кўп. Жуда кўп қишлоқ, маҳаллаларда ички йўллар носоз. Тоза ичимлик суви, газ балонлари таъминотидан фуқаролар азият чекмоқда. Баъзи партия ташкилотларимиз эса бу жумбоқларни бартараф этишда  одамларга кўмаклашиш ўрнига бефарқ ёндашаяптилар.

Вилоятда партия ташкилотлари ишини кучайтириш зарур. Биринчи навбатда белгиланган режаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш лозим. Шунингдек, депутатлар ишини тубдан яхшилаш даркор. Партия лойиҳаларини кенг тарғиб этиш ҳам сиёсий кучнинг сайловда муваффақият қозонишига замин ҳозирлайди. Аъзолик бадал тўловларини ҳам сўзсиз бажарилишини таъминлаш лозим.

Пленумда Наримон Умаров аъзоликка қабул қилинган фуқароларга “Аъзолик билет”ларини тантанали равишда топширди.

Пленум сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан керакли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, вилоят партия ташкилотлари олдида турган келгусидаги мақсад ҳамда вазифалар белгилаб олинди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти

Кенгаши матбуот котиби

Одамлар ишончи энг катта ютуғимиз was last modified: Февраль 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »