Қорақалпоғистонда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” аниқланди

19 Февраль, 16:54 • Аёллар қаноти, Қорақалпоғистон Республикаси, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 160 марта кўрилди • Комментариев к записи Қорақалпоғистонда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” аниқланди нет

Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ давлатимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, аёлларни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг мавқеларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ана шу тарихий ислоҳотларда юртимиз хотин-қизлари ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаравонлигига ва она-Ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши ҳам бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, аёллар масаласини устувор вазифалар сарасига киритди.

Партия сафидаги аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларни амалга оширилиши натижасида, бугун партия ҳудудий Кенгаши аъзоларининг 50 фоизини аёллар ташкил қилмоқда.

Партия сафидаги сиёсий етук, билимли ва тажрибали хотин-қизлар ўтган депутатлик сайловларида ҳам фаол иштирок этиб, сайлов натижасига кўра, маҳаллий Кенгашларига партиядан жами 14 та хотин-қизлар депутат бўлиб сайланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” Кенгаши ташаббуси билан ўтказилиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг мақсади ҳам партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш, партия тизимида оқила ва фаол аёллар сонини кўпайтириш, уларнинг тажрибасини кенг тадбиқ қилишдир.

Жорий йилнинг 17 февраль санасида мазкур танловнинг ҳудудий яъни Қорақалпоғистон Республика босқичи Нукус шаҳридаги 22-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида бўлиб ўтди.

Танловда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши ижроия қўмитаси, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ҳудуддаги “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”ни аниқлаш, ғолиба, совриндор ва иштирокчиларни рағбатлантириш аёлдаги ташаббускорлик, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлиги, сиёсий саводхонлик, умум башарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, амалга оширган лойиҳалари, ҳамкорлик ишлари жамоатчилик томонидан эътироф этилишига оид маълумотларни таҳлил этиш ва баҳолаш асосида амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси босқичида партия Қорақалпоғистон ҳудудий ташкилотининг “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси Улбосын Сейтжанова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини талабчанлик билан баҳоладилар. Кўрик-танловнинг биринчи шарти бўйича баҳолар якуний босқичдан аввалроқ, яъни иштирокчилар аввалдан тақдим этган ҳужжатлар (альбомлар, слайд, диск, нашр қилинган мақолалар, тавсифнома каби) асосида қўйилди.

Иштирокчилар қолган 3 та шарт бўйича қобилиятларини томошабинлар олдида намойиш қилишди. Танловнинг биринчи шартида ўз-ўзини, яшаётган ҳудудини (тарихи, санъати, урф-одатлари, туғилган жойининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида) таништириш тўғрисидаги шарти қизиқарли ва сермазмун ўтди.

Қатнашчиларнинг фикрича, танловнинг иккинчи босқичида энг мураккаб бўлган шарти — меёърий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги савол-жавоблар, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини демократлаштириш бўйича жорий этилган ислоҳотларга баҳо бериш, деб ҳисобланди.

-Ушбу танловда иштирок этиш учун таёргарлик жараёнида ўзимнинг ҳуқуқий-сиёсий билимларимни янада бойитишга муваффақ бўлдим. Сабаби, танловнинг иккинчи шарти сиёсий билимлар билан боғлиқлиги, мени кўпроқ изланишга чорлади -дейди, танлов иштирокчиси Қўнғирот туман 5-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Умийда Жумабаева.

Тадбир якунида Тўрткўл туманидан “Шўрахан” ОФЙ маслаҳатчиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ўрингул Аллабергенова ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди.

Элликқаъла туманидан Бўстон ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази раҳбари Гуласал Каримбаева иккинчи, Қораўзак туманидан 9-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Сарсенгул Сайимова ва Нукус шаҳридан 38-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Айжамал Жиемуратовалар учинчи ўринларни эгаллади.

Танлов ғолиблари ва иштирокчилар Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгашининг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шарипа ТОРЕШОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши бош мутахассиси

Қорақалпоғистонда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” аниқланди was last modified: Февраль 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »