Озод ва обод Ватанга бахшида умр

5 Февраль, 14:59 • Муносабат, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 142 марта кўрилди • Комментариев к записи Озод ва обод Ватанга бахшида умр нет

Инсон дунёда умргузаронлик қилар экан, номи мангу қолишини, миллати, халқи уни яхши сўзлар билан ёд этишини орзу қилади. Бу йўлда не-не фотиҳлар юртларни босиб олиб, номини тарих зарварақларига битиш ҳаракатида бўлдилар. Бироқ, бундай мақомга эга бўлиш, миллионлар қалбидан жой олиб, инсонлар хотирасида абадий яшаб қолиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ана шундай бахтга ўз меҳнати, жасорати ва шижоати билан ҳақли равишда эришган буюк шахсдир.

Бирин-кетин Қозон, Бухоро, Хива хонликлари Ўрусия томонидан ёвузлик билан босиб олингач (милодий 1870 йил), бу давлатлар ўз мустақиллигидан мосуво бўлганликлари тарихга рақам этилган.

Бу тобелик то 1990 йилларгача давом этгани маълум. Шу давр ичида халқимиз бошига тушган азоб-уқубатлар, қатағонлар, динимиз, қадриятларимиз оёқости этилиши тарихан эгилмас бўлиб яшаган юрт фарзандларининг юрагига санчилган ўқ каби эди.

Ниҳоят, 1991 йилларга келиб Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришди. Бу озодликнинг илк пойдевори Ўзбекистон Республикасининг ўша пайтдаги раҳбари Ислом Каримов бошчилигида қад ростлади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон мустақиллиги, мадҳияси, байроғи, ўз тилининг давлат тили мақомига эга бўлиши, динга бўлган эътиборнинг ўзи ўша даврда Ислом Каримов кўрсатган жасорат ва шижоатнинг олий намунасидир. Мустақиллик пойдевори баланд тикланиб, халқимиз унга суянган ҳолда қаддини ростлаб, ўз юртига, ўз уйига ўзи эгалиқ қилгани дунёга аёндир.

Оллоҳнинг марҳамати билан ўзбек халқига насиб этган ана шундай мард, теран фикрли, узоқни кўра олувчи сарбон халқи, миллати қалбида абадий қолажак!

Бу йил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ташкилий қўмита раиси  А. Арипов томонидан 2017 йил 12 декабрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш бўйича тадбирлар режаси”га кўра, барча муассасаларда хотира ва эҳтиром тадбирлари ўтказиляпти.

Шу муносабат билан ТТА Урганч филиалида “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” мавзусида филиал профессор ўқитувчилари ва талабалари иштирокида хотира тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга меҳнат фахрийлари, бевосита Ислом Каримов билан учрашиш, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлган замондошларимиз таклиф этилдилар.

Тадбирни филиал директори, тиббиёт фанлари доктори Рашид Рузибоев кириш сўзи билан очар экан, Биринчи Президентимизнинг миллат учун, баркамол авлод келажаги учун амалга оширган ишлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир меҳмонлари – Ўзбекистон қаҳрамони Анора Маҳмудова, меҳнат фахрийлари Ганжа Ортиқов, Амин Вафаев, Атабай Раҳимовлар қатнашувчиларга ўз хотираларини гапириб беришди.

Хотира уйғонса, гўзалдир деган ибора нечоғлик тўғри эканлиги шу ерда ўтирган ҳар бир иштирокчининг қалбидан ўтган бўлса ажаб эмас.

Ислом Каримовнинг суҳбатдошини тинглай олиши, эътиборлилиги, ҳар қандай вазиятдан босиқлик ва вазминлик билан чиқа билиши, самимийлиги, узоқни кўра олиш қобилияти, жасурлиги акс этган воқеаларни тинглаган, унинг ҳаёт йўлига бағишлаб ишланган видеофильмни катта ҳаяжон, кўзда ёш билан томоша қилган иштирокчилар нақадар буюк зот билан замондош бўлганликларини англаб етганлари муқаррар.

Хоразм Маъмун академиясининг катта илмий ходими Баҳром Саъдуллаев, ТТА Урганч филиали катта ўқитувчиси Наргиза Ҳудойқуловаларнинг Биринчи Президент ҳақидаги маърузалари тингланди.

Тадбир сўнггида филиал талабалари ўртасида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган иншолар танлови ғолиблари эълон қилиниб, маъмурият томонидан мукофот ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Вақтлар ўтиши билан узоқ ва яқин тарихда рўй берган воқеа-ҳодисалар унутилиши табиий. Лекин, миллионлар қалбидан чуқур жой олган шахслар, воқеалар, кунлар ҳам бўладики, улар авлодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтаверади, ҳеч қачон хотирадан ўчмайди. Дунёга Ислом Каримов номи билан танилган Биринчи Президентимиз, у кишининг қилган ишлари ана шундай ўлмас хотиралар сирасига киради.

Бугунга келиб бутун мамлакатимизда бўлаётгани каби Хоразмда ҳам амалга оширилаётган хайрли, тизимли олиб борилаётган ишлар юқорида тилга олинган пойдеворнинг эндиликда нақадар юксак кошонага айланаётганини дунёга маълум этажак.

Унинг келажаги бундан-да зиёда бўлишини ҳаёт кўзгусининг ўзи яққол кўрсатиб турибди.

Д.ОЛИМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят “Аёллар қаноти”  Кенгаши раиси

ТТА Урганч филиали кафедра мудири,  доцент  

Озод ва обод Ватанга бахшида умр was last modified: Февраль 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »