Пленум: ишга хоҳиш ва масъулият билан ёндошмоқ зарур

20 Февраль, 17:33 • Пленум, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 114 марта кўрилди • Комментариев к записи Пленум: ишга хоҳиш ва масъулият билан ёндошмоқ зарур нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгашининг ХVIII Пленуми бўлиб ўтди. Термиз шаҳридаги Касаба уюшмалари мажлислар залида уюштирилган анжуманда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, вилоят Кенгаши фаоллари, партиянинг халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳи вакиллари, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Пленумда дастлаб партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев “Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг 2017 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тўғрисида” маъруза қилди.

— Барчамизга маълумки, 2017 йилда Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида кенг кўламли тарихий ўзгаришлар рўй берди, бунда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли манфаатларини амалда таъминлашга қаратилди, — деди Рустам Ҳамраев. –Давлатимиз раҳбари маърузасида билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ҳисобот даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига эътибор қаратиш ҳамда ёш олимлар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ечиш бўйича партия томонидан амалий чоралар кўрилди. Жумладан, вилоят тиббиёт бирлашмаси, вилоят ўрта махсус таълим бошқармаси ҳамда вилоят халқ таълими бошқармалари, вилоят Ёшлар иттифоқи, вилоят адлия бошқармаси, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик Меморандумлари имзоланиб, улар доирасида амалга ошириладиган вазифаларни бажариш учун ишчи гуруҳлари шакллантирилди ҳамда иш режалари тасдиқланиб, бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

2017 йилда амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратилди. Бунинг натижасида партиянинг аҳоли орасига кириб бориши, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиши ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида 1458 та тадбир ташкил этилган бўлиб, уларга 37121 нафар аҳолининг кенг қатлами, жумладан ёшлар қамраб олинди, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 3,5 мартага ошди.

Ҳисобот даврида вилоят бўйича 433 та маҳалладаги 6 минг 778 та хонадон ва 368 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 1 минг 403 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан 421 та депутатлик сўровлари юборилиб, 221 таси ижобий ечимини топди. 200 та мурожаатлар жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.

Йил давомида депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари сессияларига умуман масала киритилмади, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига эса 13 та Термиз шаҳар (2), Жарқўрғон (4), Узун (2), Олтинсой (2), Ангор (1), Сариосиё (1) ҳамда Денов (1) туман Кенгашлари сессияларига масала киритишга эришилди.

Бойсун, Қизириқ, Шўрчи, Термиз туман Кенгашлари депутатлик гуруҳлари томонидан эса йил давомида сессия йиғилишларига умуман масала киритилмаган.

Бойсун туманидаги партиянинг маҳаллий Кенгашлари депутатлари фаолиятига танқидий баҳо берадиган бўлсак, биргина ўтган йил давомида партиявий лойиҳалар доирасида амалга оширилган ўрганишларни якуний, финал қисми ҳисобланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масалалар киритиб, партия манфаатларини ҳимоя қилишдаги ташаббускорлиги етишмаганлиги, афсуски, тумандаги кўрсаткичларига ўз салбий таъсирини кўрсатди.

Шу муносабат билан партия ва халқ депутатлари Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг иш услубини тубдан ўзгартиришни, жумладан, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф қилишда фаол иштирок этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасидаги ташаббускорликни ошириш кун тартибимиздаги энг устувор вазифа этиб белгилаб олинди.

Маърузада билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, белгилаб берилган устувор вазифаларга асосланиб, 2017 йилда йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, 2018 йилда амалга оширадиган ишларни партиянинг дастурий мақсад ва ғояларидан келиб чиқиб режалаштириш ва унинг ижросини таъминлаш асосий мақсад эканлиги белгилаб олинди.

Шунингдек, анжуманда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Қизларшой Раҳматованинг “Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари фаолияти юзасидан ҳисоботи тўғрисида”, партия вилоят Кенгаши бош ҳисобчиси Элмурод Тошқуловнинг “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2017 йилдаги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларининг ижроси ҳамда 2018 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари бўйича ахбороти тўғрисида”, маърузалари ҳам тингланди.

Анжуманда партия Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров сўзга чиқди.

— Президентимиз 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда сиёсий партиялар олдига бир қатор вазифаларни қўйган эдилар, — деди Наримон Умаров. — Биз ана шу ўта муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда дастур ишлаб чиқдик. Республикадаги барча партия ташкилотларида ана шу белгиланган вазифалар асосида ишлар ташкил этилаяпти. Бу борада амалга оширилган ишларимиздан энг асосийларидан бири бу ҳар ҳафта партия фаоллари ва депутатларнинг одамлар билан юзма-юз мулоқот ўтказаётганидир. Мулоқот жараёнларида маълумотлар йиғиш керак. Соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар қандай? Нима учун дорихоналарда нарх-наво ошиб боряпти?

Тан олиш зарур, вилоятда депутатлик гуруҳлари фаолияти қаноатланарли эмас. Президентимиз сиёсий партияларга назорат сифатида фаолият олиб боришлари учун давлат бошқаруви органларини белгилаб берган эдилар. Бизнинг сиёсий партиямизга соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимида кечаётган ислоҳотларни мунтазам ўрганиб бориш вазифаси кўндаланг қилиб қуйилди. Мен Вилоят партия ташкилотлари ва депутатларнинг бу борадаги ишларини ҳам қониқарли деб айта олмайман. Вилоятда партия ташкилотлари ишини кучайтириш зарур. Биринчи навбатда белгиланган режаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш лозим.

Пленумда Наримон Умаров аъзоликка қабул қилинган фуқароларга “Аъзолик билет”ларини тантанали равишда топширди. Шунингдек, фаолиятида яхши кўрсаткичларга эришган партия вакилларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Пленум сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан керакли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, вилоят партия ташкилотлари олдида турган келгусидаги мақсад ҳамда вазифалар белгилаб олинди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилояти

Кенгаши матбуот котиби

Пленум: ишга хоҳиш ва масъулият билан ёндошмоқ зарур was last modified: Февраль 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »