Пленум иши: фаолиятга янгича ёндашишни талаб этади

21 Февраль, 11:18 • Пленум, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 209 марта кўрилди • Комментариев к записи Пленум иши: фаолиятга янгича ёндашишни талаб этади нет

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг Х Пленуми бўлиб ўтди. Пленум ишида Тошкент шаҳар партия кенгаши аъзолари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва ҳудудий Кенгаш депутатлари, электорат вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Тошкент шаҳар партия Кенгашининг 2017 йилдаги фаолият якунлари танқидий таҳлил қилиниб, партия ишини бугунги кун талаблари  асосида кучайтириш ва демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида шаҳар партия кенгаши олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Кун тартибидаги асосий масала Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг 2017 йилдаги фаолияти юзасидан шаҳар Кенгаши раиси Равшан Талипов маърузаси тингланди.

— 2017 йилда амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратилди — деди маърузачи. Бунинг натижасида партиянинг аҳоли орасига кириб бориши, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиши ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида қарийб 400 мингдан ортиқ иштирокчи қамраб олинди, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 2,5 мартага ошди.

 Хусусан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида  партиянинг барча туман Кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.

 Бундан ташқари, “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида депутатлик корпуслари ҳамда фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоатчилик назорати тартибида шаҳар кўчалари ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштириш ҳамда ёшлар тарбиясида тиббий маданиятни шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Партиянинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори!” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари республика миқёсида сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этилди. Унда аҳолининг турли қатламлари билан бевосита жойларга чиқиб қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини маҳалла фуқаролари, айниқса, ёшларга тушунтириш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ислоҳотлардан хабардор қилиш, жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва бу борада маҳалла институтига яқиндан ёрдам беришга қаратилган туркум ўқувлар ўтказилди.

Танқидий руҳда ўтказилган Пленум ишида эришилган ижобий натижалар қаторида шаҳар партия ташкилоти ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаётгани ҳам қайд этилди.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ўтган йил давомида аҳолининг мурожаатари асосида масъул ташкилотларга депутатлик сўрови киритиш ваколатидан унумли фойдаланган бўлса-да, маҳаллий Кенгаш сессиясига атиги битта масала киритганлиги депутатларимизда ташаббускорлик етишмаганини кўрсатади.

Пленумда 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтказилган сайловда партиямиздан пойтахт туманлари маҳаллий Кенгашларига атиги 37 нафар депутат сайланишига эришилганлиги партия тузилмалари сайлов кампаниясида аҳоли билан етарлича мулоқот олиб бормаганлиги, тарғибот-ташвиқот ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги натижаси сифатида танқидий баҳоланди.

2017 йилда партия томонидан ўтказилган тадбирларда 52 мингга яқин фуқароларимиз иштироки қайд этилган. Бугунги кунда партиямиз аъзоларининг 45 фоиздан ортиғини хотин-қизлар, 45 фоизини эса 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Шундай экан, Тошкент шаҳар Кенгашининг “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар”нинг аъзолари  сиёсий фаоллигини ошириш йўлида тинимсиз меҳнат қилиш лозимлиги таъкидланди.

2017 йил  давомида партиянинг Тошкент шаҳар туман Кенгашлари томонидан жами 789 та тадбир ташкиллаштирилди. Тадбирлар ўтказиш бўйича энг яхши кўрсаткич Миробод туманига (94) тегишли.

Энг кам тадбир ўтказган туманлар эса Мирзо Улуғбек  (32), Бектемир (29) ва “Ёшлик талабалар” шаҳарчаси (28) туманлари ҳисобланади.

2017 йил давомида БПТлар сони Республика бўйича 34 тага ўсиб 341 тадан 375 тага етди. Ҳисобот даврида БПТлар сони ўсиши кўрсаткичи бўйича Шайхонтоҳур тумани 6 та БПТ билан энг яхши кўрсаткични қайд этган. БПТлар ўсиш сони бўйича энг паст кўрсаткични М.Улуғбек (3 та), Яшнобод (2 та) ва “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси Кенгаши эгаллаган.

Айрим ҳудудларда аҳоли ўртасида ўтказилган тадбирлар сони ва сифатини талаб даражасида эмаслиги аён бўлмоқда. Хусусан, Мирзо Улуғбек, Бектемир, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси, Яшнобод, Сергели туман кенгашларининг бу борадаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Натижада Мирзо Улуғбек туман ва “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси кенгашлари бошланғич партия ташкилотлари сони ва аъзолар сафини кенгайтириш, тадбирлар самарадорлигини ошириш каби партиявий ишларда сусткашликга йўл қўйилгани, айниқса, 2017 йил Давлат дастури ҳамда 2017 йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишидаги танқидий фикрлардан хулоса чиқарилмагани сабабли “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси кенгаши раиси Ш.Сатторов лавозимидан озод этилди ва Мирзо Улуғбек туман Кенгаши раиси А.Яхъяевани вазифасидан озод этиш масаласи кўрилди.

Анжуманда бу каби хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, тизимда кадрлар салоҳиятини ошириш, партия ходимларининг масъулиятини кучайтириш ҳақида сўз юритилди ҳамда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Пленум ишида ташкилий масала кўрилиб, унда партия Тошкент шаҳар Кенгаши Ташкилий ва Мафкуравий ишлари бўйича раис ўринбосарлари ўз вазифасидан озод этилди.

Анжуманда 2017 йил намунали кўрсаткичка эришган Миробод ва Юнусобод туман Кенгашлари, фаол депутатлар ҳамда намунали бошланғич партия ташкилотларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Пленум якунида 2018 йилга мўлжалланган партиявий лойиҳалар таъсирчанлигини ошириш, бошланғич партия ташкилотлари етакчиларининг сиёсий билимларини бойитиш, фаолиятини кучайтириш, ижтимоий шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу билан биргаликда юқорида қайд этилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда жорий йилдаги фаолиятга янгича ёндашиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Санжар САИДОВ,

партия Тошкент шаҳар Кенгаши мутахассиси

 

 

 

Пленум иши: фаолиятга янгича ёндашишни талаб этади was last modified: Февраль 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »